ФУҚАРОЛИК ҲОЛАТИ ҲУЖЖАТЛАРИ — қонунда белгиланган давлат органларида қайд этилиши зарур бўлган ҳуқуқий далолатномалар; улар инсон ҳаётидаги асосий воқеалар б-н боғлиқ бўлади. Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 38моддасига кўра, қуйидаги Фуқаролик ҳолати ҳужжатлари давлат томонидан қайд этилиши керак: туғилиш; ўлим; никоҳ тузилганлиги; никохдан ажралиш. Шунингдек, фарзандликка олиш, оталикни белгилаш, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш, жинснинг ўзгартирилиши каби фукаролик ҳолатлари юқоридаги ҳолатларни белгиловчи ҳужжатларга тегишли ёзувларни киритиш орқали амалга оширилади. Фуқаролик ҳолати ҳужжатларини шаҳар ва туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФХДЁ) бўлими ёки маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари рўйхатга олиб боради. Фуқаролик ҳолатларини қайд этиш ёзувларини бекор қилиш ва қайта тиклаш ФҲДЁ идоралари томонидан суд қарорларига асосан амалга оширилади (яна қ. Туғилганлик ҳақида гувоҳнома, Никоҳ, Никоҳни бекор қилиш).