ҲУНАРМАНДЧИЛИК

ҲУНАРМАНДЧИЛИК, ҳунармандлик — миллий-анъанавий майда товар ишлаб чиқариш, оддий меҳнат қуроллари ёрдамида якка тартибда ва қўл меҳнатига асосланган саноат тури; шундай маҳсулотлар тайёрланадиган касбларнинг умумий номи. Йирик саноат и. ч. и вужудга келишига қадар кенг тарқалган, айрим соҳалари кейин ҳам сакланган. Кам ривожланган мамлакатларнинг халқ хўжалигида ҳозир ҳам муҳим ўрин эгаллайди.

Ҳунармандчилик инсоннинг и. ч. фаолияти билан вужудга келиб, жамият ривожланиши давомида аста-секин деҳқончилик ва чорвачиликцан ажралиб чиқди, турли ижтимоийтарихий даврлар доирасида техника ривожи билан алоқадор ҳолда такомиллаша борди, турли ихтисосликлар (кулоллик, дурадгорлик, темирчилик, мисгарлик, бинокорлик, тоштарошлик, ўймакорлик, каштадўзлик, кўнчилик, тикувчилик, тўқувчилик, заргарлик, дегрезлик, рихтагарлик, зардўзлик, бўёқчилик, кемасозлик, тунукасозлик ва б.)га ажралди. Ҳунармандчилик қандай табиий ресурсларнинг мавжудлигига қараб, мас, пахта ва пилла бор ерда тўқимачилик, сифатли хом ашё бор ерда (мас, Риштон-да) кулолчилик, жун ва тери кўп ерда тўқимачилик ва кўнчилик, шунга қараб косибчилик, ўрмонлар кўп ерда ёғочсозликг маъданларга бой ерларда металл и. ч. ва темирчилик, денгиз ва дарё бўйларида кемасозлик ва б. ривож топган. Жамият тараққиёти бос-қичлари, меҳнат тақсимоти билан алоқадор ҳолда Ҳунармандчиликнинг 3 тури шаклланган:

1) уй ҳунармандчилиги;

2) буюртма билан маҳсулот тайёрлайдиган Ҳунармандчилик ; 3) бозор учун маҳсулот тайёрлайдиган Ҳ. Уй ҳунармандчилиги капитализмга қадар бўлган даврларда Ҳунармандчиликнинг энг кўп тарқалган тури бўлди. Ҳунармандчиликнинг бу тури натурал хўжаликнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Шаҳарлар ривожи буюртма билан Ҳунармандчилик маҳсулотлари тайёрлаш ва бозорга Ҳунармандчилик маҳсулотлари и. ч. нинг жадал ўсиши билан узвий боғ-лиқ. Натижада Ҳунармандчилик маҳсулотлари товарга айланди, товар айирбошлаш учун ишлаб чиқаридди. Давр тақозоси билан Ҳунармандчиликнинг янги-янги турлари ву-жудга келди. Ҳунармандлар ҳам турли маҳсулотлар тайёрлаш бўйича ихтисослаша бордилар. Шаҳарлардаги маҳаллалар ҳунармандларнинг касбкорига қараб шаклланган (мас, 20-а. нинг бошларида Тошкентда кўнчилар, кулоллар, эгарчилар, бешикчилар, ўқчилар, косиблар маҳаллалари бўлган). Айрим маҳалла, квартал, шаҳар, ўлкалар Ҳунармандчиликнинг маълум маҳсулотлари билан шуҳрат қозона бошладилар.

Ҳунармандчилик товар — пул муносабатларига кенгроқ ва чуқурроқ тортилганлиги сари табақалашди. Уддабурон ва серҳаракат ҳунармандлар бойиб дастлабки капитал жамғарилиши туфайли капитал соҳибига айланди ва уларнинг устахоналари негизида кичик з-д ва ф-калар вужудга келди, бу корхоналарда камбағаллашган ҳунармандлар ёлланиб ишлай бошлади. Натижада Ҳунармандчиликнинг ривожи бозор иқтисодиётининг капиталистик шаклини юзага келтирди. Ҳунармандчилик Европа шаҳарларида саноат ривожига ҳам ўз ҳиссасини қўшди (тўқиш дастгоҳлари такомиллашди, 14-а. ўрталарида Германияда домна печларининг пайдо бўлиши металлургияпа жиддий ўзгаришларга олиб келди. 14—15-а. ларда ўқ отар қуроллар ишлаб чиқарила бошланди). Капиталистик и. ч. муносабатлари Ҳунармандчиликнинг кейинги тараққиётига зарба берди, Ҳунармандчиликнинг кўпгина соҳалари туш-кунликка учради. Саноат тўнтариши оқибатида тез ва арзон оммавий ишлаб чиқарила бошлаган ф-ка, з-д маҳсулотлари Ҳунармандчилик маҳсулотларини бозордан сиқиб чиқарди.

