МАККАЖЎХОРИ КАСАЛЛИКЛАРИ — замбуруғ, бактерия ва вируслар вужудга келтирадиган касалликлар. 70 дан ортиқ тури маълум. Кўп тарқалганлари:уруғ ва майсаларнинг моғорлаши. Уни Penicillium ва б. замбуруғлар пайдо қилади. Касалланган уруғ сиртида кўкимтир, кулранг ёки бошқа тусдаги ғубор бўлади, бундай уруғ униб чиқмайди. Уруғ камроқ касалланган бўлса, экканда майса чиқади, лекин ер ости қисми зарарланган бўлади, 4—5 барг чиқаргунча ўсиб, кейин ўсишдан тўхтайди; Пуфаксимон қоракуя. Ustilago zeae Unger. замбуруғи туғдиради. Замбуруғ ҳаво орқали юқиб, маккажўхори сўтаси, попуги, пояси, барги ва баъзан илдизи бўғзини зарарлайди. Касалланган органларда оқимтир доғ ҳосил бўлиб, турли катталикдаги пуфакка айланади. Ўсимликяхши ривожланмайди. Чзнгсимон қоракуя. Sorosporium Reilianum Me. Alp. замбуруғи туғдиради. Замбуруғ ўсимлик пояси ўсиб, гуллаш даврида сўтаси ва попугини зарарлайди. Касалланган сўтада шиш пайдо бўлиб, бу шиш олдин оқ ёки пушти парда билан қопланади, ичи эса тўқ жигарранг ва қора чанг массага айланади. Ўсимлик ўсишдан тўхтайди, шохлаб кетади, барглари кенгаяди, ҳосил тугмайди. Гельминтоспориоз. Helmintosporium turcicum Pass, замбуруғи туғдиради. Барг, барг қўлтиғи, дон қобиғи, баъзан сўталар зарарланади. Касалланган органларда жигарранг ҳошияли малла, йирик, чўзиқ доғлар ҳосил бўлади. Улар бир-бири билан қўшилиб, йириклашади, касалланган тўқималар қурийди, кўк поя ва дон ҳосили камайибкетади. Бактериал сўлиш. Bacterium Stewarti замбуруғи туғдиради. Ўсимликнинг пастки баргларида оч яшил чизиқ доғлар ҳосил бўлиб, доғлар кейинчалик сарғаяди, аста-секин бутун барг бўйлаб узун йўллар ҳосил бўлади, сўнгра барглардан пояларга ва юқориги баргларга ўтади, ўсимлик сўлийди. Сўта бактериози. Bacillus mesentericus vulgarus Fluggl. бактерияси туғдиради. Зарарланган донларда, айниқса, сўтанинг юқори қисмида думалоқ, ярасимон доғ пайдо бўлади.
Кураш чоралари: алмашлаб экиш; ўсимлик қолдиқларини йўқотиш; ерни кузда шудгорлаш, уруғни экишгача дорилаш, уруғликни соғлом ўсимликлардан тайёрлаш, касалликка чидамли навларни экиш, зараркунанда, ҳашаротларга қарши вактида курашиш ва б.
Султон Алимуҳамедов.