ЖАҒ — 1) ҳайвонларда озиқни тутиб туриш ва майдалаш функциясини бажарадиган аъзо. Бўғимоёқлиларда Жағ функциясини шаклан ўзгарган бош ўсимталари: оёқжағлар, мандибулалар, максиллалар, хемицералар, педипалпалар (оёқпайпаслагичлар) бажаради.
2) Жағоғизли ҳайвонлар ва одамда — юз скелетининг бир қисми. Жағ эволюция жараёнида дастлаб балиқларда ҳосил бўлган. Тоғайли балиқларнинг тоғайдан иборат бирламчи Жағи плакоид тангачалардан вужудга келади. Суякли баликдар, сувда ва қуруқликда яшовчилар, судралиб юрувчилар ҳамда қушларда юқори ва пастки Жағнинг кейинги қисмида иккиламчи Жағ ҳосил бўлади. Суякли балиқлардан бошлаб юқори Жағ иккиламчи ҳисобланади. Бирламчи юқори Жағ бош скелетининг танглай қисмига силжийди; судралиб юрувчилар, қушлар ва сут эмизувчиларда тишларини йўқотади. Айрим ҳайвонлар Жағ ида тишлар бўлмайди; улар ўрнига мугуз тумшуқ ҳосил бўлади (қушлар). Одамда юз скелетидаги энг йирик суяк. Юқори ва пастки Жағ ларга бўлинади. Юқори Жағнинг альвеоляр ўсиғида ва пастки Жағ танасининг тепа қирраларида тишлар турадиган катакчалар бор. Юқори Жағ (бир жуфт) мураккаб тузилган бурун, кўз косаси ва оғиз бўшлиқларини ҳосил қилишда фаол қатнашади. Унинг танаси ва 4 та ўсиғи бор, чакка ости ва қаноттанглай чуқурларининг тузилишида иштирок этиб, юзнинг ҳамма суяклари б-н бирлашади.
Пастки Жағ (тоқ) — жуда қаттиқ ва йўғон суяк. У чакка суяги билан бўғим тузиб бирлашади, оғизни очиб-юмиш ва ён томонга ҳаракат шу бўғимда бажарилади. Пастки Жағ суяги бағрида канал бўлиб, ундан томир ва нервлар ўтади. Юқори Жағ касалликларидан гайморит, пастки Жағда эса остеомиелит ва суяк синиши кўпроқ учрайди (яна қ. Тиш).