ҚЎҚОН ХОНЛИГИ

ҚЎҚОН ХОНЛИГИ — ўзбек хонликларидан бири (18—19-а. лар). Пойтахти — Қўқон. Минглар уруғидан бўлган Шоҳрухбий 1709 й. да асос солган. Бу давлат таркибига дастлаб Қўқон, наманган. Марғилон, Конибодом, исфара ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар кирган. Абдураҳимбий даврида Бухоро хонлигига ҳарбий юриш қилиниб Самарқанд эгалланади (1732). Абдулкаримбий даврида 1746 й. қалмоқлар Фарғона водийсига ҳужум қилиб, Ўш, Андижон, Марғилон ш. ларини эгаллаб, Қўқонни қамал қилган. Қўқонликлар ёрдамга келган Ўратепа ҳокими Фозилбий қўшинлари билан биргаликда уларни Фарғона водийсидан қувиб чиқаришган. Норбўтабий даврида Чуст ва Наманган бекларининг мустақиллик учун кўтарган ғалаёнлари бостирилган. Мамлакатда суғориш иншоотлари барпо қилинади, савдо ва ҳунармандчилик, қ. х. бирмунча ривож топади ва нисбатан арзончилик бўлади.

Норбўтабийнинг ўғли Олимбек ҳукмронлиги даврида Қўқоннинг сиёсий мавқеи янада кучайган, ҳарбий исло-ҳот ўтказилган, Оҳангарон воҳаси, Тошкент, Чимкент ва Сайрам тобе этилган, ташқи савдога ҳам эътибор кучайтирилган. 1805 й. давлат расман Қўқон хонлиги деб эълон қилиниб, Олимбек х«он» унвонини олган. Олимхоннинг марказлашган кучли давлат тузиш борасида қилаётган ҳаракатлари айрим мансабпараст зодагонлар гуруҳида норозилик кайфиятларини вужудга келтиради. Натижада улар Олимхоннинг сафардалигидан фойдаланиб 1810 й. Қўқонда «Олимхон Тошкентда ўлди», деган миш-миш тарқатишади ва унинг укаси Умарбекка тож кийгизадилар. Олимхон бундан хабар топиб, Қўқонга йўл олади, бироқ у Олтиқуш мавзеида отиб ўлдирилган.

Умархон даврида хонлик ҳокимиятини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш чоралари кўрилган. 1815 й. Бухоро хонлигига қарашли Туркистон, 1817 й. эса Ўратепа босиб олинган. Сирдарё бўйида бир қанча ҳарбий истеҳкомлар барпо этилган; суғориш иншоотларини кенгайтириш, каналлар қазиш, масжид ва мадрасалар қуришга эътибор берилган. Хусусан, Қўқон, Тошкент, Туркистон, Чимкент, Сайрам, авлиёота (ҳоз. Жамбул)да масжид ва мадрасалар қурилган. Мозорлар тартибга солинган. Умархон ҳукмронлиги даврида Қўқон хонлигида фан, адабиёт, санъат нисбатан юксалган. Бунда унинг севимли хотини — машҳур ўзбек шоираси Нодирабетимнинг хизмати катта бўлган. Умархоннинг ўзи ҳам «Амирий» тахаллуси билан ўзбек ва тожик тилларида ғазаллар ёзган. Умархон вафотидан сўнг унинг 12 ёшли ўғли Муҳаммад Алихон тахтга ўтирган. Хон ёш бўлганлиги учун давлатни дастлабки даврда онаси Ноди-рабегим бошқарган. Нодирабегим маданият ва санъатни ривожлантиришга интилган.

1826 й. Шарқий Туркистонда хитойларга қарши бош кўтарган мусулмон аҳолига ёрдам бериш учун қўшин тор-тиб борилган. Натижада Хитой ҳуку-мати Шарқий Туркистоннинг 6 та шаҳри (Оқсув, Қашқар, Ёркенд, Хўтан ва б.) дан солиқ олиш ҳуқуқини Қўқон хонлигига беришга мажбур бўлган.

Муҳаммад Алихон хонлик ҳудудини кенгайтиришга интилиб, Жан. Олай тоғ этагидаги Қоратегин, Дар-воз, Шуғнон, Рўшон, Воҳон бекликларини бўйсундирган. Бу даврда хонликда суғориш ишлари анча йўлга қўйилган. Тошкент яқинида Хонариқ канали қазилган. Ташқи иқтисодий-савдо алоқалари ҳам анча яхшиланган. Бухоро амири Насрулло (қ. Насруллахон) билан юз берган урушда (1840 й.) Муҳаммад Алихон енгилиб, Хўжандни амир Насруллога топширишга ва ўзини унинг ноиби деб тан олишга мажбур бўлган. Аммо Бухоро — Қўқон муносабатлари бундан кейин ҳам кес-кинлашган. Натижада 1841 й. нояб. ойида Муҳаммад Алихон ўз укаси Султон Маҳмуд фойдасига тахтдан воз кечган. Бу воқеадан хабар топган амир Насрулло Қўқонга бостириб келиб, уни талон-торож қилади. У шу қирғин-барот давомида Муҳаммад Алини, унинг укаси Султон Маҳмудхонни, онаси Нодирабегимни ва б. юқори ман-сабдорларни қатл эттиради. Амир фармони билан Қўқон хонлиги Бухоро ноиби томо-нидан бошқарила бошланган. Амир ноиби Қўқон хонлиги аҳолисига оғир солиқлар юклайди. Натижада 1842 й. ёзида қўқонликлар қўзғолон кўтаради, амир Насруллога содиқ кишиларнинг кўпчилигини ўлдирадилар ва Норбўтабийнинг укаси Ҳожибекнинг ўгли Шералини хон қилиб кўтаришади. Буни эшитган Бухоро амири Қўқонга қўшин тортиб ўз ҳукмронлигини қайта ўрнатиш учун уни қамал қилади. Бироқ қамалнинг қирқинчи куни Хива хони Оллоқулихоннинг Бухоро ҳудудига қилган ҳужуми ҳақидаги хабарни эшитиб, орқага қайтишга маж-бур бўлган. Натижада қўлдан кетган кўпгина ҳудудлар (Хўжанд, Тошкент) яна Қ. х. ихтиёрида қолади.

Шералихоннинт (1842—45) тахтга ўтиришида кўмакчи ва хайрихоҳ бўлган қипчоқлардан Мусулмонқул мингбоши қилиб тайинланган. Мусулмонқул, асосан, ҳарбий ишлар билан шуғулланган ва хон қўшинларининг таркибини кўпроқ қипчоқ йигитлари билан тўлдирган. Мусулмонқул ўз мавқеидан фойдаланиб, Шералихонга ўз таъсирини ўтказишга интилган. Аммо хон бунга йўл қўймасликка интилади. Мусулмонқул хондан норози бўлиб, бошқаларнинг қўли билан суиқасд уюштиришга ҳаракат қилган. 1845 й. Ўшда хоннинг солиқ сиёсатига қарши қўзғо-лон бошланади. Мусулмонқул қўзғо-лонни бостиришга кетганида, унинг шериклари Олимхоннинг ўғли муродбекни Қўқонга таклиф қилиб тахтга ўтқазганлар. Шералихон ўлдирилган. Тахтни сақлаб қолиш учун Муродхон ўзини Бухоро амирининг ноиби деб тан олишга мажбур бўлган. Мусулмон-қулни мингбоши лавозимида қолганлиги ҳақида фармон чиқаради ва унинг Қўқонга қайтишини талаб қилади. Мусулмонқул эса Ўшдан Наманганга келиб қизини Шералихоннинг ўғли Худоёрга турмушга беради ва у билан Қўқонга келиб, Муродхонни ўлди-риб, ё’ш Худоёрни хон деб эълон қилади (қ. Худоёрхон). Мусулмонқул хоннинг ёшлигидан фойдаланиб хонликни деярли мустақил равишда ўзи бошқаради, катта лавозимлар қипчоқларга улашиб берилади. Натижада Мусулмон-қулга қарши хонлик ҳудудида норозилик ҳаракати кучайди ва у мингбошиликдан бўшатилади. Мусулмонқул ўз мавқеини тикламоқчи бўлиб, руслар билан алоқа ўрнатишга интилади ва русларнинг вакили В. В. Вельяминов-Зернов билан 1853 й. баҳорида махфий учрашади. Мусулмонқулнинг рус қўмондони вакили билан учрашгани ва ҳокимиятни ўз қўлига олмоқчи бўлганлигидан хабар топган ўзбек ва қирғиз зодагонлари (Муҳаммад Ниёз Қушбеги, муҳаммад Ражаб Қўрбоши, Муҳаммад Ёқуббек қушбеги ва б.) қипчоқлардан қутулиш йўлини ахтариб Худоёрхонни ўзлари тарафга оғдириб, 1853 й. қипчоқлар қирғинини бошлаб юборишган. Мусулмонқул асирга олиниб, қатл қилинган.

Бироқ Қўқон хонлигида ўзаро тахт учун курашлар тинчимаган, юқоридаги ҳарбий амалдорлар Худоёрхонга қарши фитна тайёрлаганлар, бироқ у муваффақиятсиз чиққан (қ. Ёқуббек). Қисқа вақт ичида хонлар бир неча марта алмашган (1852—62 й. ларда Шералихоннинг ўғли Маллахон, 1862—63 й. да Шоҳму-родхон, 1863 й. май-июнда яна худоёрхон, 1863 й. июль — 1865 й. ларда Маллахоннинг ўғли Султон Сайидхон хон бўлган).

1865 й. Қўқонда қипчоқ ва қирғизлар Худойқулбекни тантанавор равишда хон деб эълон қиладилар. У атиги 14 кунгина хонлик қилади, сўнгра барча хазинани ва қимматбаҳо нарсаларни олиб, Қашқарга қочиб кетган. Худоёрхон ҳеч қандай қаршиликсиз Қўқон тахтини қайта эгаллаган (1865 — 75). Бундай беқарор ички вазиятдан фойдаланган Россия Қ. х. га қарши истилочилик ҳаракатларини бошлаб юборган. Натижада 1853—65 й. лар давомида Оқмачит, Тўқмоқ, Пишпак, Авлиёота, Туркистон, Чимкент, Тошкентни ва уларнинг атроф ҳудудларини босиб олади. 1867 й. 14 июлда император Александр II Туркистон ҳарбий округини таъсис этди ва Ўрта Осиёда босиб олинган ва салтанат таркибига киритилган ҳудудлар ҳисобидан туркистон генерал-губернаторлигини ташкил қилди. Чоризм босқини туфайли Қўқон хонлиги чегаралари анча қисқариб кетди. Хазинага тушадиган даромадлар кескин камайди. Хон хазинани тўлдириш учун янгидан қўшимча солиқлар жорий этди. Халқ бундан норози бўлиб 1871 й. Сўхда ғалаён кўта-ради. Бу ғалаён қуролли қўзғолонга айланиб кетди. Ўрта Осиё тарихида энг узоқ давом этган «Пўлатхон» қўзғолони бўлиб ўтади. Рус қўшинлари қўзғо-лончиларни енгдилар ва Пўлатхон асирга олинди. У 1876 й. 1 март ойида Марғилон ш. да дорга осилади. Чор қўшинлари Қўқон хонлигини босиб олиб, хонликни расман бекор қиладилар ва ўрнига Фарғона вилоятини таъсис эта-дилар.

Қўқон хонлигида қуйидаги мансаблар мавжуд бўлган: мингбоши, оталиқ, шайхулислом, қози-калон, қушбеги, меҳтар, парвоначи, нақиб, додхоҳ, эшик оғаси, иноқ, шиғовул, тўқсоба, мирохур, қора-вулбеги ва б.

Қўқон хонлигида мавжуд бўлган ҳарбий унвонлар қуйидагича бўлган: мингбоши — одатда, у вазирлик вазифасини бирга олиб борган. Кейин понсадбоши, юзбоши, элликбоши, ўнбоши, замбаракчи ва б. Булардан ташқари, бошқа ҳарбий мансаблар ҳам бўлган. Қўқонда яшаган сарбоз ва тўпчилар фақат алоҳида вазифадаги ноиб, додхоҳнинг доимий тасарруфида бўлганлар. Уруш даврида ноиб, додхоҳ ўз қисмига ҳара-катдаги қўшиннинг ҳамма сарбозларини қабул қилган, унга вақтинчалик бошчилик қилишни махсус тайинланган амири лашкар (бош қўмондон)га топширарди.

19-а. нинг 1-ярмида Қўқон хонлиги таркибига қуйидаги ҳудудлар кирарди: Сирдарёнинг сўл соҳили билан Қоратегин оралигидаги Қўқон вилояти; Сирдарёнинг ўнг соҳилидан то Олатовгача бўлган Наманган вилояти; Хўжанд шаҳри; Хўжанд билан Тошкент орали-ғидаги Ўратепа вилояти. Хонликнинг энг шим. вилояти Туркистон, Бетпақ-дала саҳроларига бориб тақаларди. Бундан ташқари, хонлик таркибига Олай ҳудуди, Балхаш кўли билан Сирдарёнинг юқори оқими оралиғидаги ерлар кирарди. Биллуртоғнинг ғарбий томонидаги Қоратегин, Дарбоз, Кўлоб, Шуғнон сингари бир қатор тоғли туманлар ҳам Қўқон хонлигига тегишли эди. Бу ерларни қўқонликлар 19-а. нинг 30-й. ларида бўйсундиришган бўлса-да, улар тез-тез қўлдан-қўлга, кўпроқ Бухоро амири ихтиёрига ўтиб турарди.

Қўқон хонлиги аҳолисининг сони 3 млн. га яқин эди. Чоризм қўшинлари унинг шим.ғарбий вилоятларини босиб олгач, хонлик ҳудуди анча қисқариб, асосан, Фарғона водийси билан чекланади ва аҳоли сони тахм. 2 млн. га тушиб қолади.

Қўқон хонлигининг аҳолиси, асосан, ўзбеклар, тожиклар, қирғизлар, қозоқлар, уйғурлар, қорақалпоқлардан иборат эди. Қўқон хонлигида ҳам ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш турли хил бўлган. Хонликка қарашли бўлган ерлар ам-лок ерлар, вақф ерлари, мулки хи-рож ва мулки ушрияга тақсимланган. Деҳқонлар ўртасида якка деҳқон хўжалиги ҳам ривожланган. Ўз ерларидан ажралган камбағал деҳқонларнинг кўпчилиги йирик ер эгалари қўлида чоракорлик қилганлар. Ернинг баҳоси унинг унумдорлиги ва қанчалик сув билан таъминланганлигига қараб белгиланган. Хонлар суғориш тармоқлари катта даромад манбаи бўлганлиги сабабли маълум даражада уларни сақлашга, суғориш иншоотларини янада кенгайтиришга яхши эъти-бор беришган. Қўқон хонлигида кўплаб пахта ва полиз экинлари етиштирилган, боғ-дорчилик ҳамда пиллачилик тараққий этган. Ҳунарманд-косибчилик мазмунан бой ва серқирра бўлган. Булар: мисгарлик, заргарлик, ўймакорлик, ҳарбий қурол и. ч., сопол ва кўзагарлик, қоғозгарлик, бадиий тўқимачилик, дўппичилик, каштачилик, кўприксозлик, темирчилик ва ш. к.

