ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИК — юридик жавобгарлик турларидан бири, жиноят содир этишнинг ҳуқуқий оқибати. Жиноий жавобгарлик айбдорга нисбатан жазолаш шаклидаги давлат мажбурлов чорасини қўллашдан иборат. Жиноий жавобгарликка жалб этиш жиноят ишини қўзғатиш, тергов қилишни ва судда муҳокама қилишни (қ. Суд муҳокамаси) билдиради. Ҳуқуқий давлатда жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахс иши судда қонуний тартибда, ошкора равишда кўриб чиқилиб, айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Жиноий жавобгарликка тортиш масаласи қонунларнинг тегишли моддаларини қўлланиш орқали ҳал қилинади. Бу ҳол фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашнинг муҳим кафолати ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси ЖК га кўра, ижтимоий хавфли қилмиш содир этиш пайтида қонунда белгиланган ёшга етган ва ақли расо шахсларгина Жиноий жавобгарликка тортилади. Жиноий жавобгарликка жиноят содир этишга тайёргарлик кўриш, суиқасд қилиш; оғир жиноят содир этилаётганлиги ҳақида аниқ била туриб, тегишли органларга хабар бермаслик ёки жиноят воситаси ёки жиноят натижасида қўлга киритилган нарсаларни олиш ёки сотиш; шунингдек, жиноят содир этилишига қизиқтирганлик (далолатчи), ташкил қилганлик (ташкилотчи) ва ёрдам берганлик (ёрдамчи) ҳам жиноят ҳисобланади ва Жиноий жавобгарликни вужудга келтиради (яна қ. Жиноятда иштирокчилик).
Ўзбекистoн Республикаси ЖК бўйича жиноят содир қилган шахс муайян муддат давомида (3 й. дан 15 й. гача) Жиноий жавобгарликга тортилиши керак. Агар шу муддат ичида тортилмаган бўлса кейин уни Жиноий жавобгарликга тортиш мумкин эмас. Бироқ терговдан ёки суддан яшириниб юрганларга нисбатан бу муддат 25 й. қилиб белгиланган. Тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноят содир қилган шахс эса муддат ўтиб кетганлигидан қатьи назар жавобгарликка тортилади.
Мамажон Усмоналиев.