ГЎРИФОТИМА (юқори оқимида Гулхоссой, ўрта оқимида Тоғчисой) — Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги сой. Тўполондарёга чапдан қуйилувчи Обизаранг (Дашнобод) дарёсининг чап ирмоғи. Уз. 22 км, ҳавзасининг майд. 116 км2. Навоий тоғлари (3836 м)дан оқиб тушувчи ўндан ортиқ ирмоқларнинг қўшилишидан ҳосил бўлади. Сувининг асосий қисми Тожикистон Республикаси ҳудудида вужудга келади. Гўрифотима асосан қор, ёмғир, булоқлар ва қисман музликлар сувидан тўйинади. Ўртача сув сарфи 1,46 м3/сек. Сувининг асосий қисми (70%) март-июнда оқиб ўтади, энг серсув ойлар — апр. (4,17 м3/сек), июнь (3,78 м3/ сек), нисбатан кам сувли давр — сент.янв. (ўртача 0,50 м3/сек). Гўрифотимада баъзан сел тошқинлари бўлиб, сув сарфи кескин ортади (21 м3/сек, 1976 й. 29 апр.). Г. сувининг асосий қисми суғоришга сарфланади.