МУКОР ЗАМБУРУҒЛАР (Mycorales) — фикомицетлар синфига мансуб тубан замбуруғлар тартиби, кўп ядроли ҳужайрасиз мицелийдан ривожланади. Жинссиз кўпайиш органлари — спорангий. Жинсий кўпайиши — зигогамия. Зигоспоралар битта ёки бир нечта мицелий тармоқларининг қўшилишидан ҳосил бўлади. Мукор замбуруғларнинг 6—8 оиласи (250 га яқин тури) бор. Кўпчилик Мукор замбуруғлар сапрофит, органик субстратларда яшайди; баъзилари бошқа Мукор замбуруғларда, юксак замбуруғларда, меваларда ва ўсимликларнинг бошқа қисмларида яшаб, ҳар хил касалликлар қўзғатади. Улар одам ва ҳайвонларни ҳам касаллантириши мумкин. Айрим Мукор замбуруғлар, мукор ачитқилар бижғитиш хусусиятига эга бўлганлиги учун алкоголли ичимликлар тайёрлашда фойдаланилади.