ЎҚУВ ДАСТУРИ — таълим тизимидаги ҳар бир ўқув фанининг мазмуни ва ўтилиш тартибини, ўқувчилар томонидан ўзлаштирилиши лозим бўлган билим ҳамда кўникмалар ҳажмини белгилаб берадиган расмий педагогик ҳужжат. Ўзбекистонда Ўқув дастури тегишли вазирликлар қошидаги илмий методик кенгашлар томонидан тасдиқланади. Ҳар бир Ўқув дастури уқтириш хати, ўқув фани мазмунининг қисқа баёни, ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларига қўйиладиган талаблар сингари 3 қисмдан иборат. Ўқув фанининг мақсад ва вазифаларини белгилаб бериш Ўқув дастурининг муҳим белгисидир. Чунки айни шу нарса яратиладиган ўқув дарслиги муаллифига муайян нуқтаи назарни танлаш, ўқитувчига эса педагогик мўлжални тўғри белгилаш имконини беради. Таълим амалиётида Ўқув дастури яратишнинг концентрик (марказлашган) ҳамда тизимли усуллари бор. Концентрик йўл билан тузилган Ўқув дастурида таълимнинг мазмуни ёки ўқув материаллари ўқитишнинг кейинги босқичида юксакроқ даражада такрорланиши кўзда тутилади. Бошланғич синфларда ўтиладиган ўқув фанлари бўйича Ўқув дастури лари шу усудда тузилади. Тизимли усуддаги Ўқув дастури ларида ўқув материаллари фан мантиғига мувофиқ соддадан мураккабга қараб кетмакет жойлаштирилади. Мактабнинг бошланғич синфдан кейинги босқичларида қўлланиладиган бу усудда ортиқча такрорларга йўл қўйилмайди, ҳар бир мавзунинг ўз ўрнида ўтилиши кўзда тутилади. Таълимнинг Ўқув дастури томонидан белгиланган мазмуни дарслик, ўқув қўлланмалари, кўргазмали қурол ва методик тавсияларда тўла намоён бўлади.