ДЎСТЛИК ТУМАНИ — Жиззах вилоятидаги туман. 1970 й. 16 окт. да ташкил этилган. Дўстлик тумани вилоятнинг Зафаробод, Мирзачўл, Пахтакор, Фориш туманлари б-н чегарадош. Майд. 0,45 минг км2. Аҳолиси 48,9 минг киши (2000). Дўстлик туманида 1 шаҳар (Дўстлик) ва 8 қишлоқ фуқаролари йиғини (Боғзор, Бунёдкор, Истиқлол, Мевазор, Наврўз, Саритепа, Янгиобод, Қаҳрамон) бор. Маркази — Дўстлик ш.
Табиати. Дўстлик тумани ер юзаси асосан текислик, қисман қир ва адирлардан иборат. Иқлими кескин континентал. Июлнинг ўртача т-раси 28—30°, янв. ники —2° дан —4° гача. Вегетация даври 220—230 кун. Д. т. ни Жан. Мирзачўл каналининг чап тармоқлари кесиб ўтган. Тупроғи унумдор бўз тупроқ. Баъзи ерларни шўр босган. Тупроқнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирлари кўрилмоқда. Ёввойи ўсимликлардан коврак, оқкурай, янтоқ, туяқорин, қамиш ва б. ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан бўри, тулки, илон, тошбақа, калтакесак ва ҳ. к. яшайди.
Аҳолиси — асосан ўзбеклар, шунингдек, рус, қозоқ, татар ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 108 киши. Шаҳарликлар 16 минг киши, қишлоқ ахолиси 32,9 минг киши.
Хўжалиги. Дўстлик туманида ўндан ортиқ ширкат хўжалиги бўлиб, асосан пахта, ғалла, мевасабзавот, гўшт, сут етиштирилади. Суғориладиган ер майд. 32,6 минг га, шундан 17 минг га ерга пахта, 12 минг га ерга ғалла экилади. Туманда 350 дан зиёд деҳқон фермер хўжалиги, 80 дан ортиқ фирма ва кичик корхона, 2 қўшма корхона, ўсимлик мойи ишлаб чиқарувчи «Эл», «Эрк», «Hyp» фирмалари, МТП, 120 дан ортиқ маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, 45 савдо дўкони фаолият кўрсатмоқда.
Туманда тиббиёт билим юрти, бизнес мактаби, лицей, 17 умумий таълим мактаби мавжуд. Теннис корти, 16 спорт мажмуаси, 17 кутубхона, 150 ўринли марказий касалхона (туманлараро жарроҳлик маркази фаолият кўрсатмоқда), 9 қишлоқ врачлик ам-булаторияси аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Туман марказида Хотира майдони барпо этилган. «Дўстлик» т. й. станцияси бор. Дўстлик—Тошкент, Дўстлик — Самарқанд, Дўстлик—Жиззах, Дустлик — Гулистон, Дўстлик — Арнасой йўналишларида автобус ва такси қатнови йўлга қўйилган. «Дўстлик байроғи» туман газ. 1000 нусхада мунтазам чоп этилади.