ПАЛЕОЗОЙ ЭРАТЕМАСИ

ПАЛЕОЗОЙ ЭРАТЕМАСИ (ЭРАСИ), палеозой (палео… ва юн. zoe—ҳаёт) — Ер геологик тарихининг 3-эраси (қ. Геохронология). Радиологик текширишларга кўра, Палеозой эратемаси 560—570 млн. йил аввал бошланиб, 310—320 млн. йил давом этган. 1837 й. инглиз геологи А. Сежвик ажратган. Ҳозир Палеозой эратемаси кембрий, ордовик, силур, девон, тошкўмир ва пермь даврларига бўлинган.

Юқори токембрий давридан бир оз олдин кучли бурмаланиш натижасида платформа (Шарқий Европа, Сибирь, Хитой-Корея, Жан. Хитой, Шим. Америка, Бразилия, Африка, Ҳиндистон платформалари) ва геосинклиналлар шаклланган. Вақтвақти билан платформаларни сув босиб, саёз денгизлар пайдо бўлган. Денгиз остида унча калин бўлмаган турли таркибли чўкиндилар тўпланган. Платформаларнинг чеккалари томон чўкиндиларнинг қалинлиги ортиб борган. Геосинклиналлар платформаларга нисбатан серҳаракат бўлган. Уларда кўп миқдорда вулкан ва кремнийли жинслар тўпланган. Палеозой эратемасида каледон ва герцин бурмаланиши бўлиб ўтган. Шу даврда тоғлар пайдо бўлиб, кўпгина қизғиш моласслар ҳосил бўлган. Герцин бурмаланиши натижасида Марказий Европа, Урал, Аппалачи ва б. тоғ системалари қад. кўтарган. Буюк Гондвана қуруклиги Жан. ярим шар платформаларини эгаллаган. Шим. ярим шарда Палеозой эратемасининг 2ярмида Сибирь платформаси ва унга ёндош тоғ тизмаларини ўз ичига олган улкан Ангарида бўлган.

Палеозой эратемаси бошланишида илгари яшамаган қаттиқ скелетли ҳайвонлар (хиолитлар, хиолительминтлар, гастроподалар, брахиоподалар ва археоциатлар) пайдо бўлган. Қуйи палеозойда трилобитлар кембрий ва ордовик даври денгиз ҳайвонларининг кўпчилигини ташкил қилган. Улар Палеозой эратемаси охирида қирилиб кетган. Бу даврда елкаоёклилар (брахиоподалар)нинг турлари кўпайган. Ордовик даврига келиб мшанкалар ҳамда стромато-пороидалар пайдо бўлган. Умуртқасиз ҳайвонлардан граптолитлар ва бошоёқлилар кўп яшаган. Девон даврида гониатитлар кенг тарқалган. Юқори Палеозой эратемасида бир ҳужайрали ҳайвонлардан фораминифералар кўпайган. Палеозой эратемасида умуртқалилардан баликлар яшаган; кембрий ва ордовик даврида оддий ва жағсиз баликлар куп бўлган. Силур, айниқса, девон даврида икки ёклама нафас олувчи ва чўткақанотлилар жуда ривож топган. Чўткақанотлилар сувда ва қуруқликда яшовчи (амфибия)лар вужудга келган (улар девон даври охирларида қуруқликка чиққан). Карбон, айниқса, пермь даврида ўтхўр ва йиртқич судралиб юрувчилар яшаган.

Палеозой эратемасида ўсимликлар тез ривожланган. Кембрий ва ордовикда ўсимликлар, асосан, сувўтлардан иборат бўлган. Силур жинсларида спора қолдиклари сақланган. Қуйи девон даври жинсларида паст бўйли ибтидоий ўсимликлар — псилофитларнинг излари учрайди. Ўрта ва юқори девонда ўсимликларнинг турлари кўпайган, дарахтсимон плаунлар, содда тузилган папоротниклар ўсган ва дастлабки очиқ уруғлилар вужудга келган. Карбон даврида ўсимликлар жуда хам ривожланган. Ўрмонлар ўрнида тошкўмир қатламлари ҳосил бўлган.

Евросиёда Палеозой эратемасига мансуб платформа ва геосинклиналь ётқизиқлари кўп учрайди. Шарқий Европа ва Сибирь платформалари, асосан, Палеозой эратемаси чўкинди жинслари комплексидан иборат. Шарқий Европа платформасининг шим.-ғарбий қисмида кембрий даври денгиз гиллари ва қумтошлари, ордовик ва силур оҳактошлари тарқалган. Девон ва карбон даврида денгизда ҳосил бўлган жинслар орасида айниқса оҳактошлар жуда кўп. Бу жинсларда кумир, нефть, боксит ва ўтга чидамли гил катламлари бор. Сибирь платформаси Палеозой эратемаси жинслари орасида кембрий даври денгиз чўкинди жинслари — оҳактош, доломит, айрим жойларда тоштуз, гипс ва ангидрит кўп. Карбонатсланец ва қум-тошли гил қатламларидан таркиб топган силур ва девон даври ётқизиқлари кам учрайди. Карбон ва пермь даври жинслари кўмирли қалин қатламлардан иборат.

Ўзбекистоннинг деярли ҳамма ерларида Палеозой эратемаси жинслари учрайди. Қуйи кембрий жинслари 20—50 м қалинликдаги ванадийли, фосфоритли, кремнийли ва кўмир-кремнийли сланецлардан таркиб топган. Бу жинслар Писком ва Сандалаш тоғларида тарқалган. Томдитов тоғларида қуйи кембрий жинслари алевролит, қумтош, доломит ва оҳактош қатламларидан иборат. Ўрта кембрий, ордовик ва қуйи силур даври оҳактош, доломит, терриген-вулкан, аргиллит, алевролит, сланец, қумтош ва руда катламларидан тузилган. Юқори силурқуйи девон даври терригенли оҳактош ва оҳактошлардан, қизғиш вулкан жинслардан таркиб топган. Ўрта девон ва қуйи триас даврида шағалтош, қумтош, алевролит, аргиллит, охактош, доломит ва вулкан жинсларининг калин катламлари ҳосил бўлган.

Палеозой эратемаси жинсларида турли фойдали казилмалар топилган. Урал, Қозоғистон, Олтой, Ғарбий Европа ва Шим. Америкадаги бой руда конлари Палеозой эратемасининг интрузив жинслари билан боғлиқ.

Палеозой эратемаси чўкинди жинсларида нефть, тошкўмир, ёнувчи сланец ва мисли қумтош, шунингдек, фосфорит, боксит, тоштуз, калий тузи тўпланган.

Ўзбекистон П. э. ётқизикларида мис, қўрғошин, қалай (Олмалиқ), флюорит (Новгарзон), вольфрам (Ингичка), олтин, алунит ва б. бор. Палеозой эратемаси тоғ жинсларининг купи қурилиш материали сифатида ишлатилади.

Ад.: Страхов Н. М., Основы исторической геологии, ч. 1—2, М,—Л., 1948; Ах-меджанов М. А. и др., Геологическое строение и состав палеозойского фундамента Узбекистана, т. 1, Т., 1967.


Кирилл алифбосида мақола: ПАЛЕОЗОЙ ЭРАТЕМАСИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: П ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ОСИЁ
ОКЕАН
ҲИНДИСТОН
ПЕРМЬ СИСТЕМАСИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты