ГИДРОЛОГИЯ

ГИДРОЛОГИЯ (гидро… ва…логиядан) — табиатдаги барча сув, яъни океан ва денгизлар, дарё ва кўллар, қор ва музликлар, сув омборлари, ботқоқликлар ва ер ости сувларини, уларнинг жойлашиши, хусусиятлари, ўзаро ва атроф табиий муҳит (атмосфера, литосфера, биосфера) билан таъсири натижасида рўй берадиган ҳодисалар ҳамда жараёнлар қонуниятларини ўрганадиган фан. Г. ўрганиладиган сув ҳавза (объект) ларининг жойлашишига кўра океан ва денгизлар Гидрологияси (океанология ёки океанография), қурукдик Гидрология сига бўлинади. Айрим олимлар ер ости сувлари Гидрологияси (гидрогеология)»» алоҳида қисм сифатида ажратадилар. Фаннинг ҳоз. тараққиёт босқичида Гидрология атамаси куруклик Гидрология сининг синоними сифатида ишлатилади.

Гидрология дастлаб табиий геогр., гидротехника, геол., навигациянинг тармоғи сифатида ривожланди ва илмий билимлар тизими сифатида эса 20-а. бошида шаклланди.

Қуруқлик Г. си гидрография, гидрометрия, умумий Гидрология, муҳандислик Гидрологияси каби ўзаро боғлиқ бўлимлардан иборат. Гидрография сув объектларининг ўрни, ўзига хос хусусиятлари, географик тарқалиш қонуниятлари ҳамда улардан халқ хўжалигида фойдаланиш имкониятларини аниқлаб беради. Гидрометрия Г. нинг ўлчов ишларини амалга ошириш усулларини ишлаб чиқиш ва уларда ишлатиладиган асбоб-ускуналарни яратиш билан шуғулланади. Умумий Гидрология, одатда, дарёлар гидрологияси (потамология), кўл ва сув омборлари Гидрологияси (кўлшунослик ёки лимнология), қор ва музликлар Г. си (музшунослик ёки гляциология), ботқоқлар Гидрологияси (ботқоқшунослик ёки тальматология)ни ўрганади. Муҳандислик Гидрологияси бевосита илмий, амалий масалаларни ҳал этади ва шу мақсадда сув объектларининг динамикасини, уларнинг турли гидрологик кўрсаткичларини ҳисоблаш ҳамда башорат қилиш усулларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Муҳандислик Гидрологияси таркибида ўзан жараёнлари ва ўзан оқими динамикаси, гидрологик ҳисоблашлар, гидрологик башоратлар алоҳида фан сифатида шаклланди ва жадал ривожланмоқда. Ўзан жараёнлари ва ўзан оқими динамикаси сув массаларининг ҳаракати, тўлқинлар, улар таъсири натижасида кузатиладиган ўзан емирилиши, оқизиқлар режими, шу жараёнлар билан боғлиқ ҳолда ўзан шакли ва қиёфасининг ўзгариб туришини, уларнинг турларини ўрганади. Сув транспорта ҳаракатини таъминлаш, сув иншоотлари (тўғонлар, кўприклар) ни қуриш учун тегишли хулосалар чиқаради. Гидрологик ҳисоблашлар дарё оқимининг кўрсаткичлари (оқим меъёри, энг катта ва энг кичик сув сарфлари, оқимнинг йил давомида тақсимланиши, оқим ўзгарувчанлиги)ни аникдаш билан шуғулланади. Гидрологик башоратлар Гидрологиянинг амалий бўлими бўлиб, гидрологик жараёнларни олдиндан айтиб бериш (башорат қилиш) усулларини ишлаб чиқади.

Гидрология фани олдида сув захиралари ва атроф муҳит муҳофазасига тааллуқли бўлган қуйидаги вазифалар пайдо бўлди:

1) сув захираларини миқдор ва сифат жиҳатдан тежаш ва муҳофаза қилиш;

2) табиат ва антропоген омиллар таъсирида уларнинг ўзгариш қонуниятларини ўрганиш;

3) амалга оширилаётган сув хўжалиги тадбирлари (мелиорация, ирригация, гидроэнергетика, сув захираларини ҳудудлар бўйича қайта тақсимлаш ва ҳ. к.)ни иқтисодий ва экология нуқтаи назаридан асослаш учун керакли гидрологик маълумотлар билан таъминлаш. Ушбу муаммолар замирида Гидрологиянинг янги йўналишлари — гидроэкология, мелиоратив гидрология (суғориладиган ҳудудлар гидрологияси ёки агрогидрология) алоҳида фан сифатида шаклланмоқда. Гидрологиянинг сув ҳавзаларида кечадиган табиий (физик), кимёвий ва биологик жараёнларни ҳамда улардаги сув массаларининг табиий (физик) хусусиятларини, сифатини, биологик захираларини ўрганадиган қисмлари гидрофизика, гидрониме, гидробиология деб аталади. Сув ҳавзаларининг ҳосил бўлиши, ривожланиши ва ҳудудлар бўйича тақсимланиши, шунингдек, уларнинг гидрологик тартиби табиий минтақаларга хос бўлган — зонал ва хос бўлмаган — азонал омиллар (жойнинг рельефи, геологик тузилиши)га боғлиқ. Уларни ўрганишда Гидрология иқлимшунослик, метеорология, геология, гидрогеология, геоморфология, табиий геогр. каби фанлар маълумотларига таянади. Сув ҳавзаларида кечадиган ҳаракатлар (сув оқимлари) қонуниятларини ўрганишда Гидрология гидродинамика, гидравлика фанлари усулларидан, гидрологик ҳисоблашлар ва башоратларда эса аэрокосмик ва математик усуллардан, замонавий ҳисоблаш машиналаридан кенг фойдаланади. ЎзРда тоғли ҳамда суғориладиган ҳудудлар Гидрологияси бўйича амалга оширилган и. т. ишлари натижалари жаҳон миқёсида тан олинган. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бошгидромет ҳамда Ўрта Осиё регионал илмич тадқиқот ин-ти, Ўрта Осиё ирригация илмий тадқиқот ин-ти, Ўзбекистон ФА Сув муаммолари ин-ти, Геология ва геофизика ин-ти, «Ўзсувлойиҳа» ин-ти, «Тошсувлойиҳа» ин-ти, Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУ ҳамда Тошкент ирригация ва қ. х. ни механизациялаштириш муҳандислари ин-тининг қуруқлик гидрологияси кафедралари олимларининг ҳиссалари катта.

Лд:Расулов А. Р., Ҳикматов Ф. Ҳ ., Умумий гидрология, Т., 1995.

Фазлиддин Ҳикматов, Давлетбой Айтбоев.


Кирилл алифбосида мақола: ГИДРОЛОГИЯ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Г ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ГЕОГРАФИЯ
ГИДРОГЕОЛОГИЯ
ФРАНЦИЯ
КИМЁ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты