ГЕМОРРАГИК ДИАТЕЗ (юн. hai-morrhagikos — қон кетишига мойил, diathesis — мойиллик ) — қон кетишига мойиллик билан давом этадиган турли ҳолатлар (тери, бўғимларга қон қуйилиши; бурун, милк қонаши, бачадон, буйракдан қон кетиши, пичоқ кесганда, тиш оддирганда кўп қон кетиши). Арзимаган сабаб (мас, кичик жароҳат ёки лат ейиш) билан тўсатдан қон оқиши ёки тўқимага қуйилиши мумкин. Геморрагик диатезда анчагина тўқималарга бир талай қон қуйилади, қон кетиши эса узоқ давом этиб, ҳадеганда тўхтатиб бўлмайди. Тўқималарга қон қуйилганда, мас, тери ва шиллиқ қаватларда майдамайда нуқталар пайдо бўлади ёки улар «қонталашиб» қолади. Қон ивиш жараёни ҳамда томир девори ўтказувчанлигининг бузилиши натижасида рўй беради. Геморрагик диатез ирсий (қ. Гемофилия) ёки ҳаётда орттирилган бўлиши мумкин. Ирсий Геморрагик диатез яқин қариндошлар никоҳидан туғилган болаларда кўпроқучрайди. Ҳаётда орттирилган Геморрагик диатез қон тизими касалликларининг асорати бўлиши ва турли ёшдаги кишиларда учраши мумкин. Кўп қонаш ҳолати қоннинг ивиш хусусиятини пасайтирадиган дорилар қабул қилинганда, шунингдек организмда витаминлар (хусусан, аскорбин кислота ва рутин) етишмаганда, овқат таркибида янги сабзавот ва мевалар бўлмаган ҳолларда ҳам кузатилади. Касаллик сабабини фақат врач аниқлаб, даво тайинлайди. Геморрагик диатез витамин етишмаслиги окибатида юзага келган бўлса, аскорбин кислота ва рутинга бой овқатлар (янги олма, қора смородина, наъматак, цитруслар ва б.) ейиш тавсия этилади. Касалликнинг олдини олиш учун тиббиёт-генетика маслаҳатхонаси мутахассисларига учрашиш; ҳаётда орттирилган хилида юзага келтирган омилларни бартараф этиш лозим.