Булардан ташқари, хонликда ер ости бойлиги ҳам маълум даражада қазиб олинган. Аммо уларни и. ч. содда ва кам эдики, улар эҳтиёжни қондира олмасди. Мас, хонликда ишлаб чиқарилган металл Россиядан олиб келинган металлдан қимматга тушарди. Қўқон хонлигида ишлаб чиқилган маҳсулотлар эса чет элларга ҳам олиб чиқилар эди ва уларга талаб ҳам бор эди. Шунинг учун бу соҳа маълум даражада ривожлана борган.

Савдо-сотиқ Қўқон хонлиги ҳаётида катта ва муҳим ўрин эгаллаган. У ички ва ташқи савдога бўлинган. Осиё хонликларида ички савдо, асосан, қад. даврдан бери ўзаро кўчманчи чорвадор, ўтроқ деҳқонлар ва шаҳар-қишлоқ ҳунармандлари маҳсулотларига асосланган эди. Аҳоли ўзининг эҳтиёжларини асосан ўз хонлигидаги маҳсулотлар билан қондиришган.

Қўқон хонлигининг иқтисодий ҳаётида Бухо-ро, Хива, Қашқар, Ҳиндистон, Афғонистон, Эрон ва айниқса, Россия билан бўлган ташқи савдо катта ўринни эгаллаган. Россия билан олиб борилган савдо муносабатлари Қўқон хонлиги қишлоқ хўжалиги айрим тармоқларининг ривожланишига олиб келди ва рус маданиятининг баъзи жиҳатлари аҳоли турмуш тарзига кира бошлади. Қўқон хонлиги Россиянинг хом ашё базасига ва ташқи савдо бозорига айлана борди. Россия саноати товарларининг олиб келиниши маҳаллий саноат корхоналарини ва айрим ҳунармандларнинг инқирозга учра-шига сабаб бўлди.

Қўқон, Марғилон ва Наманган ш. ларида ип ва ипак матолар (атлас, шойи, беқасам, адрас, чит, бўз ва б.) тўқилган. Шунингдек, бошқа ҳунармандчилик тармоқларида – хўжалик асбоблари, деҳқончилик учун керакли ускуналар, қурол-яроқлар, заргарлик буюмлари, қоғоз ва б. нар-салар ишлаб чиқарилган. Ер ости бойликларидан нефть, олтин, кумуш, мис, рух, темир, қўрғошин ва б. ҳам маълум миқдорда қазиб олинган. Хонликда пахта ва полиз экинлари етиштирилган, боғдорчилик ва пиллачилик ҳам тараққий этган.

Қўқон хонлигидан чет давлатларга қуритилган мевалар, жун, тери, ипак, гилам, пахта ва ипак матолар чиқарилган. ташқи мамлакатлардан эса турли металл рудалари, металл буюмлар, қанд ва б. маҳсулотлар келтирилган.

Маданияти. Қўқон хонлигининг 18—19-а. лар 1-ярмида кечган маданий ҳаётида ҳам сезиларли ижобий ўзгаришлар ва силжишлар юз бериб борганлиги аёндир. 19-а. да Қўқон хонлигида тарихнавислик сезиларли равишда ўсиб борган. Олдинлари ёзилган бир неча тарихий асарлар форс ва араб тилларидан ўзбек тилига таржима қилинди ва янги китоблар ёзилди. Бу янги асарларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳам бор эди — уларнинг айримлари шеърий ёки қисман шеърий йўлда ёзилди. Бу эса қўқонлик тарихчиларнинг адабиётни яхши билибгина қолмай, ўзлари ҳам шеъриятда қалам тебратганликларини кўрсатади. Мас, «Тарихи жаҳоннамойи» (Жунайд Мулло Авазмуҳам-мад Мулло Рўзи Муҳаммад сўфи ўғли), «Шоҳнома» (Абдулкарим Фазлий Намангоний), «Шоҳномайи Умархоний» (Мирзо Қаландар Муш-риф Исфарагий, у Фазлий Наман-гонийнинг «Зафарнома» асарини насрий қилиб ёзган). «Мунтахаб аттаворих» (Хўжа Муҳаммад Ҳакимхон-тўра бин Сайид Маъсумхон), «Тарихи Шоҳрухий» («Тарихи сай-йиди Худоёрхон», Мулло Ниёз муҳаммад Хўқандий Ниёзий бин Мул-ло бин Ашур Муҳаммад Хўқандий), «Тарихи жадидаи Тошканд (Муҳам-мад Солиҳхўжа ибн Қорихўжа), «Шоҳнома» (Маҳзун Зиёвуддин Хўқандий), «Жангномаи Худоёрхон» (Шавқий Намангоний) ва б.

19-а. бошларида шаклланган Қўқон адабий муҳити ҳам хонликнинг маданий ҳаётида катта ўрин тутган. Қўқон ҳукмдорларининг қатор намо-яндалари темурийлар анъанасини давом эттириб, ўзлари ҳам илм-маъри-фат билан шуғулланиб, бу соҳани рав-нақ топдиришга катта саъй-ҳаракат қилганлар. Айниқса, бунда Қўқон хонларидан Умархон (1810—22) ва муҳаммад Алихон (1822—41) даврлари яққол ажралиб туради.

Хусусан, Акмал (Махмурнинг отаси), Амирий (Қўқон хони Умархон), Боқихонтўра, Муҳаммад Шариф, Гулханий, Махмур (Маҳмуд), Мунтазир, Низомий Хўқандий (асл номи Низомиддин Муҳаммадаминхўжа ўғли), Нодир, Нозил Муҳаммад Аваз, Авазмуҳам-мад Ёрмуҳаммад ўғли Писандий, Фазлий Намангоний, Ғозий сингари шоирлар халқ ичида машҳур эдилар.

Қўқон адабий муҳитининг яна бир муҳим характерли жиҳати шундаки, бу даврда ўзбек ва форс-тожик тилида баб-баравар қалам тебратган бир қатор таниқли ва машҳур ўзбек шоиралари истеъдоди кенг ривож топди. Мас, Дилшод отин, Зебунисо, Зиннат, Моҳ-зода Бегим, Маҳзуна, Муштарий, Нодира, Нозук Хоним, Увайсийларнинг ижоди айрича аҳамиятга молик-дир.

Қўқон адабий муҳитининг самарали таъсири ўлароқ бу юртдан кейинчалик Муқимий, Фурқат, Завқий ва б. етук бадиий сўз санъаткорлари етишиб чиқдилар ва ўз халқининг эрки, ҳурлиги ва озодлиги учун хизмат қилдилар.

Умуман олганда, 19-а. нинг ўрталарига келиб, Ўрта Осиё хонликларида адабиёт ва тарихшунослик билан бир қаторда мат., тиббиёт, геогр., астро-номияга оид ҳамда диний асарлар яра-тилди. Бу хонликларда миниатюра ва хаттотлик санъати ҳам ўз ўрнига эга. Бу даврнинг маданий ҳаётида дорбозлик, аския, қўғирчоқ театри, масха-рабозлик, айниқса, бастакорлик бир-мунча ривожланди.

Қўқон хонлигининг барча бекликларида мадраса, мактаб ва қорихоналар мавжуд эди. Мадрасаларда ҳам диний, ҳам дунёвий фанлар бўйича танилган мударрислар, олимлар бор бўлганлиги учун ҳам бу ерга турли мамла-катлардан кўплаб талабалар келиб ўқишган.

Ад.: Бобобеков Ҳ., Қўқон тарихи, Т., 1996.

Ҳайдарбек Бобобеков.


Кирилл алифбосида мақола: ҚЎҚОН ХОНЛИГИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Қ ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
БУХОРО ХОНЛИГИ
АНДИЖОН ВИЛОЯТИ
АМИР ТЕМУР
ФРАНЦИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты