ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ПРЕЗИДЕНТИ — Ўзбекистон Республикасида давлат ва ижро этувчи ҳокимият бошлиғи. Ўзбекистонда президентлик лавозим сифатида 1990 йил 24 мартда таъсис этилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатнинг 18 ёшга тўлган фуқаролари умумий, тенг ва тўғридантўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериши йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти 7 йил муддатга сайланади. Президентни сайлаш тартиби «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонун (1991 йил 18 нояб.) ва унинг янги таҳририда (2004 йил 3 дек.) қабул қилинган тегишли моддаларида белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар ва бевосита фуқаролар эгадирлар. Сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқаро ёки фуқаролар гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш учун камида 300 нафар сайловчидан иборат сайловчилар ташаббускор гуруҳини тузиши керак. Президентликка номзодлар кўрсатиш сайловга 65 кун қолганда бошланади ва 45 кун қолганда тугайди. Номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари, шунингдек, сайловчилар ташаббускор гуруҳи йиғилиши томонидан амалга оширилади. Президент сайловида 2 та номзод иштирок этган такдирда, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг нисбий кўпчилик овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида 2 тадан ортиқ номзод иштирок этган тақдирда, агар номзодларнинг ҳеч бири овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини ололмаган бўлса, сайловчиларнинг овозини энг кўп олган 2 номзод иштирокида такрорий овоз бериш ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари тўғрисидаги ахборот сайловдан кейин 10 кундан кечиктирмай Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади. Сайланган Президент Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари расмий тарзда эълон қилинган кундан эътиборан кечи билан 2 ой ичида Олий Мажлис йиғилишида қасамёд қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришади. Президент қуйидагича қасамёд қилади: «Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан».
Ўзбекистон Республикасининг Президентига, Конституцияга мувофиқ кенг ва хилмахил ваколатлар берилган. Бу ваколатлар давлат ҳаётининг деярли барча соҳаларига тааллуқли бўлиб, мамлакат иқтисодиёти ва умуман жамият ривожланишига жуда катта таъсир ўтказади. Президент фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафили; Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза этиш, миллийдавлат тузилиши масалаларига доир қарорларни амалга ошириш юзасидан зарур чоратадбирлар кўради; мамлакат ичкарисида ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради. Президент Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондони ҳисобланади. Қуролли Кучларнинг олий қўмондонларини тайинлайди ва вазифасидан озод қилади, олий ҳарбий унвонлар беради. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматини тузади. Фавқулодда вазиятлар (реал, ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар) юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, мамлакатнинг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади ва қабул қилган қарорини 3 кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади. Президентнинг ваколатлари жумласига фуқаролик, сиёсий бошпана бериш, Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан такдирлаш, афв этиш тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ва гуноҳидан кечишни амалга ошириш каби масалаларни ҳал этиш киритилган. Ўзбекистон Республикасининг Президенти Конституция ва қонунларга асосланиб ҳамда уларни ижро этиш юзасидан республиканинг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар, қарорлар ва фармойишлар чиқаради. Давлат бошлиғи сифатида Президент давлат ҳокимияти органлари тизимида мувофиклаштирувчи вазифани бажаради. Президентнинг ижро этувчи ҳокимият органларига нисбатан ваколатлари аввало унинг Ўзбекистон Ҳукуматини тузишдаги иштирокида кўринади. Президент Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлайди ва лавозимларидан озод қилади; вилоят ҳокимларини ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимини тайинлайди ва лавозимидан озод этади, кейинчалик бу масалаларни тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг тасдиғига киритади. Президент Конституцияни, қонунларни бузган ёки ўз шаъни ва қадрқимматига доғ туширадиган хаттиҳаракат содир этган ҳокимларни ўз қарори билан лавозимидан озод этишга ҳақди. У республика бошқаруви органларининг, шунингдек, ҳокимларнинг қабул қилган ҳужжатларини тўхтатиши, бекор қилиши мумкин. Президент қабул қиладиган ҳужжатлар «Ўзбекистон Республикаси Президентининг хабарномаси»да, шунингдек, республика газ. ларида расман эълон қилинади. Президент ўз вазифасини бажариб турган даврда бошқа ҳақ тўланадиган лавозимни эгаллаши, вакиллик органининг депутати бўлиши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмас. Президентнинг шахси дахлсиздир ва «Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида»ги қонун (2003 йил 25 апр.) билан муҳофаза этилади. Президентнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилинишига, шунингдек, унинг шаъни ва қадрқимматига путур етказилишига йўл қўйилмайди ва бундай ҳаракатлар тегишли қонунларга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Бу қоида истеъфога чиққан Президентга нисбатан ҳам ўз кучини сақлаб қолади. Президент меҳнатига ҳақ тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасининг Президенти бетоблиги сабабли ўз вазифасини бажара олмаслиги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари қўшма қарорига кўра тузилган давлат тиббий комиссия хулосаси билан тасдиқланган тақдирда 10 кун муддат ичида палаталарнинг қўшма фавқулодда йиғилишида депутатлар, сенаторлар орасидан 3 ойгача бўлган муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи сайланади. Бу ҳолда 3 ой муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумхалқ сайлови ўтказилиши шарт. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат қурилиши соҳасидаги тажрибасидан унумли фойдаланиш мақсадида ваколати тугаши муносабати билан истеъфога чиққан Президент умрбод Сенат аъзоси лавозимини эгаллаши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19боби «Ўзбекистон Республикасининг Президенти» деб номланади. Бу боб 9 та моддадан иборат бўлиб, уларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявийҳуқуқий мақоми белгилаб берилган. Олий Кенгаш 12чақириқ 1сессиясида депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти лавозимйга Н. А. Каримов сайланган эди. «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунга биноан, 1991 йил 29 дек. ва 2000 йил 9 янв. да муқобиллик асосида тўғридантўғри умумхалқ Президент сайловлари ўтказилди. Бу сайловлар натижасида И. А. Каримов Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайланди.
Ўзбекистон Республикасиниш Президенти самарали фаолият юритишни таъминлаш мақсадида Президент девонини тузади, турли хизмат бўлинмаларини шакллантиради. Ўзбекистон Республикасининг Президенти Оқса/>ойдаги қароргоҳида фаолият юритади. «Дўрмон» (Қибрай тумани) қароргоҳида турли халқаро учрашувлар, олий мартабали меҳмонларни кутиб олиш маросимлари ва бошқалар тадбирлар ўтказилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти девони биноси — Тошкент шаҳрининг марказий қисмида, Ўзбекистон шоҳкўчаси (Анҳор бўйи)да жойлашган (1964, меъморлар В. Березин, А. Файнлейб, Р. Блезе, С. Эшонхўжаев ва бошқалар; муҳандис Э. Леннишмидт ва бошқалар). Асосий бино 6 қаватли бўлиб, биринчи қаватга 900 ўринли мажлислар зали туташган. Бино аниқ геометрик шакллардан фойдаланилгани, нисбатларнинг аниқ ва монументаллиги, бадиий кўркам ва меъморий жиҳатдан оддийлиги билан ажралиб туради. Асосий бино (уз. 94 м) шимолга қараган, 3 бўлакдан иборат. Бино тарзидаги вертикал бўлинишлар, катта ҳажмдаги деразалар ҳамда асосий кириш эшиги мутаносиблиги бинога алоҳида улуғворлик бахш этган. Бинонинг жан. томони ҳам шу тарзда ҳал этилган, унга қуёш нурини тўсувчи махсус мосламалар ишланган. Мажлислар зали биносида вестибюль, фойе, кутубхона, ошхона ва бошқалар қўшимча хоналар мавжуд; залга асосий бинонинг 2қаватидаги махсус йўлакдан ўтилади; бинонинг ғарб томонидаги ойналар олдига алюминий пластинка (асалари инига ўхшаш тўсиқ)лар қўйилган, жан. томони қабариқ блоклардан ташкил топган. Бино пардозида юқори сифатли мармар плиталар, кошинлар, сувоғида майдаланган мармар бўлакчалар ва бошқалар ишлатилган; атрофидаги ҳудуд кўкаламзорлар, гулзорлар билан сўлим масканга айлантирилган.