ЎСИМЛИКЛАР ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ

ЎСИМЛИКЛАР ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ — маданий ўсимликларни зарарлайдиган ёки уларни нобуд қиладиган жониворлар. Умуртқали ҳайвонларнинг сут эмизувчилар синфи, айниқса, кемирувчилар туркумига мансуб Ўсимликлар зараркунандалари кўп. Умуртқасиз ҳайвонлардан қориноёқли моллюскаларнинг айрим турлари, нематодалар синфидан юмалоқ чувалчангларнинг кўпчилиги ўсимликларни зарарлайди. Бўғимоёқлилардан ҳашаротлар синфи, ўргимчаксимонлар синфи (каналар), кўпоёкдилар синфининг баъзи турлари ҳамда қисқичбақасимонлар (эшакқурт) га мансуб турлитуман ва жуда кўп Ўсимликлар зараркунандалари турлари бор. Ҳашаротлар, айниқса, ҳосилга кўпроқ зарар етказади. Уларнинг 60 мингдан ортиқ ўсимликхўр тури маълум, шу жумладан, 4 мингга яқин тури маданий ўсимликларга зарар етказади, маҳсулотларни бузади ва ҳ. к.

Қ. х. учун зарарли ҳашаротлар систематик тамойил (туркумлар бўйича) ҳамда озиқланиш характери бўйича таснифланади. Ўсимликхўр ҳашаротлар ва каналар турли оилаларга мансуб ўсимликлар билан озиқланадиган ҳаммахўр ҳашаротлар — полифагларга; бир оилага мансуб ҳар хил турдаги ўсимликлар билан озиқланадиган ҳашаротлар — олигофагларга; фақат бир турдаги ўсимликлар билан озиқланадиган ҳашаротлар — монофагларга бўлинади. Турли экинлар ҳосилига ҳаммахўр зараркунандалар: чигирткасимонлар, баъзи чирилдоқлар, қўнғизлардан қирсилдоқ (симқуртлар), қора қўнғизлар (сохта симқуртлар) ва бошқалар, капалаклардан кузги тунлам, ғўза тунлами, карадрина ва бошқалар катта зарар келтиради. Бир оилага мансуб ҳар хил турдаги ўсимликлар билан озиқланадиган ҳашаротлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Буларга швед пашшаси, гессен пашшаси ва бошқалар кириб, фақат бошоқли ўсимликлар билан озиқланади. Карамгулдошларга мансуб ўсимликлар билан озиқланадиган ҳашарот турлари ҳам кўп. Буларга карам оқ капалаги, карам куяси, карам пашшаси ва бошқалар киради. Фақат бир турдаги ўсимликлар билан озиқланадиган ҳашаротлардан филлоксера (токнинг асосий зарарқунандаси), беда барг филчаси (фитономус) ва бошқалар хавфли зараркунандалардан ҳисобланади. Зараркунанда ҳашаротлар ва каналар улар зарарлайдиган ўсимлик гуруҳлари бўйича ҳам таснифланади. Мас, бошоқлилар зараркунандалари, ғўза зараркунандалари (200 дан ортиқ тури бор), боғ зараркунандалари, сабзавот экинлари зараркунандалари ва ҳ. к.

Ўсимликлар зарарланишининг асосий икки тури фарқланади: биринчиси — оғиз органлари кемирувчи, иккинчиси санчибсўрувчи ҳашаротларга хос. Кемирувчи ҳашаротлар ўсимликнинг турли органларини, тўқималарини кемиради. Санчибсўрувчи ҳашаротлар, мас, ўсимлик битлари, каналар ва бошқалар ўсимлик шираси билан озиқланади. Ўсимликлар зараркунандалари озиқланишида ўсимликнинг маълум органларига ўрганган бўлади. Шунинг учун ҳам илдиз, поя, барг, мева, гул ва бошқалар органлар зараркунандалари гуруҳлари фаркланади.

Ўсимликлар зараркунандалари тарқалиши ва турлар комплексининг шаклланиши ташқи муҳитнинг ўзгарувчанлиги ҳамда турларнинг экологик мослашуви билан узвий боғлиқ. Ҳар бир тур ўзи учун қулай ҳудудга жойлашади.

Ҳашарот ва каналарнинг ривожланиши ҳамда кўпайиши учун т-ра шароити муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир тур учун маълум т-ра режими зарур. Суткалик ўртача самарали т-ра йиғиндисига қараб ҳашаротларнинг пайдо бўлиши, ривожланиши, мавсумда насл беришини тахм. аниқлаш мумкин. Ўсимликлар зараркунандаларининг эмбрионал ва постэмбрионал ривожланиши, одатда, юқори трада тезлашади. Мас, беда барг филчаси 17,6° да 56, 21,2° да 34, 22° да 31 кунда ривожланади.

Ривожланиши тупроқ билан боғлиқ бўлган ҳашаротлар учун тупроқнинг кимёвий таркиби, кислоталилиги, аэрацияси, намлиги катта аҳамиятга эга. Агротехника тадбирлари (тупроқни ишлаш, ўғит солиш ва бошқалар) ёрдамида зараркунанда ҳашаротлар учун ноқулай шароитяратиш мумкин. Мас, нордон тупроқлар оҳакланганда қирсилдоқ қўнғизлар ривожлана олмайди. Ўсимликлар зараркунандаларининг бошқа ҳайвон организмлари билан ўзаро боғлиқлиги ҳам уларнинг ривожланишига жиддий таъсир кўрсатади. Мас, ўсимлик битлари ўсимлик шираси билан озиқланади, улар ажратган шира чумоли, яйдоқчи ва баъзи пашшалар учун озиқ ҳисобланади. Ўсимлик битлари билан йиртқич ҳашаротлар (қўнгизлар, визилдоқ пашша личинкалари ва бошқалар), улар билан турли ҳашаротхўр қушлар, булар билан эса турли йиртқич қушлар озиқланади.

Ўсимликлар зараркунандаларининг кўпайишида озиқнинг кўплиги ва таркиби, обҳаво шароити, йиртқичлар, паразитлар, касалликлар таъсири ва бошқалар муҳим роль ўйнайди. Бир жойда муттасил бир хил экин экиш (якка зироатчилик) шу ўсимлик билан озиқланадиган зараркунандаларнинг кўпайиб кетиши учун қулай шароит яратади. Мас, эски бедапояларнинг ўз вақтида ҳайдалмаслиги уларда беда барг филчасининг кўпайиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Ўсимликларни зараркунанда ҳашаротлардан ҳимоя қилишда фенологик кузатиш (қ. Фенология) муҳим аҳамиятга эга (қ. Ўсимликларни ҳимоя қилиш).

Ад.: Яхонтов В . В ., Ўрта Осиё қишлоқ хўжалиги ўсимликлари ҳамда маҳсулотларининг зараркунандалари ва уларга қарши кураш, Т., 1962; Яхонтов В. В., Экология насекоммх, М., 1964.

Султон Алимуҳамедов.


Кирилл алифбосида мақола: ЎСИМЛИКЛАР ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ў ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
КАНАЛАР
ЎСИМЛИКЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ
ОКЕАН
ИБН СИНО


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты