ЖИНСИЙ АЪЗОЛАР

ЖИНСИЙ АЪЗОЛАР — кўпайиш аъзолари. Ҳайвонларнинг жинсий аъзолари жинсий безлар — гонадалар (уруғдон ва тухумдон), жинсий йўллар (уруғ ва тухум ўтадиган йўллар) ва копулятив аъзолардан иборат (бир қанча ҳайвонларда тухум йўлларидан бачадон ва қин ажралиб чиққан). Тирик туғадиган ҳайвонларда юқоридагилардан ташқари, бола етиладиган аъзолар ҳам Жинсий аъзоларга киради. Кўп ҳайвонлар айрим жинсли, яъни эркак ҳайвонларда фақат эркак Жинсий аъзолар, урғочи ҳайвонларда фақат урғочи Жинсий аъзолар бўлади. Баъзи ҳайвонлар (мае, булутлар, баъзи ковакичлилар, чувалчанглар, бўшлиқичлилар) қўш жинсли (қ. Гермафродитизм). Ж. а. бирламчи жинсий белгилардир (яна қ. Иккиламчи жинсий белгилар).

Одамда Жинсий аъзолар ички ва ташқи Жинсий аъзоларга бўлинади: ички Жинсий аъзолар (эркакларда бир жуфт мояк, ортиқлари б-н, уруғ чиқариш йўллари, уруғ пуфакчалари ва простата бези; аёлларда тухумдон, бачадон, унинг найлари ва қин) асосан кичик чаноқда жойлашган; ташқи Жинсий аъзолар [эркакларда эрлик олати билан ёрғоқ, аёлларда катта ва кичик жинсий (уятли) лаблар, қин даҳлизи, клитор, қизлик пардаси ва Бартолин безлари] қов бирлашмаси (симфиз) тагида жойлашган. Ёрғоқда турадиган бир жуфт аъзо — мояк эркак жинсий ҳужайралари (сперматозоидлар)ни етиштириб чиқаради. Моякнинг орқа чеккасига мояк ортиғи тақалиб туради. Мояк ортиғининг думидан уруғ чиқариш йўли бошланади. Бу йўл уруғ тизимчаси таркибида чов канали орқали кичик чаноққа киради ва қовуқ тубига етиб бориб, кенгаяди (уруғ чиқариш йўлининг ампуласи). Ампуланинг охирги қисми уруғ пуфакчасининг йўлига қўшилиб, уруғ отиш йўлига айланади. Бу йўл простата безини тешиб ўтиб, сийдик чиқариш канали (уретра) нинг простатик қисмига очилади. Уруғ пуфакчасида уруғ йиғилиб туради. Эрлик олати (закар) иккита ғорсимон тана б-н битта ғовак танадан тузилган. Ғовак тананинг охирги қисми кенгайиб, олат бошчасини ҳосил қилади. Ғовак тана ичидан уретра (сийдик чиқариш канали) ўтади, у олат бошчасига очилади. Эрлик олати соҳасида тери йиғилиб, бурмаланади (чекка кертмак). Ғорсимон тана тўқимасида веноз қон бўлади: жинсий қўзғалишда шу танага қон шиддат билан келиб, эрекция рўй беради.

Аёллар жинсий бези — тухумдоннияг пўстлоқ ва мағиз (мия) қавати бор. Пўстлоқ қаватда жуда кичик ва секинаста катталашиб етиладиган Грааф пуфакчалари туради. Ҳар қайси пуфакчада 28 кунда биттадан жинсий ҳужайра — тухум етилади. У бачадон найлари орқали бачадонга келади. Бачадон бўйни б-н ташқи Жинсий аъзолар ўртасидаги канал — қиннинг устки қисмига бачадон бўйни кириб туради, қин тешиги эса жинсий лаблар орасидан ташқарига очилади. Кичик жинсий лаб тубининг икки томонида ғорсимон тана бор, унинг орқа учи тагидаги жуфт безлар (Бартолин безлари )дан ишланиб чиқадиган секрет кичик жинсий лаб билан қин дахлизи шиллиқ пардасини намлаб туради. Клитор эркак олати каби ғорсимон танадан тузилган, қон томирлар ва нервларга бой, терисида нерв охирлари кўп бўлиб, у жинсий ҳис аъзосидир. Қин дахлизи — олдинги томондан клитор, орқа томондан катта жинсий лабларнинг орқадаги битишмаси, икки ён томондан кичик жинсий лабларнинг ички юзаси билан чегараланган. Қин даҳлизига сийдик чиқариш канали (уретра) очилади. Уретранинг бўйи аёлларда 3—4 см, эни ўзгарувчан, канали осон чўзилади. Қиз болаларда қин тешиги юпқа парда (қизлик пардаси) билан бекилиб туради. Парда ўртасида кичкина тешик бор (яна қ. Балоғатга етиш, Жинсий гигиена).

Ад.: Аҳмедов Н. К., Нормал ва патологик анатомия билан физиология, Т., 1997. Носир Аҳмедов.


Кирилл алифбосида мақола: ЖИНСИЙ АЪЗОЛАР ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ж ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ГЕРМАФРОДИТИЗМ
БАЧАДОН
БИОЛОГИЯ
Туш таъбири ўзбек тилида


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты