РЕНАТУРАЦИЯ (ре… ва лот. natura — табиий хусусият) — денатурацияга учраган биополимер (Мас, оқсил ёки нуклеин кислота) молекуласининг биологик натив (фаол) ҳолатга ўтиши (қ. Денатурация). Агар денатурацияда оқсил молекуласи ихчам тахланган (тартибли) ҳолатдан тартибсиз ҳолатга ўтадиган бўлса, Ренатурацияда бунинг тескариси содир бўлади, яъни оқсил молекуласининг полипептид занжирида аминокислоталарнинг кетмакетлиги тартиби орқали ифодаланадиган бирламча структураси қайта тикланади. 2 занжирли ДНК молекуласини 100° га қиздирилганида асослар ўртасидаги водород боғлар узилади ва комплементар занжирлар бирбиридан ажралиб, ДНК денатурацияга учрайди. Бироқ, аста-секин совитилганда ДНКнинг комплементар занжирлари яна тикланиши, яъни Ренатурация содир бўлиши мумкин. ДНКнинг бу хусусиятидан сунъий гибрид ДНК олишда фойдаланилади.