ЛЕСОТО

ЛЕСОТО (Lesotho), Лесото Қироллиги (Kindom of Lesotho) — Жан. Африкадаги давлат. Ҳамма томони ЖАР худуди билан ўралган. Майд. 30,3 минг км2. Аҳолиси 2,177 млн. киши (2001). Пойтахти — Масеру ш. Маъмурий жиҳатдан 10 округ (district) га бўлинган. Давлат тузуми. Лесото — конституцияли монархия. Амалдаги конституцияси 1993 й. да қабул қилинган (2001 й. мартда тузатишлар киритилган). Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибига киради. Давлат бошлиғи — қирол (1996 й. дан Летсие III). Қонун чиқарувчи ҳокимият икки палатали парламент — Миллат мажлиси ва се-натдан иборат. Ижрочи ҳокимиятни бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Лесото тоғли мамлакат, Басуто платосида (ўртача бал. 2300—3000 м) жойлашган. Платони шарқ ва жан. томондан Дракон тоғлари ўраб туради. Иқлими тропик, қуруқ континентал. Янв. нинг ўртача т-раси 25—26°, июл-ники 10°, бироқ тез-тез совуқ бўлиб туради, тоғларга қор тушади. Йиллик ўртача ёғин 750—1000 мм. Дарёлари гидроэнергияга бой; энг каттаси — Оранж. Тупроқдари мамлакат ғарбида қумли, унумсиз, шарқида унумдор, вулкан тупроқлар. Лесото даштларида ғалласимон ўсимликлар ўсади; Дракон тоғларида бутазорлар, ўтлоқлар бор.

Аҳолисининг 98%га яқини африкаликлар, асосан, суто халқи, шунингдек, зулулар, инглизлар ва б. яшайди. Расмий тил — сесуто ва инглиз тиллари. Аҳолининг кўп қисми (70% дан кўпроғи) христиан (католик, протестант)лар, қолган қисми анъанавий динларга эътиқод қилади. Шаҳар аҳолиси 19%. Йирик шаҳарлари: Масеру, Лерибе, Мафетенг.

Тарихи. Лесото давлатининг қад. тарихи кам ўрганилган. 17—18-а. ларда мамлакат туб аҳолиси—бушменлар шим. дан келган сутолар томонидан сиқиб чиқарилди ва қабила бошлиғи Мошеш 1 ҳокимияти остига бирлаштирилди. 1836 й. дан Лесотони бурлар ва европаликлар (инглизлар) эгаллай бошлади. 1884 й. Л. расмий равишда Буюк Британиянинг Басутоленд протекторатига айлантирилди ва Буюк Британия Л. да «бевосита бошқариш» тизимини жорий этди. Оқибатда Басутоленд Буюк Британиянинг Жан. Африкадаги саноати ва мустамлакалари учун арзон ишчи кучи манбаига айланиб қолди. 1907 й. Басутоленд тараққийпарвар уюшмаси ташкил топди. Бу ташкилот маориф, савдо-сотиқ ва б. соҳаларда бир қатор ислоҳотлар ўтказди. Кейинроқ Камбағаллар лигаси тузилди. У халқ ҳаётини демократлаштириш ва мустамлакачиликни тугатишни талаб қилди ҳамда Басутолендни зўрлик б-н ўзига қарам қилиб олмоқчи бўлган Жан. Африка Иттифоқи (1961 й. дан ЖАР) ирқчиларига қарши қаттиқ кураш олиб борди. 2-жаҳон уруши даврида минглаб сутолар Европа, Африка ва Яқин Шарқдаги урушда инглиз қўшинлари томонида қатнашди. Урушдан кейин миллий озодлик ҳаракати кучайди.

1952 й. Басутолендда биринчи сиёсий партия—Басутоленд Африка конгресси (БАК) тузилди. 1960 й. ўтказилган сайловда БАК негизида ташкил этилган Конгресс партияси ғалабага эришди ва маҳаллий ҳокимият органлари ташкил топди. 1965 й. кучга кирган конституцияга мувофиқ, Басутоленд ўзини ўзи ички бошқарув ҳуқуқига эга бўлди; парламентга сайлов ўтказилди. Лесото Жонатан бош вазир қилиб тайинланди. 1966 й. 4 окт. да Басутоленд мустақилликка эришди ва шу йили қабул қилинган янги конституцияга биноан, Басутоленд Л. Қироллиги деб атала бошлади. Лесото — 1966 й. 17 окт. дан БМТ аъзоси. Лесото хукумати демократик кучлар ҳаракатини бостириш мақсадида ЖАР ҳукумати билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш тадбирини кўра бошлади. 1970 й. 27 янв. да бўлиб ўтган парламент сайловида Миллий партия мағлубиятга учради. Шундан кейин Л. Жонатан фавқулодда ҳолат жорий этди, сайлов натижаларини бекор қилди, конституция фаолиятини тўхтатди. 1973 й. да фавқулодда ҳолат бекор қилинди. 1990 й. да ҳокимиятни ҳарбийлар қўлга олди. 1993 й. да кейинги 23 й. мобайнида биринчи марта демократик сайлов ўтказилди, унда парламент сайланди. Ҳарбий кенгаш ижроия ҳокимиятни фуқаролардан иборат ҳукуматга топ-ширди. Миллий байрам — 4 окт. Мустақиллик куни (1966).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. Басуто миллий партияси, 1959 й. да тузилган; Басуто конгресси партияси, 1959 й. да асос солинган; Марематлу озодлик партияси, 1962 й. да тузилган; Л. конгресси демократия учун партияси, 1997 й. да асос солинган; Л. бир-лашган демократик партияси; 1969 й. да тузилган. Лесото эркин касаба уюшмалари конгресси фаолият кўрсатади.

Хўжалиги. Лесото — Африкада иқтисодий жиҳатдан заиф ривожланган аграр мамлакатлардан бири. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг кўпгина қисми ЖАРга бориб ишлашга мажбур. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 12%, қ. х. улуши 12,3%.

Қишлоқ хўжалиги заиф, қ. х. га яроқли ерларнинг 10%га экин экилади. Қорамол, қўй, ангора эчкиси, от, хачир, эшак боқилади. Деҳқончиликда маккажўхори, оқ жўхори, буғдой, арпа, сули, картошка ва сабзавот етиштирилади.

Саноатида олмос қазиб оладиган, шаъм, ўғит, ғишт, гилам, кийим-кечак, мебель ишлаб чиқарадиган, телевизор йиғадиган корхоналар бор. Кулолчилик, тўқувчилик бирмунча ривожланган. 1 й. да ўртача 1 млн. кВт-соат электр энергия ҳосил қилинади. Кумир, кварц, уран конлари бор.

Автомобиль йўллари уз. — 5200 км (2100 км қаттиқ қопламали). Пойтахтдан ЖАР чегарасигача 1,7 кмли т. й. қурилган. Миллий авиакомпания ва Масеруда халқаро аэропорт бор. Ташқи савдода экспортнинг 85% ва импортнинг 90% ЖАРга тўғри келади. Четга қ. х. маҳсулоти, жун ва жун маҳсулоти, чорва моллари, олмос чиқарилади; четдан саноат моллари, озиқ-овқат, нефть, машина-ускуналар келтирилади. 1986 й. да муомалага киритилган миллий пул бирлиги — лоти (малоти) билан бир қаторда ЖАР пул бирлиги — ранддан бемалол фойдаланилади.

Тиббий хизмати ва маорифи. Врачлар чет элда тайёрланади. 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар учун мажбурий таълим жорий қилинган. Бошланғич таълим бепул, ўрта ва олий таълим пулли. Бошланғич мактабда ўқиш муддати 7 — 8 й., ўрта мактабда 5 й. Рома ш. да миллий ун-т, Масеруда қ. х. коллежи, геол. хизмати, қ. х. тажриба ст-яси, ун-т кутубхонаси, давлат кутубхонаси ва архиви бор.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Кундалик газ. лари йўқ. Даврий нашрларидан йириклари: «Лесото тудей» («Лесото бугун», инглиз тилидаги ҳафталик газ., 1986 й. дан), «Моелетси оа басуто» («Басуто маслаҳатчиси», сесуто ва инглиз тилидаги ҳафтанома, 1933 й. дан), «Мочочононо» («Комета», сесуто ва инглиз тилидаги ҳафталик газ., 1974 й. дан), «Леселиниана ла Лесото» («Лесото нури», сесуто ва инглиз тилида 2 ҳафтада чиқадиган газ., 1863 й. дан). Лесото миллий радиоэшиттириш хизмати мавжуд. Радиост-ялари сесуто ҳамда инглиз тилларида эшиттириш олиб боради. 1971 й. дан телекўрсатувлар бошланган. Л. Ҳукумат ахборот агентлиги 1983 й. дан ишлайди.

Меъморлиги. Асосий аҳолиси (сутолар) тартибсиз қурилган катта-катта қишлоқларда яшайди. Доирасимон турар жойлар тош ёки хом ғиштдан тикланган ва қамиш билан кулоҳ шаклида ёпилган. Тўғри бурчакли уйлар ҳам тош ёки хом ғиштдан қурилган, томи 2 нишабли ёки 4 нишабли килиб ёпилган. Уй деворлари қизил ёки сариқранг билан бўялган ва геометрик нақш ишланган. 20-а. 2-ярмида Масеруда замонавий бино ва иншоотлар (аэропорт, Ички ишлар вазирлиги, меҳмонхона ва б. бинолар) қурилди.

Тасвирий санъати. Лесото ҳудудида қояларга битилган ёзув ва нақшлар сакданган. Улар бушменларнинг ижоди деб тахмин қилинади. Бадиий хунармандчилик, айниқса, ёғоч ўймакорлиги ривожланган. Рўзғор буюмлари (кўза, қути, болишлар)га турли шаклларда нақш солинади. Ёғоч ҳайкалчалар ва сопол идиш (чойнак, гулдон)лар ясайдилар. «Каросса» деб аталувчи пўстинларни мунчоклар б-н безатадилар. Рангли мунчоқлардан маржон шодалар тайёрлайдилар.

Мусиқаси. Сутолар ҳаётида мусиқа муҳим аҳамиятга эга. Чолғу асбоблари жуда хилма-хил бўлиб, улардан якка ижрочиликда ҳам, қўшиқ ёки рақс жўрлигида ҳам фойдаланилади. Мусиқа фольклорида қўшиқларнинг 2 гуруҳи мавжуд: ка маото деб аталувчи гуруҳга мансуб қўшиқлар айтилганида рақс тушилади ва меҳнат жараёнини акс эттирувчи саҳнавий ҳаракатлар қилинади. Хо энгое гуруҳидаги қўшиқлар ҳаракатсиз ижро этилади. Жангда ҳалок бўлган ботирлар тақцирини тасвирловчи қўшиқ ижро этилганида эркаклар жанговар рухдаги рақсга тушадилар. Табиат ҳодисаларига бағишланган қўшиқлар, тўй ва диний қўшиқлар, мадҳиялар, марсиялар, албатта, мусиқа жўрлигида ижро этилади.


Кирилл алифбосида мақола: ЛЕСОТО ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Л ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
БУЮК БРИТАНИЯ
ХИТОЙ
ТОШКЕНТ
ФРАНЦИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты