ГИПОСТАЗ (гипо… ва юн. stasis — тўхташ, турғунлик) — генларнинг ўзаро таъсири типларидан бири; бир ген таъсирини хромосоманинг бошқа қисмида ёки бошқа хромосомаларда жойлашади, яъни аллел бўлмаган ген ёки генлар томонидан фенотипда сўндирилиши (қ. Аллеллар). Таъсири сўндирилган ген гипостатик ген, гипостатик генлар таъсирини сўндирувчи генлар эса эпистатик генлар дейилади (қ. Эпистаз). Генетик жиҳатдан ўзаро ўхшаш бўлмаган организмлар чатиштирилганида Гипостаз белгилар нисбатини 2-авлодда ўзгаришига олиб келиши мумкин; бундай қолларда ўзгаришнинг хусусияти эпистатик геннинг гипостатик генга нисбатан доминантлиги ёки рецессивлигига боғлиқ. Икки ген доминант бўлганида 2-авлод фенотипида белгиларнинг ажралиши Мендель қонунлари бўйича 9:3:3:1 нисбатда эмас, балки 12:3:1 нисбатда содир бўлади. Мас, донининг ранги бўйича доминант қора (А) ва кулранг (В) генларга эга бўлган сули навлари чатиштирилганида А ва В генга эга бўлган авлодларда фақат А ген фенотипда юзага чиқиши мумкин. Бундай ҳолда ажралиш 12 та қора, 3 та кулранг ва 1 та оқ нисбатда содир бўлади. Эпистатик ва гипостатик генлар рецессив бўлганида эса 9:3:4 нисбатда ажралиш рўй беради.