САРИҚ ЖИЗИЛДОҚ, ғўза цикадаси, катта ғўза саратони, (Cicadatra ochreata Mel.) — куйловчи жизилдоклар оиласига мансуб ҳашарот; қ. х. экинлари зараркунандаси. Вояга етган Сариқ жизилдоқнинг қанотлари зарғалдоқ тусли. Танасининг уз. 30 мм ча. Мўйловлари 3 бўғимли; орқа оёқлари сакровчи. Чала ўзгариш билан ривожланади (тухум, личинка, нимфа, имаго). Ургочиси ўсимлик поясининг юқори қисмини тешиб, шу жойга 10—15 тадан (ҳаммаси 200 га якин) тухум қўяди. Натижада ўсимликларнинг тешилган жойдан юқориси сўлийди ва қуриб қолади. Шикастланган ёш ниҳолларнинг 40% гачаси нобуд бўлади. Личинкаларининг нимфа босқичига қадар ривожланиши 3 йил давом этиб, бу 5 ёшни ташкил этади, нимфа ҳолида қишлайди. Вояга етган индивидлари май ойининг охири — июнь бошларида, ғўзанинг шоналаш даврида пайдо бўлади. Сариқ жизилдоқ, асосан, янтоқзорларда яшайди. Ўзбекистонда Бухоро вилоятида кўп тарқалган. Кураш чоралари: партов ва ташландиқ ерларни ўзлаштириш; С. ж. доимий учрайдиган ерлардаги янтоқни эрта ўриб олиш; С. ж. нинг учиш ва личинкаларининг чиқиш даврида зарарланган ғўзага 20% ли сумицидин (0,5 л/га) пуркаш.
Султон Алимуҳамедов.