ГИПОГЕН МИНЕРАЛЛАР — (гипо… ва юн. genes — келиб чиқиши) — Ер пўстининг чуқур қисмида минерал ҳосил бўлиш жараёнлари натижасида вужудга келадиган минераллар. Гипоген минералларга силикатли ва сульфид оксидли магманинг кристалланишидан ҳосил бўлган минераллар (дала шпатлари, пироксенлар, оливин, хромит, титаномагнетит ва б.), газсимон бирикмаларга бой қолдиқ (пегматит) эритма минераллари (слюдалар, топаз, берилл ва б.), контакт-метасоматик минераллар (гранатлар, везувианлар, магнетит, шеелит ва б.), гидротермал руда томирлари минераллари (флюорит, вольфрамит, касситерит ва б.) ва вулкан буглари минераллари (олтингугурт ва б.) киради. Гипоген минераллар пайдо бўлиш жараёни гипо ген жараёнлар дейилади. Гипоген минералларнинг кўплари Ернинг юза қисмида барқарор эмас ва нураш натижасида гиперген минералларга айланади. Гипоген минераллар турини аниқлаш улар билан боғлиқ бўлган фойдали қазилмаларни қидириб топишга имкон беради.