ЖУН САНОАТИ — тўқимачилик саноатининг етакчи тармокларидан бири. Тармоқ корхоналарида жунни қайта ишлаш, соф жундан ёки унинг бошка толалар (асосан кимёвий толалар) аралашмасидан ҳар хил чизиқли зичликдаги иплар, жун газламалар, ҳар хил техник ва махсус газламалар, гилам ва гилам маҳсулотлари, кигиз-намат ва фетр буюмлар, нотўқима материаллар ишлаб чиқарилади.
Жунни қайта ишлаш табиий жунни дастлабки ишлаш, яъни саралаш, титиш, ювиш, қуритиш, зичлаш, той-лаш босқичидан бошланади. Жун йигирув корхоналарида ҳар хил йигириш тизими ва усулларида соф жундан ёки ярим жундан карда, қайта таралган ва аппарат иплари и. ч. иккинчи босқич; маҳсулот ёки буюмлар: трикотаж ёки тўқима матолар, трикотаж буюмлари, адёл, гилам, фетр, нотўқима материаллар олиш учинчи босқич; маҳсулот ва буюмларга ишлов бериш, бўяш, гул босиш, иссиқлик билан ишлов бериш каби жараёнлар тўртинчи босқич ҳисобланади.
Жунни қайта ишлаш инсоният тарихида тўқимачилик маҳсулотларини и. ч. каби бир неча минг йиллар аввал пайдо бўлган. Қўлда ип тайёрлаш ва газлама тўқиш Ҳиндистон, Хитой, Миср ва Ўрта Осиёда милоддан бир неча минг йил илгари бошланган. Хоразмда археологик казишмалар пайтида мил. ав. 1-минг йилликка мансуб гиламлар топилган.
Ўзбекистонда қадимда жундан, айниқса қўй ва туя жунидан кигиз босиш, гилам тўқиш бой анъанага эга. 20-а. нинг 20-й. ларида майда тарқоқ ҳунар-мандлар артелларга бирлашиб, саноат тарзида маҳсулот и. ч. ташкил этилиши билан жунни кайта ишлаш саноатига пойдевор қўйилди. Жунни дастлабки қайта ишлаш корхонаси дастлаб 1930 й. ишга туширилган. 2-жаҳон уруши йилларида Қўқон йигирув-тўқув ф-касида ярим жун адёллар и. ч. йўлга қўйилган. 1970 й. лойиҳа қуввати 2 млн. м2 бўлган Хива гилам комбинати ишга туширилди. Унинг таркибида аппарат тизимида жун ва кимёвий толалар аралашмасидан йигирилган ип ишлаб чиқарувчи ф-ка, тўқув корхонаси ва пардозлаш цехлари мавжуд. 1980 й. Фарғона вилоятида Олтиариқ ип йигирув ф-касида пневмомеханик йигириш усулида йўғон жун иплари и. ч. бошланди. 1990 й. дан шу корхонада Франция билан жун толасини дастлабки қайта ишлаш қўшма корхонаси ишга туширилди.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин республикада товар и. ч. да тадбиркорликка ва хусусий секторга эътибор кучайтирилди. Натижада жун маҳсулотлари и. ч. бўйича кичик хусусий корхоналар, турли фирмалар ташкил этилди. 1997 й. да Наманган вилоятида қурилиб ишга туширилган «Косонсой-Тикмен» Ўзбекистон—Туркия қўшма корхонасида жун толасидан костюм ва пальтолар тикиладиган мовут матолар, адёл каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
2000 й. да Ўзбекистонда 2,8 млн. м2 жун газламалар, 1,5 млн. м2 гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Жунни қайта ишлаш ва юқори сифат-ли маҳсулотлар и. ч. Англия, Австралия, Бельгия, Россия, Финляндия, Польша каби қатор давлатларда кенг ривожланган. Янги Зеландия, Австралия, Қирғизистон, Қозоғистон жаҳон бозорига сифатли жун толалари етказиб беради (яна қ. Тўқимачилик саноати).
Мирпўлат Қулметов.