Ривожланган мамлакатларда якка буюртмалар ва қимматбаҳо бадиий буюмлар тайёрлайдиган Ҳунармандчилик соҳалари-гина (тикувчилик, этикдўзлик, гиламчилик, заргарлик, ўймакорлик ва б.) сақланиб қолди.

20-а. бошларида эса машиналашган и. ч. кенг йўлга қўйилиши билан Ҳунармандчилик маҳсулотларининг тур таркиби ва и. ч. ҳажми кескин камайди. 20-а. давомида ва 21-а. бошларига келиб йирик индустриал и. ч. қарор топган бўлса-да, Ҳунармандчиликнинг мавқеи сақланиб қолди. Ҳунармандчиликнинг бозорда сегменти кичик бўлганидан йирик и. ч. эгаллай олмайдиган, талаб индивидуаллашган ўз ўрни бор. Мини технологиянинг пайдо бўлиши Ҳунармандчиликда товарларни якка тартибда ва сифатли и. ч. имконини беради. Бунга миллий устбошлар, миллий чолғу асбоблари, майда асбоб-ускуналар, турли ёдгорлик буюмлари и. ч. ва хизмат кўрсатишни киритиш мумкин. Ҳозирги Ҳунармандчилик кичик бизнес таркибидаги якка меҳнат фаолияти ва оилавий корхоналардан иборат.

Ўзбекистон ҳудудида неолит давридаёқ Ҳунармандчиликнинг дастлабки муҳим тармоғи ҳисобланган сопол буюмлар и. ч. ва тўқимачилик вужудга келди (Хоразм воҳасидаги Калтаминор маданияти, Сурхондарёдаги Сополлитепа ва б). Мил. ав. 2-а. дан бошлаб Ҳунармандчилик маҳсулотлари савдосида Буюк ипак йўли муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ўрта асрларда Шарқ мамлакатларида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар (Араб халифалигида пўлат, Ўрта Осиё ва Ҳиндистонда шойи, чинни, қоғоз) Европа бозорларида қадрланди. Ҳиндистонда пахтадан нафис мато, Хитойда ипак мато тўқийдиган дастгоҳлар вужудга келди, Хитой ва Ўрта Осиёда шиша тайёрлаш технологияси такомиллаша борди.

9—10-а. ларда Ўрта Осиёда йирик Ҳунармандчилик марказлари пайдо бўлди. Ип мато, гилам (Урганч, Шош), шойи (Марв), мис ва темирдан яроғ-аслаҳа, пичоқ тайёрлаш (Фарғона), шойи матолар, шиша маҳсулотлари тайёрлаш (Бухоро) авж олди. 13-а. да мўғуллар босқини Ҳунармандчилик ривожига зарба берди. Темурийлар давлатининг вужудга келиши Ҳунармандчилик ривожига жуда катта ижобий таъсир кўрсатди.

Ўрта Осиёда Ҳунармандчиликнинг барча турлари 20-а. нинг 20-й. ларигача сақланди. бухоро, Самарқанд, Қўқон, Хива, Тошкент каби шаҳарларнинг и. ч. муноса-батларида ҳунармандлик катта роль ўйнади (мас, 19-а. нинг 60-й. ларида Хивада Ҳунармандчиликнинг 27 тури ривож топган, шаҳардаги бозорларда ҳунармандларнинг 556 дўкони бўлган, 80-й. ларда шаҳарда 2528 хўжалик Ҳ. билан шуғулланган).

Ўзбекистондаги Ҳунармандчилик чуқур ихтисослашган бўлиб, ўзида хилма-хил касбкорларни бирлаштирган. Мас, терини қайта ишлаш соҳасида кўнчилар, этикдўзлар, махсидўзлар, ковушчилар, эгар-жабдуқчилар, телпакчилар, пўстинчилар, камарчилар; тўқимачилик соҳасида бўзчилар, атласчилар, гиламчилар, шолча ва наматчилар; металлни ишлаш соҳасида темирчилар, тақачилар, мисгарлар, чилангарлар, заргарлар каби касблар бўлган. Булар Ҳунармандчиликнинг тармоқ структурасини белгиланган.

Шарқдаги мусулмон устахоналарида бўлгани каби Ўзбекистонда чеварлик, каштачилик билан аёллар уйда ўти-риб шуғулланишган (қ. Касаначилик). Ҳ. нинг ижтимоий структурасида уста, халфа ва шогирд каби ижтимоий тои-фалар мавжуд бўлган. Ҳунармандчиликнинг ички тартиб ва қоидаларини унинг низоми сифатидаги «Рисолалар» белгилаб берган. Ҳар бир касбнинг ўз раҳнамоси, яъни пири ва «Рисоласи» бўлган, авлоддан-авлодга ўтувчи одатлари ва удумларига риоя этилган. Мас, иш бошлашдан олдин уста ўз пирини ёдга олиб ундан мадад сўраш, шогирдига фотиҳа бериш каби одатларга амал қилинган.

Ўзбекистон Россия мустамлакасига айлангач, Ҳунармандчилик метрополия саноатининг рақобатига дуч келиб, ўзининг илга-риги мавқеини йўқотган бўлишига қарамай, унинг кўп тармоқлари сақланиб қолди, чунки у миллий эҳтиёжни қондирадиган товарларни, чунон-чи, кийим-кечак, идиш-товоқ, турли уй-рўзғор буюмлари, майда меҳнат қуролларини яратиб, уларни маҳаллий бозорга етказиб берди. Ҳунармандчиликнинг яшовчанлигини таъминлашда чет элдан келтирилган хом ашё, материаллар, кичик ускуналар муҳим роль ўйнади. Мас, АҚШдан келтирилган тери бўёғидан фойдаланиб кўнчилар амиркон деб номланган юпқа чарм ишлаб чиқара бошлади. Шу муносабат билан амиркон этик, маҳси ва ковушлар пайдо бўлди. Германиядан «Зингер» фирмасининг тикув машиналари келтирилиши билан тикувчилик (чеварлик) кенг ёйилди.

20-а. нинг 20-й. ларида шўролар ҳокимияти қарор топиши билан ҳунармандларнинг асосий қисми дастлаб артелларга, кейинчалик, з-д, ф-каларга, бадиий буюмлар корхоналарига жалб қилинди. Уларга хом ашё, материал, асбоб-ускуналар давлат томонидан етказиб бериладиган, яратилган маҳсулотлар дўконлар ва матлубот кооперацияси орқали сотиладиган бўлди. Истеъдодли ҳунармандлар ижодий ташкилотларга қабул қилинди, амалий безак санъати ривожлантирилди (мас, 30-й. ларда Тошкентда ўқув – и. ч. комбинати ташкил этилиб, ёш ҳунар-мандлар унда таълим олдилар, 1968 й. да Бухорода кандакорлар мактаб устахонаси, 1978 й. да Қўқонда ёғоч ўймакорлиги мактаб устахонаси ташкил топди).

Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгандан сўнг Ҳунармандчилик ривожида янги давр бошланди, халқ ҳунармандчилиги бозор қоидалари замирида қайтадан тикланди. Ўзбекистонда маҳаллий саноат корхоналарининг биринчилар қатори хусусийлаштирилиши натижасида майда давлат корхоналари ҳунар-мандларнинг хусусий корхоналарига айлантирилди, янги Ҳунармандчилик корхоналари очилди. Ҳунармандчилик фақат ички бозорга эмас, балки экспортга ҳам ишлай бошлади. Ҳунармандчиликнинг ташкилий шакли ҳам ўзгарди: кичик оилавий корхона, якка тартибдаги меҳнат фаолияти шаклида ривожлана борди. 1995 й. 24—25 окт. да Тошкентда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси билан амалий ҳамкорликда Ўзбекистон халқ усталари ва ҳунармандлари 1-Республика ярмаркаси ўтказилди. 1997 й. да республика халқ амалий санъати ва ҳунармандлари усталарининг «Усто» ижодий и. ч. бирлашмаси ташкил топди. Республика Президентининг 1997 йил 31 мартидаги «Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини янада ривожлантиришни давлат йўли билан қўллаб-қув-ватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва бошқа тадбирлар Ўзбекистонда Ҳунармандчиликнинг тикланиши ва янада ривожланишида, унинг унутилган баъзи турларини қайта тиклашда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ҳунармандлар дастлаб Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар палатасига, сўнгра Савдо-саноат палатасига кирдилар. Улар махсус ташкилот — «Ҳунарманд» Республика уюшмасига бирлаштирилди. Ҳунармандчилик субъектлари Ўзбекистонда тадбиркорлар, ҳунармандлар ва фермер хўжаликларининг ҳар йили ўтказиладиган «Ташаббус» республика кўрик-танло-вида иштирок этадилар. 1996—2005 й. лар мобайнида 10 нафар ҳунарманд халқ Ҳунармандчилик ида эришган ютуқлари учун «Ташаббус» танловининг ғолиби деб топилди.

Лд.: Гаврилов М. Ф., Рисоля сартовских ремесленников, Т., 1912; Развадовский В. Н., Огшт исследования кустарнмх промнс-лов в Туркестанском крае, Т., 1916,Турсу-нов И. О., Из истории городского ремесла Северного Таджикистана, Душанбе, 1974; Кастельская З. Д., Из истории Туркестанс-кого края (1865— 1917), М., 1980; Булатов С. Ўзбек халқ амалий безак санъати, Т., 1991; Асқаров А., Ўзбекистон тарихи [энг қадимги даврлардан 5-а. гача| Т., 1994; Жаб-боров И., Антик маданият ва маънавият хазинаси, Т., 1999.

Ахмаджон Ўлмасов, Нуриддин Мусаев, Ойбек Остонов.


Кирилл алифбосида мақола: ҲУНАРМАНДЧИЛИК ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ҳ ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФРАНЦИЯ
ҲИНДИСТОН
БУЮК БРИТАНИЯ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты