ГЕОГРАФИК УЗОҚ ШАКЛЛАРНИ ДУРАГАЙЛАШ — ҳар хил географик тур, туркум ва улардан юқори таксономик бирликларга мансуб бўлган ўсимликларни чатиштириш; дурагайлаш турларидан бири. Географик узоқ шаклларни дурагайлаш тур ичида, турлараро ва туркумлараро дурагайлашга бўлинади. Тур ичида Географик узоқ шаклларни дурагайлаш — бир тур миқёсида экологик-географик узоқ навларни ёки турнинг маданий ва ёввойи вакилларини чатиштиришдан иборат. Бу дурагайлаш конгруент (ота-оналар бир хил геномга эга) чатиштиришга киради (нусхаларни чатиштириш осон бўлади ва олинган дурагайлар наел беради). Бундам дурагайлашдан қ. х. экинлари селекциясида навларнинг касалликларга чидамли ва б. қимматли хўжалик белгиларини яхшилаш ишларида фойдаланилади. Чунончи бир йиллик перу гўзасини Перудан олинган кўп йиллик ғўза билан чатиштириб ингичка толали ғўзанинг фузариоз вилтга чидамли навлари яратилган. Мексика ғўзаси навларини унинг ёввойи кенжа тури — мексиканум нервозум билан чатиштириб, вертициллёз вилтга чидамли Тошкент навлари яратилган. Турлараро Географик узоқ шаклларни дурагайлаш ҳар хил турга мансуб ўсимликларни чатиштириш, янги нусхалар олишда муҳим манбадир. Бу усул маданий ўсимликлар селекциясида самарали қўлланилади. Буғдой, кунгабоқар, картошка, тамаки, ғўза ва б. экинларнинг куплаб навлари шу усулда яратилган. Турлараро дурагайлаш инконгруент (ота-она нусхалар хромосомалари йиғиндисининг мос келмаслиги, улар сонининг ҳар хиллиги ёки цитоплазмага боғлиқ бўлган тафовутлар мавжудлиги) чатиштиришлар гуруҳига киради ва бундай дурагайлашда (генетик ва физиологик номутаносиблик туфайли) уруғ кам ҳосил бўлади. Бу ҳодиса негизида кўпайиш органлари тузилишидаги номувофиқликлар туфайли чанг найчалари билан уруғчи тумшуқчаси тўқимасининг номутаносиблиги, турларнинг тараққиёти жараёнида хромосомалар структурасининг ўзгариши ва генетик номутаносибликнинг келиб чиқиши, ривожланишининг турли босқичларида муртакнинг нобуд бўлиши сингари турли-туман сабаблар ётади.
Туркумлараро Географик узоқ шаклларни дурагайлаш — бир оилага мансуб айрим туркумлар вакиллари чатиштирилади. Дурагай уруглар олиш усуллари ишлаб чиқилмагани сабабли Географик узоқ шаклларни дурагайлашнинг бу хили ўсимликлар селекциясида қўлланилмайди (қ. Дурагайлаш).
Султонмурод Норимов.