САРКОДАЛИЛАР, сохта оёқлилар (Sarcodina) — саркомастигофоралар типига мансуб бир ҳужайрали ҳайвонлар синфи. Танаси сиртдан цитоплазматик мембрана билан қопланган; ҳужайра қобиғи бўлмайди. Кўпчилик турлари танаси оқак ёки кремний чиғаноқ ичида жойлашган; чиғаноқ тешикларидан цитоплазмаси ўсимталари (сохта оёклар) чиқиб туради. Сохта оёқлар (псевдоподийлар) ҳаракатланиш ва озиқни қамраб олиш вазифасини бажаради. Сохта оёклар ясси парраксимон, ипсимон ёки нурсимон бўлади. Ядроси битта ёки бир нечта. Чучук сувда яшайдиган Саркодалиларнинг қисқарувчи вакуолалари бор. Бактериялар, сувўтлар, шунингдек, бир ҳужайрали ҳайвонлар б-н озиқланади. Кўпчилик С ноқулай шароитда циста ҳосил қилади. 2 га ёки кўп марта бўлиниш (шизогония) ва куртакланиш орқали жинссиз ҳам бир хил типдаги гаметалар (изогаметалар) ёки ҳар хил типдаги гаметалар (анизогаметалар) ҳосил қилиш орқали жинсий кўпаяди. 4 та кенжа синф (илдизоёқлилар, нурлилар, қуёшлилар, акантариялар)га бўлинади. 11000 дан ортиқ тури маълум. Кўпчилик Саркодалилар денгизлар ва чучук сувларда, бир қанча турлари тупрокда йўсинли ботқоқликлар ва ўрмонларда яшайди. Айрим турлари (мас, ичбуруғ амёбаси) паразит.