КАРПАТ ТОҒЛАРИ

КАРПАТ ТОҒЛАРИ — Ўрта Европанинг шарқий қисмидаги тоғ системаси. Венгрия, Чехия, Словакия, Польша, Руминия, Молдавия ва Украина ҳудудларида; Уз. 1500 км. Братислава ш. ёнидан Дунай дарёси водийсидаги Темир Дарвоза (танги)гача давом этган. Қавариқ то-мони шим.-шарқ ва шарққа қараган ёй шаклида. Эни шим.-ғарбида қарийб 250 км, ўрта қисмида 120 км, жан.-шарқида 430 км гача.

Карпат тоғлари бўйлама ва кўндаланг водийлар б-н ажралган турли йўналишдаги тизмалардан иборат. Орографик жиҳатдан Ғарбий, Шарқий ва Жан. қисмларга бўлинади. Ғарбий Руминия тоғлари (энг баланд чўққиси — Бихор тоғи, 1848 м) ва Трансильвания платоси (бал. 600 — 800 м) ҳам Карпат тоғлари таркибида. Карпат тоғлари кўп қисмининг бал. 800-1200 м, энг баланд жойи — Баланд Татра тоғларидаги ГерлаховскиШтит чўққиси (2655 м). Карпат тоғлари ёйининг қавариқ томонидаги тоғ олди қисми (кенглиги 40—60 км) неоген даврининг ғовак жинсларидан, марказий қисмидаги тизмалари кристалли жинслар (гранит, гнейс) ва оҳактошлардан тузилган. Карпат тоғлари Альп бурмаланиши даврида вужудга келган. Фойдали қазилмалардан нефть, ёнувчи газ, озокерит, калий, тош ва ош тузлари, қурилиш материаллари (мармар), шифобахш минерал сувлар, симоб (Закарпатьеда), полиметалл конлари, кўмир ва қўнғир кўмир, темир ва марганец рудалари, рангли ва нодир металл конлари бор. Иқлими мўътадил. Янв. нинг ўртача т-раси шим. ва шарқида —5 дан —4° гача, жан. да —3 дан —2° гача, тоғ тепаларида —9°, —10°. Июлнинг ўртача т-раси тоғ этакларида 17—20°, тоғ тепаларида 5—4°. Йиллик ёғин Карпат тоғлари ёйининг қавариқ томонида 600-800 мм. Ғарбий Руминия тоғларида 800-1000 мм. Тоғ тепаларида 1200-2000 мм. Ёғиннинг аксари қисми ёзда ёғади. Қор тоғ ён бағирларида 5—7 ой сакланади. Доимий музлик ва абадий қорлар йўқ.

Карпат тоғлари — Европадаги энг катта сувайирғичлардан бири. Висла ва Одра дарёлари Болтиқ денгизига қуйилади. Кўпгина дарёлари Дунай ва Днестр ҳавзасига мансуб. Тоғ этакларидаги қад. ўрмон-дашт ва ўрмонлар ўрнида боғ ва токзорлар барпо этилган, экинзорлар бор. Тоғ ён бағирларидаги тоғ-ўрмон қўнғир тупроқли ерларда дуб, қорақарағай, тоғ-подзол тупроқли, ерларда қарағай ўрмонлари, тоғ тепаларида субальп бутазорлари ва альп ўтлоқлари бор. Ҳайвонлардан тийин, қуён, айиқ, бўри, силовсин, сувсар, буғу, қобон, карқур, бойқуш, какку ва б. мавжуд. Карпат тоғларида аҳоли, асосан, тоғ олдиларида ва тоғ ораларидаги водийларда зич яшайди. Асосий машғулоти — деҳқончилик, токчилик ва боғдорчилик. Тоғ тепаларида аҳоли сийрак, чорвачилик ва ўрмон хўжалиги билан шуғулланади. Курорт кўп. Туризм, альпинизм ривожланган. Спортнинг қишки турлари бўйича мусобақалар ўтказиб турилади.


Кирилл алифбосида мақола: КАРПАТ ТОҒЛАРИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: К ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



УКРАИНА
СЛОВАКИЯ
ВЕНГРИЯ
ЕР
ЕВРОПА


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты