ПОЛЬША

ПОЛЬША (Polska), Польша Республикаси (Rzeczpospolita Polska) — Марказий Европадаги давлат. Майд. 312,7 минг км2. Аҳолиси 38,6 млн. киши (2002). Пойтахти — Варшава ш. Маъмурий жиҳатдан 16 воевода (wojewodztwo) ra бўлинади.

Давлат тузуми. Польша — республика. Амалдаги конституцияси 1997 й. 25 майда қабул қилинган. Давлат бошлиғи — президент (1995 й. дан Александер Квасьневски), у П. фуқаролари томонидан умумий тенг ва тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан 5 й. муддатга сайланади. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни 2 палатали парламент (қуйи палата — сейм ва юқори палата — сенат), ижрочи ҳокимиятни президент ва Вазирлар Кенгаши (ҳукумат) амалга оширади.

Табиати. Польша Висла ва Одра дарёлари ҳавзасида, шим. да Болтиқ денгизи ва жан. да Карпат ва Судет тоғлари оралиғида жойлашган. Ҳудудининг 90% дан кўпроғи текислик ва паеттекислик, жан. да тоғликлар бор. Денгиз бўйлари паст, қумлоқ. Қазилма бойликлари — тошкўмир, қўнғир кўмир, табиий газ ва нефть, темир, мис, қўрғошин, олтингугурт, рух; калиймагний туз конлари бор. Иқлими мўътадил, океан иқлими билан континентал иқлим ўрта-сида. Янв. нинг ўртача т-раси — Г дан — 6° гача, июлники 10—19°. Йиллик ёғин 500—1800 мм. Ёмғир ва қордан сув оладиган Одра, Висла, Буг, Нотец ва Вар-та дарёларида кема катнайди. Польшада 9000 дан ортиқ кўл бор. Энг катталари: Сняр-дви (113,8 км2), Мамри (104 км2).

Польша ҳудудининг ярмидан кўпроғи ҳайдаладиган ерлар, 28% ўрмон. Аксарият жойларда игна баргли, ғарби ва жан. да кенг баргли дарахтлар усади. Мамлакат шим. ва шарқида яхлит ўрмон-зорлар (Белая Вежа пушчасининг бир қисми ва б.) сақланган. Шим. ва шим,-шаркда катта майдонлар вереекзор ва торфли ерлар билан банд. Текисликларда аксари чимли-подзолли тупроқлар, шарқ ва шим.-шарқда ботқоқли тупроқлар, тоғ олди ва тоғ этакларида қўнғир ўрмон ва қора тупроклар, тоғларда эса, тоғ қўнғир, дарё водийларида аллювиал тупроқлар тарқалган. Ўрмонларда бўри, силовсин, тулки, бўрсиқ, айиқ; туёқлилардан тўнғиз, лось, буғу яшайди. Кушлардан карқур, каклик, тоғларда бургут учрайди. Денгиз, кўл ва дарёларда балиқ кўп. Польшада Татра, Пенин ва б. миллий боғлар бор.

Аҳолисининг 98,5% поляклар; украинлар, белоруслар, словаклар ҳам яшайди. Расмий тил — поляк тили. Диндорларнинг кўпчилиги — католиклар. Шаҳар аҳолиси —62,1%. Йирик шаҳарлари: Варшава, Лодзь, Краков, Вроцлав, Познань, Гданьск ва б.

Тарихи. Польша ҳудудида палеолит давридаёқ одамлар яшаган. Мил. ав. 1-минг йиллик ва мил. 1-минг йилликнинг 1ярмида Польша ҳудудида славян кабилаларининг шаклланиш жараёни содир бўлди. 8—9а. ларда қабила князликлари вужудга келди. 10-а. да Одра, Висла ва Буг дарёлари оралиғида яшовчи полян (Польша, поляклар номи шундан келиб чиққан), мазовшан, вислян, поморян қабилаларининг князликлари бирлаштирилди ва ягона Польша давлати ташкил топди. Бироқ, 12-а. га келиб Польша давлати яна князликларга бўлиниб кетди. 13-а. охирида князь Пшемисл II раҳ-барлигида Польша ерларини бирлаштириш учун кураш бошланди. 14—15-а. ларда ягона Польша давлати пайдо бўлди, маданият ривожланди, поляк тили шаклланди. 15-а. нинг 1ярмида Краковдаги Ягайло ун-ти (1364 й. да асос солинган) поляк фани марказига айланди.

16-а. нинг 2ярмидан Польша давлати украин, белорус ва рус ерларини босиб ола бошлади. Польша билан Литванинг бирлашуви натижасида Речь Посполита пайдо бўлди. 1609—12 й. ларда П. Россияга ҳужум қилди. Бир неча аср мобайнида П. Европадаги энг қудратли давлатлардан бири бўлиб турди. Аммо оғир урушлар сабабли мамлакат инқирозга учраб, уч марта (1772, 1793, 1795 й. ларда) Пруссия, Австрия, Россия ўртасида бўлиниб кетди, Польша давлати тугатилди, халқи асоратга тушди. 1807 й. Наполеон I қўшинлари Пруссияни енгиб, Францияга тобе Варшава герцоглигини тузди. 1814—15 й. ларда Вена конгрессида Польша яна бўлинди. Варшава герцоглигининг катта қисми Польша қироллигига айлантирилиб, Россияга топширилди.

Пруссия Варшава герцоглигининг бир қисмини олди, Силезия ва Денгиз бўйини ўзида саклаб қолди. Австрия (1867 й. дан Австро-Венгрия)га Галиция берилди. Краков республикаси тузилди. Поляк халқи озодлик учун тинимсиз курашди (1794 й. Т. Костюшко бошчилигидаги қўзғолон, шунингдек, 1830—31, 1846, 1848, 1863—64 йлардаги қўзғолонлар). 19-а. охири —20-а. бошларида Польшада саноат бирмунча ривожланди, т. й. қурилди. Озодлик харакати янада кучайди. 1-жаҳон урушида Польшага анчагина зарар етди. Босқинчи қўшинлар олиб чиқиб кетилгач, Польшани бўлиш тўғрисидаги барча битимлар бекор қилинди ва 1918 й. нояб. да Польша Республикаси мустақиллиги эълон қилинди. 1920 й. апр. да Совет-Польша уруши бошланди. 1921 й. шартномасига биноан, Ғарбий Украина билан Ғарбий Белоруссия П. гаўтди ва 1939 й. да бу ерлар яна СССРга кай-тариб олинди. 1939 й. 1 сент. да Германия П. га ҳужум қилиб, 2-жаҳон урушини бошлади. Поляк халқи озодлик учун қаттиқ кураш олиб борди. 1945 й. майда барча поляк ерлари озод қилинди. 1952 й. дан 1989 и. гача мамлакат Польша Халқ Республикаси деб аталди. 80-й. лар бошида мамлакатда чуқур ижтимоий-иқтисодий танглик рўй берди. 1981 й. дек. да хдрбий ҳолат жорий этилди. 1989 й. да «Бирдамлик» касаба уюшма бирлашмаси вакиллари ҳокимият те-пасига чикди ва давлатнинг номи П. Республикаси деб атала бошлади. 1997 й. 25 майда ўтказилган референдумда мамлакатнинг янги конституцияси қабул қилинди. Польша — 1945 й. дан БМТ аъзоси. 1991 й. дек. да ЎзР суверенитетини тан олган ва 1992 й. мартда дипломатия муносабатлари ўрнатган. Миллий байрамлари —3 май — 1791 й. ги Конституция куни ва 11 нояб. — Мустақиллик куни (1918).

Асосий сиёсий партиялари, бирлашмалари ва касаба уюшмалари. Демократ к партия, 1939 й. асос солинган; Консерватив халқ партияси, 1997 й. тузилган; Мустақил Польша конфедерацияси партияси, 1979 й. ташкил этилган; Поляк деҳқонлари партияси, 1990 й. асос солинган; Поляк христиан демок-ратлари келишуви партияси, 1999 й. тузилган; Оралиқ кучлари битишуви партияси, 1990 й. ташкил этилган; Меҳнат иттифоқи партияси, 1992 й. асос солинган; П. ни тиклаш ҳарака-ти, 1995 й. тузилган; Демократик сўл кучлар иттифоқи, 1991 й. сайловолди бирлашмаси сифатида ташкил этилган; Озодлик иттифоқи ташкилоти, 1994 й. да тузилган. Умумпольша касаба уюшмалари битишуви, 1984 й. асос солинган; Яккаҳол деҳқонларнинг «Бирдамлик» касаба уюшмаси, 1981 й. тузилган; «Бирдамлик» касаба уюшмаси, 1980 й. ташкил этилган; «Бирдамлик-80» касаба уюшмаси, 1990 й. «Бирдамлик» касаба уюшмасидан ажралиб чиққан ва ўзини 1980—81 й. лардаги касаба уюшма ҳаракатининг бирдан-бир давомчиси деб ҳисоблайди.

Хўжалиги. Польша — индустриал-аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 5,1%, қишлоқ ва ўрмон хўжалигининг улуши 26,6%, хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши 68,3%.

Саноати. Польша тошкўмир, олтингу-гурт, табиий газ, кумуш қазиб олишда, пўлат эритишда Европада олдинги ўринлардан бирида туради. Кумир мамлакат ёқилғиэнергетика балансининг асосини ташкил этади. Тошкўмир Юқори Силезия, шунингдек, Валбших ва Люблин ҳавзаларида, қўнғир кўмир Богатинда қазиб чиқарилади. Электр стялари, асосан, кумир конлари атрофида қурилган. Иссиклик электр стяларида йилига ўртача 135,3 млрд. кВтсоат электр энергия ҳосил қилинади. Мис, қўрғошин-рух рудалари, озроқ микдорда нефть ҳам қазиб олинади.

Мамлакат эҳтиёжлари учун зарур нефтнинг 90% дан кўпроғи чет эллардан сотиб олинади. Нефтни қайта ишлаш саноатининг асосий марказлари — Плоцк ва Гданьск. Четдан келтириладиган темир руда ва маҳаллий кокс асосида ишловчи металлургия з-длари (шу жумладан, Краковдаги металлургия к-ти ва машҳур «Катовице» к-ти) Юқори Силезия агломерациясида жойлашган. Рангли металлургия саноати таркибида мис (Глогув, Легница), қўрғошин, рух (Катовице, Буковно, Мястечко-Слёнске) ва алюминий (Конин) з-длари бор. Саноатнинг асосий тармоқлари бўлмиш машинасозлик ва металл ишлаш саноати хилма-хил маҳ-сулот ишлаб чиқаради. Кемасозлик (Гданьск, Гдиня, Шчецин), само-лётсозлик (Варшава, Мелен, Свидвин), вагон ва локомотивсозлик (Свидница, Зелена Гура, Вроцлав, Познань, Хшанув), автомобилсозлик (Варшава, Стараховице, Ельч, Люблин, Ниса), тракторсозлик (Варшава) ривожланган. Шахта ва металлургия з-длари учун технология асбоб-ускуналари, қуюв, кимё, озиқ-овқат, ёғочсозлик, бино-корлик материаллари корхоналари учун комплект асбоб-ускуналар, шунингдек, станоклар, кема двигателлари, электр моторлар, кўтарма-транс-порт воситалари, рўзғор машиналари ва аппаратлар, электрон асбоблар ва б. ҳам ишлаб чиқарилади. Кимё саноатида олтингугурт кислотаси, минерал ўғит, сода, хлор, пластмасса, синтетик тола, каучук и. ч. корхоналари бор. Асосий марказлари — Тарнув, Освенцим, Плоцк, Бидгошч. Фармацевтика, фотокимё, парфюмерия (Варшава, Лодзь, Краков), резина, цемент, шиша, чиннифаянс, ёғочсозлик, целлюлоза-қогоз, кўн-пойабзал, тикувчилик саноати мавжуд. Тўқимачилик (ип, зиғир, жун газлама, трикотаж), озиқ-овқат (қанд-шакар, спирт-арақ, гўшт, ёғ, балиқ, тамаки) саноат тармоклари ривожланган. Ўрмонларда ёғоч тайёрланади.

Кишлоқ хўжалиги. Мамлакат майдонининг 61% қ. х. га ярокли ерлар. Майда хусусий деҳқончилик хўжаликлари устун. Давлат хўжаликлари, шир-катлар ва қ. х. тўгараклари ҳам бор. Энг муҳим қ. х. экинлари: жавдар, буғдой, арпа, сули, картошка, қанд лавлаги ва б. Сабзавот, тамаки, ем-хашак, ре-завор мевалар ҳам етиштирилади. Чорвачилик салмоғи катта. Корамол, чўчқа, қўй, от, парранда боқилади.

Транспорт нинг асосини темир йўллар ташкил этади. Т. й. узунлиги — 24 минг км, автомобиль йўллари уз. 372,5 минг км. Даре кемачилиги ривожланган. Асосий денгиз портлари — Гданьск, Гдиня, Шчецин. Денгиз савдо флотининг тоннажи — 4,5 млн. тонна дедвейт. Асосий халқаро аэропорти — Окенце (Варшава яқинида).

Ташқи иқтисодий алоқала-р и . П. чет элларга машиналар, саноат асбобускуналари, кемалар, кимё саноати маҳсулотлари, кенг истеъмол моллари, кумир, кокс, мис, рух, кора металлар прокати ва б. чиқаради. Четдан хом ашё, ёқилғи, дон, қ. х. маҳсулотлари ва б. олади. Европа Иттифоқи мамлакатлари, Россия, АҚШ билан савдо қилади.

Тиббий хизмати. Давлатга қарашли касалхоналар билан бир қаторда хусусий шифохоналар хам аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Врачлар 10 тиббиёт академиясида тайёрланади. Курортлар орасида энг машҳурлари: Криница, Поляница-Здруй, Сопот, Колобжег, Закопане.

Маорифи, маданиймаърифий ва илмий муассасалари. Маорифи 15 ёшгача бўлган болалар учун мажбурий, барча поғоналари давлат таъминотида. Ҳунартехника мактаби бошланғич (1 — 3-синфлар) ва мунтазам (4—10-синфлар) таълимни ўз ичига олади. Ихтисослашган лицейлар ҳам бор. Хусусий мактаблар тармоғи кенгаймоқда. Польшада 130 олий ўқув юрти фаолият кўрсатади. Европадаги энг қад. ун-тлардан бири Краков ун-ти (1364), шунингдек, Варшава ун-ти (1816), политехника ин-тлари, олий қ. х., иқтисодиёт, пед. мактаблари, тиббиёт ва рассомчилик академиялари шу жумлага киради.

Мамлакатдаги илмий фаолиятни Польша ФА билан бирга Фан вазирлиги мувофиклаштириб боради. И. т. лар Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот ин-тларида, олий ўқув юртларида, идоравий илмий муассасаларда олиб борилади. Польшада Банах номидаги халқ-аро мат. маркази (Варшавада) ва Халқ-аро’ кучли магнит майдонлари ва паст т-раларлаб. (Вроцлавда) ишлайди. Йи-рик кутубхоналари: Краков ун-ти ку-тубхонаси (1364), Варшавадаги миллий кутубхона (1928), Варшава ун-ти ку-тубхонаси (1817), Познань ун-ти ку-тубхонаси (1902), шунингдек, Польша фанлар академиясининг Варшава, Гданьск, Краковдаги кутубхоналари. Энг йирик музейлари: Варшавадаги миллий музей (1863), Краковдаги миллий музей (1879), Познандаги миллий музей (1857), Варшавадаги Ф. Шопен ва А. Мицкевич музейлари.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Польша пойтахти ва воеводаларида кўпгина газ. ва жур. лар нашр этилади. Энг муҳимлари: «Газета виборча» («Сайловчилар газетаси», кундалик му-стақил газ., 1989 й. дан), «Трибуна» («Минбар», кундалик газ., 1948 й. «Трибуна люду» номи билан асос солинган, 1990 й. дан хоз. номда чиқади), «Газета Краковска» («Краков газетаси», кундалик газ., 1949 й. дан), «Газета Любуска» («Любуска газетаси», кундалик газ., 1952 й. дан) «Газета саможондова» («Ўзини ўзи бошқариш», кундалик газ., 1990 й. дан), «Громадарольник польски» («Поляк деққони минбари», ҳафтасига 3 марта чикадиган газ., 1947 й. дан), «Едность» («Бирлик» ҳафтанома, 1989 й. дан), «Жиче Варшави» («Варшава ҳаёти», кундалик газ., 1944 й. дан), «Речь Посполита» («Республика», кундалик газ., 1981 й. дан), «Жиче госпо-дарче» («Иқтисодий ҳаёт», ҳафталик иқтисодий жур., 1945 й. дан), «Нова республика» («Янги республика», ойликжур., 1987 й. дан). Польша матбуот агентлиги, давлат махкамаси, 1918 й. тузилган; П. ахборот агентлиги, акциядорлик корхонаси, 1991 й. ташкил этилган. Польша радио ва телевидение қўмитаси давлат маҳкамаси бўлиб, 1944 й. тузилган, ра-диоэшиттириш ва телекўрсатувларга раҳбарлик қилади. Телекўрсатувлар 1952 й. дан олиб борилади.

Адабиёти. Польша адабиёти 10-а. далотин тилида вужудга келди. 16-а. гача унда диний руҳдаги китоблар, шунингдек, йилнома ва воқеий ҳикоялар устун бўлган. Поляк тилидаги илк асарлар ҳам диний мазмунда эди («Биби Марям» қўшиғи, 13-а.). 15-а. да дунёвий руҳдаги асарлар яратила бошлади («Ялқов деҳқонлар ҳажви»). 15-а. охири — 16-а. бошларида Уйғониш даври бошланди. М. Рей, Я. Кохановский, Ш. Шимоно-вич, С Клёнович асарлари адолат ва ватанпарварлик ғояларини тараннум этди. 16—17-а. ларда ҳажвий достон ва қиссалар, насиҳатомуз кўшиқ ва драмалар, қисқа ҳазил шеърлар («фрашка»лар) машҳур бўлди. Маърифатпарварлик даври (18-а. ўрталари)да миллий мустақиллик учун кураш, илғор ижтимоий-фалсафий ғоялар тарқалди, адабий-бадиий жур. лар нашр этила бошлади. 19-а. бошларида А. Мицкевич миллий-озодлик кураши таъсирида инқилобий романтизмга асос солди, демократик Польша ҳақидаги орзуларини куйлади. 1863 й. дан кейин адабиётда реализм юзага келди (А. Асник, М. Коноп-’ ницкая, Э. Ожешко, Б. Прус ижодиёти). 19-а. охири —20-а. бошларида реализм билан бир каторда модернистик окимлар ҳукмрон бўлди (Л. Стафф, С. Жеромский). 1ва 2-жаҳон урушлари ўртасидаги давр адабиетида ижтимоий зиддиятлар танқидий ёритилди. Урушдан ке-йинги адабий асарларда оккупация йилларида яширин кураш олиб борган ватанпарварларнинг қиёфаси ҳар томонлама очиб берилди. Аммо социали-стик реализм деган сохта адабий қолиплар зўрлаб тиқиштирилиши оқибатида поляк адабиетида халқ ҳаёти ва қаҳрамонларнинг ишлари, хулқ атвори бир ёклама ёритилишига олиб борди.

Поляк ёзувчиларининг айрим асарлари, жумладан, А. Мицкевич, Ю. Тувим шеърлари, В. Василевская романлари узбек тилида нашр этилган.

Меъморлиги. Мил. ав. 4—3-а. ларга оид Бискупин жамоа манзилгохларида ёгочдан ясалган иншоотлар Польша қудудидаги энг қад. ёдгорликлардир. Христи-анлик қабул этилгач (966), диний тош меъморлиги ривожланди (Краковнинг Вавел тепалигидаги биби Марям ка-пелларотондаси, 10-а. нинг 2ярми). 11 – а. нинг 2ярмидан роман услубида ҳайкаллар билан безатилган маҳобатли бинолар қурилди (Краков ва Тумадаги авлиё Анжей костёллари, 1090, 1141—61 й. лар; Вроцлавдаги Мария Магдалина костёли, 12-а. ваб.). 13—15-а. ларда готика тарқалди, шаҳарлар қад кўтарди, уларнинг марказларида меъморий мажмуалар (бозор майдонлари) вужудга келди, янги турдаги иморатлар (минорали ратушалар, мовут рас-талари), мудофаа истеҳкомлари ва ш. к. пайдо бўлди. Улар орасида Торундаги ратуша (13—17-а. лар) ва авлиё Ян костёли, Вроцлавдаги ратуша (13-а. 2ярми —16-а. бошлари) ва Иоанн Крестител костёли (13—18-а. лар), Гданьскдаги «Артус ҳовлиси» (14-а.) ва б. ларни кўрсатиш мумкин. Уйғониш даврида равоклар билан ўралган ҳовлили саройларнинг янги тури яратил-ди (Краковнинг Вавел тепалигидаги, Баранув, Мирувдаги қаср саройлар). 16-а. охиридан 18-а. 1ярмигача Польша меъморлигида барокко ус-луби устун бўлди (Краковдаги Петр ва Павел костёли, Варшавадаги Вилянув қирол чорбоғи ва б.).

Халқ ёғоч меъморлиги ривожланди. 18-а. 2ярмидан классицизм урф бўлди; шаҳарларда маҳобатли жамоат бинолари ва мажмуалари барпо этилди (Варшавадаги Бельведер саройи, 1818—22, меъмор Я. Кубицкий; Лазенка саройлар мажмуаси, 1784—95, меъмор Д. Мерлини, Я. Камзетцер ва б. ; Катта театр, 1820—32, меъмор А. Корацци, X. П. Айгнер). 19а. 2ярмидан эклектизм, кейинроқ конструктивизм устунлик қилди, 2-жаҳон уруши йилларида (1939—45) фашистлар Польшанинг шаҳар ва қишлоқларини вайрон этиб, кўпгина меъморий ёдгорликларини ғорат қил-дилар. Урушдан кейин уларни қайта тиклаш ва янгиларини барпо этиш соҳасида кўп иш қилинди. «Краковия» меҳмонхонаси, Варшавадаги «Ўн йиллик» стадиони, «Суперсам» савдо мар-кази, уй-жой даҳалари, Познандаги «Универмаг», «Меркурий» меҳмонхонаси шу жумлага киради.

Тасвирий санъати. Польша ҳудудидаги аҳоли неолит давридаёқ нақшинкор сопол идишлар ясаган. Жез ва темир даврларида сопол ва жез идишлар, парранда ва хайвон расми туширилган икки ғилдиракли аравалар ишланган. 11 — 13-а. ларда роман услуби ҳукмрон бўлди (Гнезнодаги биби Мария костёлининг бронза эшиклари, тахм. 1170 й., Стшельнодаги костёлнинг ўймакор равокдари, 12-а., Тумадаги костёл нақшлари, тахм. 1161 й., «Эммеран ко-декси» миниатюралари, 1099 й. ва б.). 13-а. охиридан 15-а. бошларигача санъатда готика урф бўлди (Краковдаги Вавел соборида В. Ягелло дахмаси, 1421 й., «Гнезно библияси» миниатюралари, 1414 й.). 15-а. охири — 16-а. да поляк Уйғониш даври санъати шакллана бошлади, 16-а. охиридан 18-а. ўрталаригача барокко ёйилди. 18-а. 2ярми — 19-а. бошлари Польша санъати маърифатпарварлик руҳи билан суғорилган эди. Гарчи айрим мўйқалам усталари (М. Баччарелли) саройбоп расмларни классицизм услубида яратсалар ҳам, кўпчилик рассомлар ҳаётни ҳаққоний тасвирлашга (Б. Беллотто, Ж. П. Норблин, А. Орловский), поляк халқининг миллий озодлик курашини ифодалашга (А. Гротгер) интилдилар. А. Котсис, В. Герсон асарларида танқидий реализм нишоналари сезилади. 19-а. да А. ва М. Геримскийлар ижодида бу йўналиш юқори поғонага кўтарилди. 19-а. охири — 20-а. бошларида Л. Вичулковский, Я. Станиславский, Ю. Фалат асарлари импрессионизм, С. Виспянский, Я. Мальчевский асарлари символизм ру-ҳида яратилди. 1918 й. дан кейин поляк санъати зиддиятли ривожланди. Айрим рассомлар Ғарбий Европа маданияти ютуқларига эргашса, бошқалари замо-навий миллий услубни яратишга ин-тилди. Таник^и поляк ҳайкалтароши К. Дуниковский ўз фаолиятини шу даврда бошлади. 2-жаҳон урушидан кейин тасвирий санъатда рассомлардан В. Вейс, Ф. Коварский, X. Краевская ва Ю. Краевский, ҳайкалтарош С. Горно-Поплавский, графиклардан Т. Кулисе-вич, Т. Трепковский ва б. машҳур бўлди. Маҳобатли ҳайкалтарошлик ривож топди. Амалий безак санъатининг ҳар хил турлари қадимдан кенг тарқалган, бадиий ҳунармандчилик авж олган.

Мусиқасида бошқа славян халқлари мусиқа маданияти билан умумийлик кўп. 20-а. гача сақланган халқ чолғу асбоблари шақилдоқ, бубен, ҳуштаклар жўрлигида маросим қўшиқлар (асосан, бир овозли), рақслар ижро этилган.

Скрипка, мазанка каби торли, лигавка, базун каби пуфлаб чалинадиган созлар кенг тарқалган. 9—10-а. дан католицизм тарқалиши билан бирга григо-риан хоралк кенг ўрин тутади.

11 — 12-а. ларда черков ашулачилик мактаблари очилиб, уларнинг талабалари черков мусиқасини турли жойлардаги халқмусиқаси билан бойитдилар. 12-а. дан дунёвий профессионал мусиқа (жумладан, рицарлар қўшиқчилиги) ривож топди, сарой капеллалари ташкил этилди. 16-а. дан ун-тларда мусиқа назарияси ўргатила бошлади. 16—17-а. ларда етишиб чиққан композиторлар миллий куйларни Ғарбий Европа рақс ва мусиқа жанрлари билан уйғунлашти-рувчи асарлар ярата бошлади. 1765 й. Варшавада очилган «Халқ театри»да миллий опералар саҳналаштирилди. К. Курпиньский, М. Каменьский, М. Огиньский, Ю. Эльснер ва б. миллий мусиқа ривожига катта ҳисса қўшдилар. 19-а. да букж композиторлар Ф. Шопен, С. Монюшко, виртуозскрипкачи ака-ука Венявскийлар поляк мусиқасини жаҳон мусикаси даражасига кўтаришди. 1901 й. да Варшава миллий филармо-нияси очидди. 20-а. мусиқа маданиятига К. Шимановский, В. Лютославский, К. Пендерецкий каби композиторлар катта ҳисса қўшдилар. Польшада 21 симфоник оркестр, 10 опера театри, 9 оперетта театри, 9 балет труппаси, 7 олий му-сиқа мактаби,4 хореография билим юрти бор. 1927 й. дан халқаро Шопен номидаги пианиночилар ганлови, 1935 й. дан Венявский номидаги скрипкачилар танлови ҳамда Замонавий мусиқа фестивали ва б. ўтказилади.

Театри. Христианликдан аввалги давр халқ маросимлари ва ўйинларида театр санъати нишоналари бўлган. 13 — 16-а. ларда турғун ва сайёр халқ томо-шахоналари қурилган, диний драмалар ривожланган. 13-а. нинг 2ярмида кўрса-тилган театр томошаларининг айрим сценарийлари сақпанган. 1633 й. Вар-шавадаги қирол саройида биринчи до-имий театр ишга тушди. 18-а. охирида илғор миллий театр санъати учун ку-рашга реж., артист, драматург В. Бу-гуславский бошчилик қилди. 19-а. 60-й. лари охиридан Краков театри мамлакатнин г етакч и театри га айланди .1913 й. Варшавада «Поляк театри» ташкил топди. 20—30й. ларда Л. Шиллер Варшава, Львов ва б. шаҳарлардаги театрларда ишлаб, маҳобатли, назмий ва сиёсий театрларни уйғунлаштиришга ҳаракат қилди. 2-жаҳон урушидан сўнг театр ҳаёти тикланди, янги театрлар барпо этилди. Польшада 60 театр бор. Варшава театр ҳаётининг марказидир («Халқ театри», «Поляк театри», «Замонавий», «Умумий» театрлари), Кра-. ков, Лодзь, Люблин ва б. шаҳарлардаги театрларда жақон мумтоз драматургияси ва маҳаллий муаллифларнинг асарлари саҳналаштирилган. Польшада цирк санъати ривожланган.

Киноси. Алоҳида бадиий фильмлар 1908 й. да чиқарила бошлаган. Дастлабки фильмлардан бири — «Антек Варшавага илк бор қадам ранжида қилди» ҳазил фильмида машҳур ҳажвчи артист А. Фертнер бош ролни ўйнаган. 1909 — 10 й. ларда кинофирмалар ташкил этилди. Уларнинг энг нуфузлиси «Сфинкс» компанияси мунтазам фильмлар чиқара бошлади. 1914 й. 14 фильм суратга олинди. 1910—18 й. ларда миллий адабиёт асарлари: «Гуноҳ тарихи» (реж. А. Бендарчик), «Қиёмат қойим» (реж. С. КнакеЗавадзкий), «Меир Езо-фович» (реж. Ю. Остоя-Сульницкий) экранлаштирилди. «Старт» кино уюшмаси (1930) ва «Киномуаллифлар ко-оперативи» (1937) кино санъати риво-жида муҳим роль ўйнади. 2-жаҳон урушидан кейин «Фильм польский» давлат студияси ташкил этилди. «Авлод», «Кул ва олмос» (реж. А. Вайда). «Хайрлашув» (реж. В. Хае) фильмларида уруш оқибатлари тасвирланди. «Йўловчи аёл» (реж. А. Мунк), «Жангдан кейинги ман-зара» (реж. А. Вайда), «Сеҳрли столчалар» (реж. Я. Маевский), «Ер ҳиди» (реж. Д. Йованович) фильмлари поляк ки-нематографиясида салмокли ўрин олди. Ҳужжатли ва мультипликация киноси соҳасида ҳам кўпгина қизиқарли асарлар яратилди. Варшава, Лодзь, Вроцлавда киностудиялар, Краковда мультфильмлар студияси бор. Лодздаги Олий театр, кино ва телевидение мактабининг реж. лик, актёрлик, операторлик, телевидение ф-тлари, айрим олий ўқув юртларининг махсус бўлимлари кино ходимлари тайёрлайди.

Ўзбекистон — П. муносабатлари. Икки халқ ўртасидаги алоқалар кўп йиллик тарихга эга. Хусусан, 1863—64 й. ларда чор Россиясига карши қўзғолон кўтарган поляклар Ўрта Осиёга сур-гун қилинган эди. Улар Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Қўқон ва б. шаҳарларда яшаб, меҳнат қилдилар. 1895 й. Тошкентда поляк болалари учун мактаб ва кутубхона очилди, яна 2 йилдан кейин поляклар жамоатчилик маданият маркази ташкил топди, поляклар костели фаолият бошладм. Иккинчи жаҳон уруши даврида Польшани немис-фашист қўшинларидан озод қилиш учун бўлган жангларда ўзбек генерали С. Раҳимов Данциг (Гданьск) яқинида ҳалок бўлди. Шу уруш оқибатида ва оммавий қатағонлар сабабли полякларнинг минтақамизга иккинчи кўчиши содир бўлди. Ўтган йилларда поляк ва узбек халклари вакиллари иноқ яшаб келдилар, қувончли ва қай-ғули кунларда елкадош бўлдилар. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, полякларнинг «Светлица Польска» мада-ният маркази жамоатчилик уюшмаси мақомини олди, Ўзбекистондаги 3 мингга яқин поляк аҳолисига ўз миллий анъаналари ва маданиятини ривожлантириш, икки мамлакатнинг миллий ва давлат байрамларини ни-шонлаш имкони яратилди. Ўзбекистондаги поляклар диаспораси, «Ўзбекистон — Польша» ассоциацияси ҳузуридаги «Полония» секцияси, «Светлица Польска»нинг Самарқанд, Фарғона, Бухоро ва Тошкент шўъбалари фаолият юритаётир. Турли тарихий саналар, польшалик машҳур маданият ва санъат арбобларига бағишланган учрашув, кечалар, концертлар уюштирилаётир. Буюк композитор Фредерик Шопенга бағишлаб Тошкентда ўтказилган фортепиано мусиқа фестивали, А. Мицкевич ва В. Реймонт каби машҳур ёзувчи ва шоирларнинг хотира кечалари ўтказилди.

ЎзР билан Польша ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар эса, Ўзбекистон мустақилликка эришиши бноқ йўлга қўйилди. 1992 й. Варшавада икки мамлакат ўрта-сида «Иқтисодий ҳамкорлик ва савдосотиқ тўғрисида» шартнома тузилди. ЎзР Президенти И. Каримовнинг 1995 ва 2003 й. ларда Польшага ва Польша президенти А. Квасьневскининг 2002 й. Узбекистонга ташрифлари ўзаро муносабатларни янги поғонага кўтарди, турли соҳаларда янги шартномалар имзолан-ди, ўзбек-поляк ҳукуматлараро комиссияси ишлай бошлади. 2001 й. июнь ойида Познань савдо ярмаркасида Ўзбекистондан нуфузли делегация иштирок этиши ва унда мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти тақцимоти ўтказилиши ўзаро муносабатлар риво-жида муҳим босқич бўлди. ЎзР Президенти И. Каримовнинг 2003 й. 10—12 июль кунлари Польшага қилган расмий ташрифи айниқса самарали бўлди. Ташриф якунида иккита кредит битими, божхона ишида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам, халқаро автомобиль қатнови тўғрисида битимлар имзоланди. Ўзбекистон мудофаа вазирлиги билан Польша миллий му-дофаа вазирлиги ўртасида ҳарбий-тех-никавий хамкорлик тўгрисида декларация, Жахрн иқтисодиёти ва дипломатия ун-ти билан Польша халкаро муносабатлар ин-ти ўртасида қамкорлик меморандуми, «Ўзбектуризм» миллий компанияси билан Польша сайёхлик компа-нияси ўртасида ҳамкорлик ҳақида битим, ЎзР Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан Польшанинг «Банк государства краевего» ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Ташриф давомида ўзаро товар айланмасини янада ошириш кераклиги таъкидланди. Жумладан, 2001 й. бу кўрсаткич 31,4 млн. АҚШ долларини ташкил этди. ЎзР П. га ип газлама, калава ип, пахта толаси, рўзғор пахтаси, ноорганик кимё маҳсулотлари, қайта ишланган сабзавот, мева маҳсулотлари, мойли уруғлар юборади, турли хизматлар кўрса-тади. Польша томони эса канд-шакар, механика асбоб-ускуналари, электр анжомлари, пластмасса буюмлар, сариёғ ва ўсимлик ёғи, қора металлар, полиграфия маҳсулотлари, мебель, дори-дармон жўнатади. «Ўзолмосолтин» уюшмаси б-н П. нинг «Бумар» ташки савдо компанияси ўртасида ҳамкорлик ривожланиб бораётир. ЎзР да Польша 2 фирмасининг ваколатхонаси очилган, поляк инвесторлари иштирокидаги 16 корхона фаолият юритмоқда.


Кирилл алифбосида мақола: ПОЛЬША ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: П ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФРАНЦИЯ
ГЕРМАНИЯ
ИТАЛИЯ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты