МАҲМУД ТОРОБИЙ ҚЎЗҒОЛОНИ

МАҲМУД ТОРОБИЙ ҚЎЗҒОЛОНИ — Бухорода мўғуллар зулмига қарши кўтарилган халқ ҳаракати (1238). Ҳарбий раҳбари — Маҳмуд Торобий, ғоявий мафкурачиси — Шамсуддин Маҳбубий. Чиғатой улусида мўғуллар истибдоди остида эзилган ва зулмидан тўйган маҳаллий аҳоли қўзғолон кўтаришга бир неча марта харакат қилган. Бухородан 20 км ғарбдаги Тороб қишлоғи (ҳоз. Бухоро вилояти Жондор тумани ҳудуди) да бошланган қўзғолон бу курашнинг чўққиси ҳисобланади. Тороб қишлоғи ва унинг атрофидаги деҳқонлар ва ҳунармандлар мажлисларида ўзаро кенгашиб, мўғуллар зулмига қарши очиқ кураш бошлашга қарор қилганлар. Қўзғолончилар Махмуд Торобий бошчилигида Бухорога юришди ва шаҳардаги Малик Санжар қасри (1206 й. да Бухорода кўтарилган қўзғолон раҳбари қурдирган) ни эгаллаб, уни ўзларига қароргоҳ қилиб олишди. Улар сафига кўплаб тарафдорлар ва маслакдошлар келиб қўшилган. Торобийнинг опаси ҳам қўзғолоннинг фаол иштирокчиларидан бири бўлиб, бу табиб ва дуохон аёл ўз мардлиги, куч-ғайрати, жасорати ва душманга нафрати билан қўзғолончилар орасида алоҳида ажралиб турган. Жувайнийнчнг ёзишича, йирик тасаввуф шайхи ва ақоид уламоси Шамсуддин Маҳбубий қўзғолончиларнинг ғоявий раҳнамоси сифатида қўшин ва халқ ўртасида катта ташвиқот ишларини олиб борган. Улар мўғул босқинчилари ва улар хизматига ўтган маҳаллий маъмурларни ўлдириб, мол-мулкини бева-бечораларга тақсимлаб беришган. Бухоро бутунлай қўзғолончилар қўлига ўтган. Маҳмуд Торобий Робиа саройига жойлашиб, султон қилиб кўтарилган, бош садр Бурҳониддин унинг талаби б-н Шамсуддин Маҳбубийни шаҳар садри этиб тайинлаган. Мўғул қўшинлари ва босқинчилари бу пайтда Карманага қочиб, шошилинч куч тўплай бошлаганлар. Қўзғолонни бостириш учун Карманадан юборилган мўғул қўшинлари Бухоро атрофида тормор келтирилган, жангда 10 минг мўғул аскари ўлдирилган. Қўзғолончилар мўғулларни қувиб, Карманагача борганлар. Бироқ бу жангда Маҳмуд Торобий ва Шамсуддин Маҳбубий ҳам ҳалок бўлишган. Қўзғолонга Маҳмуд Торобийнинг 2 укаси: Муҳаммад ва Али раҳбарлик қилганлар. Мўғуллар уларга қарши Элдиз Нўён ва Чекан Қурчи бошлиқ янги кучларни ташлашган. Кармана яқинидаги Работи Малик (ҳоз. Навоий тумани маркази Малик работ)да бўлган щиддатли жангда қўзғолончилар мағлубиятга учраган, улардан 20 минг киши, жумладан, Муҳаммад ҳамда Али ҳам ҳалок бўлган. Қўзғолон шафқатсизларча бостирилган. Мўғуллар Бухорога кириб, шаҳар ва унинг атрофидаги кишиларни талашга ва ўлдиришга киришган. Хўжандда турган Махмуд Ялавочнинг бу ерга келиши б-н Бухородаги қирғин тўхтатилган. У таланган ва вайрон этилган шаҳардан ҳеч қандай солиқ йиғиб ,бўлмаслигига Чиғатойнн ишонтира олган. Маҳмуд Торобий Қўзғолони мағлубиятга учраса ҳам, у изсиз кетмаган. Мўғул маъмурлари эндиликда маҳаллий аҳоли билан эҳтиёткорона муносабатда бўлиб, ўлпон ва солиқларни камайтиришган. Маълум муддат турли ўзбошимчаликларга чек қўйилган. Чиғатой улусини мўғул хоқон (қоон)лари номидан бо-шқарган Маҳмуд Ялавоч ва унинг ўғли Масъуд Ялавоч бу пайтда ҳам хоқонлар манфаатини кўзлайдиган, ҳам маҳаллий халққа хайрихоҳ нозик сиёсатни юритишган.

Ад.: Бухоро Шарқ дурдонаси, Т., 1997; Татаромонголы в Азии и Европе, Маҳмуд торобий қўзғолони, 1970. Қаҳрамон Ражабов.


Кирилл алифбосида мақола: МАҲМУД ТОРОБИЙ ҚЎЗҒОЛОНИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: М ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
БУХОРО ВИЛОЯТИ
БУХОРО ХАЛҚ СОВЕТ РЕСПУБЛИКАСИ
БУХОРО ХОНЛИГИ
АМИР ТЕМУР


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты