ЛИТВА

ЛИТВА (Lietuva), Литва Республикаси (Lietuvos Respublika) — Шарқий Европада, Болтик, денгизи бўйида жойлашган давлат. Майд. 65,2 минг км2. Аҳолиси 3610 минг киши (2001). Пойтахти — Вильнюс ш. Маъмурий жиҳатдан 44 туман (rajonas)ra бўлинади.

Давлат тузуми. Литва — мустақил демократик республика. Амалдаги конституцияси 1992 й. да қабул қилинган (1996 й. да ўзгартишлар киритилган). Давлат бошлиғи — президент (2003 й. дан Роландас Паскас). У умумий тенг ва тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан 5 й. муддатга сайланади. Конун чиқарувчи олий органи — сейм (бир палатали парламент). Ижроия ҳокимиятни ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Литва ҳудуди Шарқий Европа текислигида, Болтиқ денгизининг жан.-шарқий соҳилларида, Нямунас (Неман) дарёсининг ўрта ва қуйи оқими ҳавзаларида жойлашган. Ер юзаси пасттекислик ва кирлардан иборат. Марказида Ўрта Литва пасттекислиги жойлашган. Шарқи ва жан. да Болтиқ қатор тепалари бўлиб, Литва қудудида З қирга бўлинади: Аукштайтс, Дзук ва Судув. Денгиз соҳилида қум тепа ва пляжлар кўп. Литвада нефть, оҳактош, доломит, шиша қумлари, гил, торф, бур, гипс, каҳрабо ва шифобахш булоклар (Друскининкай, Паланга, Бирштонас, Ликенай) бор. Булоклар атрофида курортлар барпо этилган.

Литвада денгиз иқлими континентал иқлим билан алмашиниб туради. Континенталлик ғарбдан шарққа орта боради. Янв. нинг ўртача т-раси —3° дан — 6° гача. Июлнинг ўртача т-раси 16,5° — 17,6°. Ўртача йиллик ёғин 750 мм. Дарёлари Болтиқ денгизи ҳавзасига мансуб.

Энг йирик дарёси — Нямунас. Каунас ш. дан қуйилиш жойигача кема катнайди. Асосий ирмоқяари: Нярис, Нявежис, Дубиса ва б. Улар баҳорда серсув. 3000 га яқин кўл бор, энг каттаси — Дрисвяти. Кўллар балиқчилик ва сув паррандачилигида фойдаланилади. Туп-роқлари подзол, чимли-подзол, подзол-ботқоқ, чимли-карбонатли, ботқоқ, подзоллашган-борли, аллювиал тупроқлар.

Литва ҳудудининг 25% (1,6 млн. га) ўрмон. Игна барглилар — 65%, кенг барглилар — 35%. Қарағайзорлар, қорақарағайзорлар бор. Ҳудудининг 17% яйлов ва ўтлоқ; 7% га яқини ботқоқлик.

Ҳайвонот дунёсида сут эмизувчилардан малла товушқон, тулки, бўри, лось, асл ва холдор буғулар, тўнғиз, норка, силовсин, сувсар, сув қундузи ва б. яшайди. Дарё ва кўлларда балиқ тури кўп. Қўриқхоналари: Жувинтас ва Чяпкялю. Литва миллий боғи бор.

Аҳолисининг 81% литвалар, шунингдек, руслар, поляклар, белоруслар ҳам яшайди. Расмий тил — литва тили. Диндорларнинг аксарияти — католик. Шаҳар аҳолиси 68,5%. Йирик шаҳарлари: Вильнюс, Каунас, Клайпеда, Шяулай.

Тарихи. Литва ҳудудидан топилган археологик ёдгорликлар бу ерда одам тош асридан яшаб келаётганини кўрсатади. Аҳоли ўша даврда уруғ жамоалари тарзида яшаган, темирчилик, овчилик ва баликқчилик билан шутулланган. Мил. бошларида йирик кабила ва кабила уюшмалари (жемайтлар, ятвяглар ва б.) ажралиб чиқа бошлади. 5—6-а. ларда жамоалар емирилиб, синфий табақаланиш бошланди. 9 — 10-а. лардан хунармандчилик, савдо-сотиқ ишлари авж олди. 10— 12-а. ларда Литва ҳудудида Делтува, Каршува, Летува ва б. князликлар пайдо бўлди. 1240 й. да Буюк Литва князлиги вужудга келди. 13-а. дан Литвага не-мис рицарларининг босқинчилик юришлари бошланди. 200 й. давомида Литва билан немис рицарлари ўртасида ҳарбий тўқнашувлар бўлиб турди. 1236 й. немис рицарлари Сауле ёнида мағлубиятга учради. 1260 й. Л. қўшинлари немис салибчилари устидан Дурбе кўли яқинида бўлиб ўтган жангда ғалаба қозониб, Ливон ҳамда Тевтон орденларининг босқинчилик юришларини вақтинча тўхтатди. 13-а. ўрталарида рус ерларининг феодал тарқоқлигидан фойдаланиб, Литва князлари белорус, украин, рус ерларини қўшиб олди. Геди-мин, Ольгерд ва Кейстут князликлари даврида Буюк Литва князлиги анча кенгайди. 14а. ўрталарида Минск, Шарқий Волинь, Подолье, Киев Л. га кўшилди. Князь Витовт Днепр ва Днестр оралиғидаги Қора денгизгача бўлган ерларни қўшиб олди. Бу даврга келиб Л. Шарқий Европада энг йирик давлатга айланди. 1340—1410 й. ларда Тевтон ва Ливон орденлари яна ҳужумга ўтди, Стерва дарёси (1348) ва Каунас (1362) ёнида йирик жанглар бўлди. 1401—09 й. ларда салибчиларга карши жемайтлар қўзғо-лон кўтарди. Ички ва ташқи кураш ша-роитида Литва Польша билан Крево иттифоқини тузди (1386). 1410 й. 15 июлда Литва ва Польша қўшинлари Грюнвальд жангида (1410) Тевтон ордени устидан ға-лаба қозонди. 1435 й. Свента яқинида мағлубиятга учраган Ливон ордени ҳам ўз босқинчилик юришларини тўхтатди.

14-а. 2-ярмидан шаҳарларда хунармандчилик, керамика, ойна и. ч., заргарлик ривож топди. Каунас, Тракай ва б. шаҳарларда қасрлар қурилди. 15а. ўрталарида Буюк князлар кенгаши аста-секин Панлар радасига айланди. 16-а. дан Панлар радаси ва сейм давлат ҳокимиятининг асосий органлари бўлиб қолди.

1558 й. Россия билан Ливония уруши бошланди. Бу уруш Л. учун муваффақиятсизлик билан тугади. Литва ҳукмрон доиралари Россияга қарши урушда ёрдам олиш ниятида Польша билан яқин алоқа ўрнатди. 1569 й. Люблин иттифоқи тузилиб, Польша билан Л. Речь Посполита давлатига бирлашди.

1654—67 й. лари рус қўшинлари Литванинг шарқий қисмини, 1655 й. Вильнюс ва Каунас ш. ларини босиб олди. 1667 й. Смоленск яқинида Речь Посполита ва Россия ўртасида Андрусов сулҳи имзоланди (Белоруссия ерлари ва Украинанинг Днепр дарёси ўнг қирғоқ томонидаги ерлар Литва таркибида қолди). Шим. уруш (1700—21) йилларида Речь Посполита Россиянинг ит-тифоқцоши бўлди. 17—18-а. ларда Речь Посполита сиёсий инқирозга учради ва 1772,1793, 1795 й. ларда Пруссия, Австрия, Россия ўртасида бўлиниб кетди. Л. Россияга қўшилди. 19-а. 2-ярмида подшо ҳукумати Литвада миллатчилик сиёсатини кучайтирди. Ўлкада миллий озодлик ҳаракати бошланди. 1888 й. Вильнюсда Литва касаба уюшма ҳаракатига асос солган Ўзаро ёрдам кассаси ва Литва социал-демократияси ташкил топди.

l-жаҳон уруши йилларида Литва худуди ҳарбий ҳаракатлар майдонига айланди. 1915 й. кузида Литва ҳудудини Германия қўшинлари босиб олди. 1918 й. 16 фев. да Литва давлатининг мустақиллиги эълон қилинди. 1918 й. дек. да Литва ҳудудининг катта қисмида шўро ҳокимияти ўрнатилди ва 1919 й. фев. да Литва-Белоруссия шўро республикаси эълон қилинди. 1919 й. авг. да немис қўшинларининг ҳужумидан сўнг Қизил Армия бўлин-малари Литвадан чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. 1920 й. Л. билан РСФСР ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ, шўро ҳукумати Литва мустақиллигини тан олди. 1940 й. июнда Литва ҳудудига шўро қўшинлари киритилди. 1940 й. июлда Халқ Сеймига сайловлар бўлиб ўтди. 1940 й. 21 июлда Литва шўро республикаси эълон қилинди. 1941 й. да Литвани немис-фашист қўшинлари босиб олди, 1944 й. июль —1945 й. янв. да шўро армияси томонидан озод қилинди. 1990 й. 11 мартда республика Олий Кенгаши Литва давлатини қайта тиклаш ҳақидаги ҳужжатни қабул қилди ва мамлакат Л. Республикаси деб атала бошлади. 1990 й. майда Л. Олий Кенгаши Литванинг давлат мустақиллиги ҳақидаги декларациями қабул қилди. Литва 1991 й. дан БМТ аъзоси. 1992 й. 5 авг. да ЎзР билан дипломатия муносабатлари ўрнатди. Миллий байрами — 16 фев. — Л. давлати кайта тикланган кун (1918).

Асосий сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. Л. демократик партияси, 1989 й. да тузилган, 1902—20 й. ларда шу номда фаолият кўрсатган партиянинг вориси; Л. социал-демократик партияси, 2001 й. да асос солинган; Ватан иттифоқи, 1993 й. да тузилган; Марказ иттифоқи, 1992 й. да тузилган; Л. христиан демократик партияси, 1990 й. да асос солинган; Л. эркин касаба уюшмалари конфедерацияси, 1990 й. да тузилган.

Хўжалиги. Литва — индустриал-аграр мамлакат. Ялпи миллий маҳсулотда саноатнинг улуши — 51,2%, қ. х. нинг улуши — 24,7%, қурилишнинг улуши — 9,8%, транспортнинг улуши — 3,6%, бошқа тармоқларнинг улуши – 10,1%.

Саноатнинг асосий тармоқлари — машинасозлик ва металл ишлаш, ёғочсозлик, кимё ва нефть кимёси саноати, бинокорлик материаллари и. ч., тўқимачилик ва озиқ-овқат, нефтни қайта ишлаш саноати. Энергетика хўжалигида гидроэнергия ва торф иккиламчи ахамиятга эга. Литва иссиклик электр ст-яси ва Вильнюс иссиклик электр маркази келтирилган газ, мазут, кўмир билан ишлайди. Каунас ГЭС, Игналина АЭС бор. Литвада йилига 18,7 млрд. кВт-соат электр энергияси хрсил қилинади. Вильнюс, Рокишкис, Радвилиш-кисда қ. х. машиналари, Капсукасда озиқ-овқат корхоналари учун асбоб-ускуналар, Шяуляйда велосипед, мопед двигателлари, Паневежисда авто-компрессорлар ишлаб чикарилади. Кедайняйда кимё кти (сульфат кислота ва суперфосфат), Ионавада азотли ўғит з-ди, Каунасда сунъий тола з-ди, Вильнюсда пластмасса буюмлар з-ди, Плунгеда сунъий чарм з-ди бор.

Маҳаллий хом ашё асосида юқори сифатли цемент, ғишт, оҳак, йирик силикат блоклар, дренаж қувурлари, черепица, шифер, йиғма темир-бетон ва бетон конструкциялар ҳамда деталлар тайёрланади. Паневежисда йирик ойна з-ди дераза ойнаси ва ойна блоклари ишлаб чикаради. Ионава, Клайпеда, Каунас, Шяуляй, Вильнюс ш. ларида мебель к-тлари бор. Қоғоз саноатининг асосий марказлари — Каунас, Григишкес. Каунасдаги қоғоз ф-каси юқори сифатли қоғоз, Клайпеда, Григишкес, Пабра-дада картон, Клайпедада целлюлоза ва фанер, Каунасда гугурт, Клайпеда, Вильнюс, Григишкес, Казлу-Рудада ёғоч плиталар ишлаб чиқарилади.

Енгил саноатда тўқимачилик ва трикотаж, тикувчилик, пойабзал тармоқлари ривожланган. Енгил саноатнинг йирик марказлари: Каунас, Вильнюс, Шяуляй ва Клайпеда. Утенада трикотаж ф-каси ва Алитусда ип газлама кти мавжуд. Бадиий ҳунармандчилик (каҳрабо, керамика ва б. дан буюм ясаш) ривожланган.

Гўшт, сут, балиқ саноати Л. озиқовқат саноати маҳсулотининг 3/4 семики беради. Клайпеда — балиқ овлаш ва балик, саноати маркази. Балиқ Болтик, Баренц денгизларидан ва Атлантика океанидан овланади. Қанд-шакар, ун, кондитер, спирт-арақ, пиво саноати ҳамда мева ва сабзавотни қайта ишлаш, ўсимлик мойи олиш ривожланган.

Қишлоқ хўжалиги. Л. да иқтисодий фаол аҳолининг 35% га яқини қ. х. да банд Қ. х. га ярокли ерлар 3,4 млн. га. Ғалла, картошка, сабзавот, ем-хашак, сули, зиғир, қанд лавлаги экилади. Чорвачилик — қ. х. нинг етакчи тармоғи. Қорамол, чўчқа, қўй ва эчки, йилқи, парранда боқилади. Асаларичилик, даррандачилик (қора тулки ва норка), балиқчилик ривожланган.

Транспортининг асосий турлари — т. й. ва автомобиль транспорти. Т. й. уз. 3 минг км. Автомобиль йўллари уз. 44,5 минг км, жумладан қаттиқ қопламали йўллар 80%. 1986 й. дан Клайпеда — Мукран (Германия) солда кечув йўли ишлай бошлади. Денгиз савдо флотининг тоннажи 374 минг т дедвейт (1992). Асосий денгиз порти — Клайпеда, дарё порти — Каунас. Вильнюс аэропорти хорижий мамлакатларнинг 65 шаҳари билан боғланган.

Литва четга машинасозлик, озиқ-овқат, енгил саноат маҳсулотлари чиқаради. Четдан машина-ускуналар, хом ашё олади. Савдо-сотикдаги асосий мижозлари: Германия, Польша, Белоруссия, Латвия, Эстония ва Скандинавия мам-лакатлари. Пул бирлиги — лит.

Тиббий хизмати. Тиббиёт мутахассислари Каунас тиббиёт ин-тида, Вильнюс ун-тининг тиббиёт ф-тида ва 6 тиббиёт билим юртида тайёрланади. Друскининкай, Бирштонас, Ликенай, Паланга, Неринга ва б. бальнеология курортлари машҳур.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Литвада ўрта умумий таълим деярли тўла амалга оширилган. 12 олий ўқув юрти бор. Энг йириклари: Вильнюс ун-ти, Вильнюс пед. ун-ти, Витаутас Магнус ун-ти, Вильнюс техника ун-ти, Каунас технология ун-ти, Каунас тиббиёт академияси, Клайпеда ун-ти. Қ. х. академияси, Литва фанлар академияси бор. Литва давлат кутубхонаси, ФА кутубхонаси, клуб муассасалари, музейлар ва б. маданий-маърифий муассасалар мавжуд.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Литвада бир неча газ. ва жур. нашр этилади. Энг муҳимлари: «Летувое айдас» («Литва акс садоси», литва тилидаги кундалик газ., 1917 й. дан), «Летувос ритас» («Литва тонгги», литва ва рус тилидаги кундалик газ., 1919 й. дан), «Гимтинэ» («Она диёр», литва тилидаги ойлик жур., 1989 й. дан), «Атгимимас» («Уйғониш», литва тилидаги ҳафтанома, 1988 й. дан), «Бичюлистэ» («Дўстлик», литва тилидаги ҳафталик газ., 1990 й. дан). ЭЛЬТА телеграф ахборот агентлиги 1995 й. дан акциядорлик жамияти, 1920 й. да асос солинган; Л. да радиоэшиттириш 1926 й. дан, телекўрсатув 1957 й. дан ишлайди. Литва радио ва телевидениеси 1940 й. Вильнюс ш. да ташкил этилган.

Адабиёти. Литва халқи ўз қарашлари ва орзу-умидларини бой оғзаки ижодиётида — қўшиқдар, эртаклар, афсоналар, мақолаларда ифода этган. Кдц. ёзма ёдгорликлари 14—16-а. ларда (йилномалар, ҳуқуқ мавзуидаги ва тарбиявий асарлар) яратилган. 16—17-а. ларда, асосан, диний адабиётлар нашр қилинган (М. Даукша, Й. Бреткунас ва б.) – 17 — 18-а. ларда литва тилида эпиграммалар, достонлар, шеърий мактублар юзага келди (А. Шимельпенигис, К. Милкус ва б.). 19-а. 1-ярмида Литва адабиёти ривожига шиорлар Д. Пошка («Жемайтия ва Литва мужиги»), А. Баранаускас («Аникшчяй қарағайзори»), ёзувчи М. Валанчюс («Палангалик Юзе») кабилар муносиб ҳисса қўшдилар. 19-а. 2-ярми ва 20-а. бошларида адабиётда турли жанрлар юзага келди. В. Кудирка, П. Вайчайтис, Майронис (И. Мачюлис тахаллуси), Г. ПяткявичайтеБите ва б. ижод қила бошлади. Литва адабиётида танқидий реализмнинг шаклланиши ёзувчи Ю. Жемайтенинг ижоди билан боғлиқ («Келин», «Пятрас Курмялис»). Реалист ёзувчилардан В. Креве, Вайжгантас ва б. ижодида романтик анъаналар намоён бўлди. 40—60-й. ларда П. Цвирка, Й. Шимкус, С. Нерис каби ёзувчилар етишиб чиқди.

2-жаҳон уруши йилларида Э. Межелайтис, В. Реймерис ва б. ёш шоирлар вояга етди. Урушдан кейинги йилларда Стуога, Симонайтите, Й. Авижюс ва Й. Грибас каби ёзувчилар самарали ижод қилдилар, 50—70-й. ларда яратилган Е. Симонайтитенинг «Вилюе Каралюс», А. Беляускауснинг «Каунас романи», Й. Авижюснинг «Йўқотилган бошпана» романлари, Э. Межелайтиснинг «Инсон» шеърий тўплами, Ю. Марцинкявичюснинг «Қон ва кул», «Девор» достонлари, Ю. Грушаснинг «Геркус Мантас» драмаси Литва адабиётининг ютуғи бўлди.

1957—68 й. ларда «Литва адабиёти тарихи»нинг 4 жилдлиги эълон қилинди. К. Амбрасас, А. Бучис, Л. Гинейтис каби адабиётшунослар Литва адабиётининг долзарб муаммолари устида тадқиқот олиб бордилар. Кейинги йилларда Г. Корсакене, Й. Довидай-тис, А. Балтакис, Ю. Вайчюнайте, П. Ширвис, С. Гед, Ю. Грушас, К. Сай ва б. ёзувчиларнинг асарлари шуҳрат қозонди.

Ўзбек ва Литва халқлари ўртасидаги адабий алоқалар ривожланган. Литва адабиётининг энг яхши намуналаридан М. Слуцкиснинг «Жасорат» романи, Э. Межелайтиснинг «Инсон» шеърий тўплами, К. Донялайтиснинг «Йил фасллари» достони ва б. асарлар ўзбек тилига таржима қилинган. Ўзбек адибларидан Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён», Ойбекнинг «Навоий», Ғафур Ғуломнинг «Шум бола», Абдулла Қаҳҳорнинг «Синчалак», Асқад Мухторнинг «Чинор» романи ва б. асарлар литва тилига таржима қилинган.

Меъморлиги. Литва ҳудудида мил. ав. 4 — 2-минг йилликларга мансуб турар жой қолдиқлари топилган. Улар айлана, овал шаклида қурилган. 5—8-а. ларда атрофлари чуқур қилиб, ёғочлар б-н ўралган қароргохлар, 9—12-а. ларда ёғоч қўрғонлар вужудга келган. 14-а. да муҳим жойларда мудофаа иншоотлари қурилган, қўрғонлар қурилишида минораларга аҳамият берилган. 15-а. дан бошлаб Литвада шаҳарлар қурилиши тез ўсди (кўпинча, уйлар икки қаватли қилиб, биринчи қаватда савдо дўконлари, иккинчи қаватда эса турар жойлар қурилган). 16-а. дан Уйғониш даври маданияти таъсири кучайди. 17—18-а. ларда барокко услубида серҳашам католик черковлар, саройлар қурилди. 18-а. нинг охири ва 19-а. нинг 1-ярмида классицизм тамойиллари ёйилди (Вильнюсдаги катта бутхона, ҳоз. расмлар галереяси, шаҳар ратушаси, ҳоз. Бадиий музей). 19-а. нинг 2-ярмида ва 20-а. бошларида Литва меъморлигида ўтмишдаги услубларга тақлид кучайди, 20—30-й. ларда халқ санъати ва неоклассика анъаналари таъсирида бинолар қурилди (Каунасдаги банк, меъмор М. Сонгайла). 2-жаҳон урушидан кей-ин шаҳарлар бош режа асосида қайта тикланди, янги шаҳарлар вужудга келди, йирик панелли уйлар қурилиши авж олди. Биноларнинг олд томонларини безатишда ёғоч, керамика, витраж, металлдан фойдаланишга эътибор берилди («Няринга» меҳмонхонаси ва қаҳвахонаси, меъморлар А. ва В. Насвитислар ва б.). Литвалик меъморлар лойиҳаси асосида Тошкент (Чилонзор)да ҳам бир неча уй қурилган.

Тасвирий санъати. Литва ҳудудида неолит даврига мансуб одамлар ва ҳайвонларнинг жуда содда каҳрабо, ёғоч ҳайкалчалари, керамика идишлари топилган. 9—12-а. ларда металлни бадиий ишлаш ривож тоган (қурол, заргарлик буюмлари). 16—17-а. ларда портретлар кўп яратилган. Китоб нашр қилишнинг йўлга қўйилиши билан ксилография ривожланган. 17—18-а. ларда сарой ва черковларни безашда ҳайкалтарошлик ва рассомлик санъатидан кенг фойдаланилган. 19-а. да янги давр миллий санъати шаклланди. 20-а. бошларида миллий рассомлик шаклланишига Адабий-бадиий жамият фаолияти таъсир ўтказди. Ҳайкалтарошлардан Ю. Зикарас ва П. Римша реалистик анъаналарни давом эттиришди. Рассом М. Чюрленис ижодида адабий фольклор фантастикаси символика билан ҳамоҳанг бўлиб кетган. Замонавий рассомлар орасида А. Савицкас, С. Вейверите, Й. Шважас, В. Юркунас ва б. ажралиб туради. Каҳрабога сайқал бериш, ёғочсозлик, қўлда тўқиш санъати ривож топган.

Мусиқаси. Адабий фольклори лапарлар, асосан, ишқий қўшиқ (дайна)ларга бой. Кўпчилик бўлиб айтиладиган қад. қўшиқлар сутартине деб аталади. Халқ рақслари турли шакллар ясаб, майин тушилади. Мусиқа асбоблари орасида торли созлардан канклес, пуфлама со-злардан рагас (бурғу), даудите (узун труба), скудучай, лумздялис (флейта турлари), уриб чалинадиган созлардан скрабалай ва б. кенг тарқалган. Профессионал мусиқа 14-а. дан ривожланди. 16-а. дан черков хор мусиқа мактаблари вужудга келди, зодагонларнинг саройларида капелла, опера ва балет труппалари ташил этилди. 18-а. да Вильнюс театрида Ғарбий Европа композиторларининг опера ва балетлари саҳналаштирилди. 1803 й. да Вильнюс ун-тида мусиқа кафедраси очилди. 1906 й. да «Вильняус канклес» жамиятининг кучи билан биринчи миллий опера (М. Петраускас, «Бируте») саҳнага қўйилди. М. Чюрленис илк миллий симфоник ва камер мусиқа асарларини яратди. 1920 й. да Каунасда опера театри, 1921 й. да балет студияси, 1933 й. да консерватория очилди. 1940 й. да Вильнюсда филармония, халқ ижодиёти уйи, мусиқа билим юрти ташкил этилди. 1948 й. да опера ва балет театри Каунасдан Вильнюсга кўчирилди. Кейинги йилларда маҳаллий муаллифларнинг «Марите» операси, «Денгиз соҳилида» балети, «Олтин денгиз» опереттаси томошабинларга тақдим этилди. Симфония ва камер жанрлари ривож топди. Композиторлардан А. Рачюнас, Ю. Юзелюнас, А. Белазарас, В. Югова, Б. Дварионас ва б. баракали ижод қилди. Вильнюс консерваторияси, пед. ин-тининг мусиқа бўлими, Шяуляй пед. ин-тининг мусиқа ф-ти, 5 мусиқа би-лим юрти, мусиқа ва хореография мактаблари мусиқадан таълим беради. Дирижёрлардан — Б. Дварионас, И. Швя-дас, С. Сондяцкис, хонандалардан — К. Петраускас, Й. Стасюнас, В. Норейка ва б. машҳур.

Театр санъати унсурлари литва халқ ҳангомалари ва турли маросимларида кўп учрайди. 16—18-а. ларда мактаб театрлари фаолият кўрсатган. 1785 й. да Вильнюсда тузилган профессионал труппа Л. да биринчи халқ театрига асос бўлди. 1905—07 й. ларда ва ундан кейин Вильнюс, Каунас, Шяуляй ва б. шаҳарларда ҳаваскорлик театрлари, драма тўгараклари ташкил топди. 1919—40 й. ларда Каунас театр ҳаётининг маркази бўлди. Бу ерда Миллий театр (1919 ва 1923—25), «Вилколакис» сатира театри (1919—25) фаолият кўрсатиб, К. Глинские, Ю. Вай-чкус, А. Суткус каби реж. лар самарали ижод қилиб, муваффақиятга эришдилар.

Кейинги йилларда Вильнюс давлат театри ва б. бир катор театрларда жа-ҳон ва литва драматургиясининг энг яхши асарлари саҳнага қўйилди (Ю. Марцинкявичюснинг «Қон ва кул», Ю. Грушаснинг «Геркус Мантас» ва б.). Саҳна санъати ривожига Б. Даугуветис, Ю. Сипарис, Д. Банионис, Б. Бабкаускас, С. Юкна ва б. актёр ҳамда реж. лар катта ҳисса қўшдилар.

Вильнюс драма театри,, Ёшлар театри, Каунас драма театри, Шяуляй, Паневежис, Клайпеда театрлари, Вильнюс ва Каунасда қўғирчоқ театрлари бор. Актёр ва реж. лар Вильнюс кон-серваториясида тайёрланади.

Киноси. Дастлабки «Нямунас олдида» фильми 1909 й. да яратилган (оператор ва реж. В. Старявичюс). 1940 й. да Каунасда ҳужжатли ва хроникал фильмлар студияси ташкил қилинди. 50-й. ларнинг ўрталарида студия базаси кенгайтирилиб, бадиий фильмлар ҳам ишлаб чиқарила бошлади. В. Жалакявичюс, В. Микалаускас (реж. лар), И. Грицюс (оператор) ва б. Л. кино санъатида муҳим роль ўйнай бошладилар. Реж. ва сценарийчи В. Жалакявичюснинг «Бир кун воқеаси», «Ҳеч ким ўлишни истамас эди», реж. Р. Вабаласнинг «Тунги одамлар», «Осмонга нарвон», А. Жебрюнаснинг «Қизалоқ ва акс садо», «Гўзал» фильмлари Литва кино санъатида муҳим воқеа бўлди. Литвада ҳуж-жатли кино санъати ривожи В. Старо-шас, Л. Таутримас. Л. Мацулевичюсларнинг «Ўз Ватанида», «Польшада 10 кун», «Няринга» ва б. кино очерклари билан боғлиқ.

Ўзбекистон — Л. муносабатлари. Ўзбекистон Республикаси билан Л. Республикаси ўртасидаги иқтисодий муносабатларга ЎзР Президенти И. Каримовнинг 1995 й. июнда Литвага қилган сафари вақтида имзоланган савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳақидаги би-тим асос қилиб олинган. Шу битимга биноан, иккала мамлакат савдо-сотиқда бир-бирига энг кўп қулайлик яра-тиб бериши ва бевосита хўжалик алоқалари ўрнатиш кўзда тутилган. На-тижада мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси 1994 й. даги 23,692 млн. АҚШ долларидан 2001 й. да 29,9 млн. долларга етди. Литва президентининг 1997 й. фев. даги ЎзР га ташрифи чоғида икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни янада чуқурлаштириш ҳақида келишиб олинди. Ниҳоят, ЎзР Президенти И. Каримовнинг 2002 й. сент. да Л . га ташрифи икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди, бир қанча муҳим шартномалар имзоланди. Жумладан, транспорт, қ. ҳ., ёқилғи саноати, озиқ-овқат ва енгил саноат соҳаларида ҳамкорлик қилинадиган бўлди. Ўзбекистон-Литва савдоиқгисодий ҳамкорлик қукуматлараро комиссияси иш бошлади. ЎзР дан Литвага пахта толаси, нефть ва нефть маҳсулотлари, рангли металл, томат маҳсулоти, мева ва сабзавот консерваси, ўғит, ип газ-лама, қимматбаҳо тошдан ясалган маҳсулотлар юбориб турилади. Литвадан ЎзР га эса машина, асбоб-ускуна, сут, гўшт ва балиқ маҳсулотлари, қанд-шакар ва қандолат, ёғоч ва мебель, трикотаж, пойабзал ва бош кийимлар, сариёғ ва ўсимлик ёғи кабилар юборилади.

«Ўзбексавдо» ташкилотлари Литва даги «Авокадо», «Векта», «Клайпедос Балдай прекиба», «Лиора», «Инкарас» сингари акциядорлик жамиятларидан совиткичлар, мебель, рўзғор асбоблари, кийим-кечак, пойабзал, атторлик буюмлари, зиғир толасидан тўқилган газлама, дераза парда, мўйнали бош кийимлар олади.

Юк ташиш соҳасидаги ҳамкорлик ЎзР учун айниқса аҳмиятлидир. Клайпеда портидан ўзбек товарлари Германия, Польша, Нидерландия, Бельгия, Швеция, Финляндия, Дания ва Францияга юборилади. «Ўзбекмебель» давлат акциядорлик жамияти Литванинг «Аудеяс», «Авокадо» корхоналари билан тузган шартномаларга биноан, юқори сифатли мебелбоп газлама, ёғоч толали плиталар ва елим олади. ЎзР да литвалик сармоядорлар иштирокида ташкил этилган 22 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Маданий ҳамкорлик соҳасида ҳам дастлабки қадамлар қўйилди. Жумладан, 1992 й. Тошкентда тузилган Литва маданияти жамияти, 1994 й. Вильнюсда тузилган ўзбек миллий жамияти самарали иш олиб бораётир, иккала халқнинг маданий меросини сақлаш ва тарғиб қилишга, тилини ўрганиш ва адабий асарларини таржима қилиб нашр этишга ҳисса қўшаётир.


Кирилл алифбосида мақола: ЛИТВА ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Л ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФРАНЦИЯ
ГЕРМАНИЯ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
ИТАЛИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты