ЛЮТЕРЧИЛИК — протестантизмнинг йирик йўналишларидан бири. Асосчиси — М. Лютер. Германияда пайдо бўлган. Лютерчилик протестантизмнинг асосий қоидаларини баён қилиб берган. Лютерчилик тарафдорлари католик руҳонийлари ва черковнинг худо билан диндорлар ўртасидаги воситачилик ролини тан олмайди. Христианлик маросимларидан фақат иккитаси — чўқинтириш ва причашчение (эътикод қилувчиларнинг гўё Исонинг ҳақиқий танаси ва қонига қўшилиш учун нон ва вино истеъмол қилиб ўтказиладиган маросими)ни эътироф қилади. Лютерчиликда диний ақида, ички диний эътиқод биринчи даражали аҳамиятга эга, диний таълимот Инжилга асосланиши лозим. «Аугсбург диний эътиқоди» ва «Апология»ни ўз ичига олган «Тотувлик китоби», Библия ҳамда «Катта» ва «Кичик» катехи-зислар Лютерчиликнинг асосий диний ҳужжатлари саналади. Л. Скандинавия мамлакатларида, Германия, АҚШ, Болтиқбўйи мамлакатларида тарқалган. 1947 й. да Жаҳон лютерчилик иттифоқи тузилган.