КАУЧУК (тупи тилида «кау» — дарахт ва «учу» — оқмоқ) — резина ва резина буюмлари тайёрлашда ишлатиладиган эластик материал. Табиий ва сунъий (синтетик) хилларга бўлинади.
Табиий Каучук — асосан, бразилия гевея дарахтининг сутсимон шираси — латекс ва каучукли дарахтлардан олинади. Олинган латекс кайта ишланиб, хом — техник Каучук ҳосил қилинади. Унинг таркибида 93—94% К., 2,4—2,9% оқсил, 0,3% кул, 0,3% канд моддалари ва 2,5—3% смола бор. Тоза табиий Каучук юқори молекулали тўйинмаган углеводород, таркиби (С5Н8)п. Мол. м. 150 мингдан 500 минггача боради, занжирининг уз. 10000— 40000 А, кўндаланг кесими 1,5—3 А гача. Табиий Каучук молекуласининг бу катталиги ва шакли унинг энг муҳим хусусияти эластиклигини кўрсатади. Табиий Каучук ёғ ва ароматик углеводородларда ва уларнинг ҳосилаларида, мас, бензин, бензол, хлороформларда эриб, ёпишқоқ эритма елим ҳосил қилади. Табиий Каучук тўйинмаган бирикма бўлгани учун водород, галогенлар, олтингугурт ва кислород билан реакцияга киришади. Натижада унинг эрувчанлиги, мустаҳкамлиги, эластиклиги ва б. физик, механик хоссалари ўзгаради. Хом Каучук олтингугурт билан реакцияга киришиб юқори сифатли резинага (қ. Вулканизация) айланади. Табиий Каучук, одатда, аморф ҳолатда бўлади, лекин вақт ўтиши билан кристалланиши мумкин. Юқори эластиклиги, сув ва газ ўтказмаслиги, электроизоляцион хусусияти ва емирувчи муҳитларга чидамлилиги туфайли Каучук техника ва турмушда кўп ишлатилади. Индонезия, Малайзия, Таиланд, Ҳиндистон, Хитой, Шри Ланка ва Вьетнамда табиий Каучук кўп ишлаб чиқарилади. Синтетик Каучук — сунъий йўл б-н резина олинадиган юқори полимер материал (эластомер). Синтетик Каучук турли бирикмаларни полимерлаб ва сополимерлаб олинади. Суюқ Каучуклар, уларнинг сувдаги дисперсияси (синтетик латекслар), шунингдек, полимерланиш жараёнида ёғ, қоракуя ва б. тўлдирувчилар қўллаб олинадиган Каучук ҳам синтетик Каучук дир Баъзи синтетик Каучукларни олишда углеводородларнинг бифункционал ҳосилаларини поликонденсатлаш усули қўлланилади. Синтетик Каучук олиш 2 асосий жараён: мономер (каучоген)лар тайёрлаш ва уларни полимерлаш ёки поликонденсатлашдан иборат. Бутадиен, стирол, изопрен, хлорпрен, изобутилен, акрилонитрил (винил цианид) ва б. каучогенлар сифатида ишлатилади. Каучогенларнинг ўзи эса нефть крекинги гази, табиий ва йўлакай газлар, этил спиртидан олинади. Каучогенларни полимерлаш жараёнида мономерлар катализатор (мас, натрий метали) иштирокида (мономернинг ўзи ёки эритмаси, сувли эмульсияси) қиздирилади. Полимерлашда эмульсия полимер суспензияга, яъни синтетик латексга айлангач, коагуляцияланади. Ажралиб чиққан Каучук ювиб қуритилади. Ҳоз. синтетик Каучукнинг 20 га яқин тури ишлаб чиқарилади. Булардан бутадиен К., бутадиеннитрилакрил Каучук, бутил Каучукнинг саноатдаги аҳамияти катта. Синтетик Каучукнинг кўп турлари табиий Каучук сингари вулканизацияланиб, юқори эластик ёки қаттиқ материалга айланади. Асоси кремний, углерод, кислород атомлари занжиридан иборат. Каучукка ўхшаш эластик материаллар (иссиққа чидамли силикон Каучук, қ. Кремнийорганик бирикмалар) ёки углерод ва олтингугурт атомларидан иборат полисульфид Каучук, полифосфонитрилхлорид, полидихлорфосфезен ва айрим полихлорвинил смолалар ҳам синтетик Каучукка киради. Синтетик Каучук ёг ва б. органик моддаларга (мас, бутадиен – нитрил каучуклар), иссиқ ва совуққа (мас, кремний органик каучуклар) чидамли бўлиши керак.
Баъзи синтетик Каучуклар техник хоссалари (мас, иссиққа, эритувчиларга, емирувчи муҳитларга ва ишқаланишга, ёруғлик ва озон таъсирига чидамлилиги, газ ўтказмаслиги ва б.)га кўра, табиий Каучукдан афзал. Синетик Каучук лардан 50 мингга яқин номда маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Биринчи синтетик Каучукни 1879 й. Г. Бушарда (Франция) олган; саноат миқёсида и. ч. ни С. В. Лебедев (Россия) 1932 й. да йўлга қўйди. Синтетик Каучук олиш иклим ва географик шароитларга боғлиқ бўлмаганлиги, меҳнат унумдорлигининг юқорилиги ва арзон хом ашё базасининг мавжудлиги туфайли катта иктисодий фойда беради. Каучук шина, амортизаторлар, елимлар, санитария-гигиена маҳсулотлари ва б. ишлаб чиқаришда қўлланилади. Жаҳон миқёсида ҳар йили 16,5 млн. т К. (4,5 млн. т табиий ва 12 млн. т синтетик Каучук) ишлаб чиқарилади.
Ад,: Догадкин Б. А., Донцов Каучук, Шершне в В. А., Химия эластомеров, 2 изд., М., 1981; Синтетический каучук, 2 изд., Л., 1983.
Ниғмат Ашуров.