ШАХМАТ

ШАХМАТ, шоҳмот (форс. шоҳмот — шоҳ ўдди) — спорт тури. Ўйиндан мақсад рақиб шоҳини мот қилиш. Икки хил (оқ ва қора) рангдаги 64 та тенг катакли тахта (сатҳ)да икки хил рангдаги 16 тадан дона (биттадан шоҳ ва фарзин, 2 тадан рух, фил ва от, 8 тадан пиёда)да ўйналади. Шахматда мусобақа пайтида маълум сондаги юришлар қилиниши учун вақт (дастлабки 40 та юриш учун 2,5, 2 ва 1,5 соат ва ҳ. к.) ва ўйин тугамаса қўшимча вақт белгиланади. Тезкор Шахматда ўйинни тугатиш учун аниқ вақт (30, 25, 15 ва 5 мин. дан) берилади. Сиртқи Шахматда ҳар бир юришни амалга ошириш учун масофа ва алоқа воситаси турига қараб, кун ёки ҳафталар белгиланиши мумкин.

Шахматнинг келиб чиқиши чатуранга ўйинига бориб тақалади. Араб халифалиги даврида бу ўйин «шатранж» номи билан оммавийлашди. Араблар Ш. ёзувини жорий этгани учун Шахмат ўйинлари матнига оид қимматли маълумотлар сақланиб қолган. Абулфатҳ Аҳмад ибн Сижзий «Шатранж китоби»да 819 йилда Хуросонда ўтказилган биринчи Шахмат мусобақаси ва унда ғолиб чиққан ўртаосиёлик машҳур шатранжчи Абу Бакр ас-Сулий ҳақида ёзган. Ас-Сулий кўплаб Шахмат воқеаларига қаҳрамон бўлиб кирган Абулфарож Лайложга устозлик қилган.

Шахмат 11-асрдан бошлаб Европада жадал ривожланди. 15-асрда Шахмат қоидаларига ўзгаришлар киритилди. 1512 йилда Римда Дамианонинг «Бу китоб шахмат ўйнашни ўргатади» тўплами босилди ва у Европа тилларига таржима қилинди. 1575 йилда Мадридда Испания ва Италия Ш. чилари ўртасида учрашув ўтказилди. 17-асрда Жоаккино Греко (Италия), 18-асрда Даникан (Франсуа Андре), Филидор (Франция), 19-асрда Говард Стаунтон (Англия), Адольф Андерсен, Иоганнес Цукерторт (Германия), Пол Морфи, Луи Паульсен (АҚШ), Игнац Колиш, Вильгельм Стейниц (Австрия — Венгрия), Александр Петров, Михаил Чигорин (Россия) каби Шахмат усталари бу ўйиннинг ривожига катта ҳисса қўшишди. 1851 йилда Лондонда 1-халқаро мусобақа уюштирилди. Унда Андерсен ғалаба қозонди. 1886 йилдан шахсий жаҳон чемпионати ўтказилиши Шахматни янада оммалаштирди. 1924 йилда Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) тузилди. 1987 йилда тузилган Гроссмейстерлар ассоциацияси (кейин Жаҳон шахмат кенгаши, деб номланди) мустақил равишда Шахмат бўйича бир қанча мусобақа, жаҳон кубоги ва чемпионати ташкил этди. 2000 йилда Владимир Крамник ва Гарри Каспаров ўртасида ўтказилган мусобақада Крамник ғалаба қозонди ва жаҳон чемпиони, деб эълон қилинди. ФИДЕ Ш. даги бўлинишга барҳам бериш мақсадида мутлақ жаҳон чемпионини аниқлаш учун бирлаштирувчи мусобақа белгилади.

Ўзбекистон заминида Шахмат чуқур илдиз отганини тасдиқловчи манбалар мавжуд. 1972 йилда Далварзинтепа (Сурхондарё) да олиб борилган археологик қазилмалар вақтида Кушон даври (1 — 2-асрлар)га оид Шахмат доналари, 1977 йилда Афросиёб (Самарқанд)да ўтказилган тадқиқотлар чоғида 7—8-асрларга тааллуқли 7 та Шахмат донаси топилган. 9-асрда яшаган араб олими ва шатранжчиси алАдлийнинг ёзишича, шатранждаги инсон тафаккурини чеклаган шашхолдаги холларнинг тушишига қараб юриш (шашхол) нинг бекор қилиниши ва бу ўйиннинг ривожланишида Ўрта Осиё халқлари муҳим роль ўйнаган. Абу Райҳон Берунийнинг «Ҳиндистон», Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн», Алишер Навоийнинг «Мажолис уннафоис», «Лисон уттайр», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» ва бошқалар тарихий асарларда Шахмат (шатранж)га оид қимматли маълумотлар бор. Амир Темур даврида қучли шатранжчилар Самарқандда тўпланишган. Табризлик Али ашШатранжий (Оловиддин ат-Табризий) Самарқандда ўтказилган мусобақаларда ғолиб чиққан. Шатранж ҳақида китоб ёзиб, унга ўзининг ва 14-асргача Ўрта Осиёда яшаган кўплаб олия (гроссмейстер)ларнинг мансубаларини киритган. У соҳибқироннинг ўзи билан ҳам шатранж ўйнаб турган.

20-асрнинг 20-й. ларидан Ўзбекистонда Шахматнинг замонавий қоидалари кенг тарғиб этилиши бу спорт турининг ривожланишига туртки берди. Тошкент, Самарқанд, Кўқон ва бошқалар шаҳарларда Шахмат тўгараклари очилди. Азмиддин Хўжаев, Сергей Фрейман, Пўлат Саидхонов, Зокир Хўжаев кабилар Шахматни тарғиб этишда жонкуярлик кўрсатишди. 1930 йилдан эркаклар, 1935 йилдан аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионатлари ўтказила бошлаган (Александр Грушевский ва Лариса Пинчук энг кўп — 8 мартадан чемпион бўлишган). Турли даврларда Фёдор Дуз-Хотимирский, Сало Флор, Тигран Петросян, Пауль Керес, Александр Котов, Марк Тайманов, Виктор Корчной, Анатолий Карпов каби таниқли гроссмейстерларнинг Ўзбекистонга келиб, маърузалар ўқиши, бир йўла ўйин (сеанс)лар ўтказиши, мусобақаларда қатнашиши мамлакатимиз Шахмати ривожига самарали таъсир этди. 20-асрнинг 50-й. ларидан бошлаб Мамажон Муҳитдинов, Улуғбек Элбеков, Сергей Пинчук, Роман Ким, Алла Мкртичан каби Шахмат жонкуярларининг янги авлоди вояга етди. Республика шахматшашка клуби фойдаланишга топширилди, турли тоифадаги мусобақалар ўтказила бошланди, газ. жур. ларда Шахмат рукнлари, Ўзбекистон телевидениесида Шахмат кўрсатуви очилди, Шахматга оид китобларни нашр этиш йўлга қўйилди. Исаак Бирбрагер, Ефим Рухлис каби Шахмат композиторлари турли танловларда ғолиб чиқишди. Георгий Борисенкога сиртқи Шахмат бўйича халқаро гроссмейстер унвони берилди. Георгий Аъзамов эса Ўзбекистондан етишиб чиққан 1-халқаро гроссмейстер бўлди (1984).

20-асрнинг 90-й. ларидан Ўзбекистон Шахмат ида юксалиш бошланди. Эркаклар терма жамоаси жаҳон Шахмат олимпиадасида 2-ўринни эгаллади (1992), Осиё чемпионатида ғалаба қозонди (1999). Иброҳим Ҳамроқулов ўсмирлар ўртасида жаҳон биринчилигида ғолиб чиқди (1998). Рустам Қосимжонов Осиёнинг биринчи (1998), жаҳоннинг 17-чемпиони (2004) бўлди.

ФИДЕ таснифи бўйича жаҳон чемпионлари В. Стейниц 1886 — 1894 Э. Ласкер 1894 — 1921 Х. Р. Капабланка 1921 1927 А. Алёхин 1927 — 1935, 1937 — 1944 М. Эйве 1935 1937 М. Ботвинник — 1948 — 1957, 1958 — 1960, 1961 1963 В. Смислов — 1957 — 1958 М. Таль 1960 1961 Т. Петросян — 1963 — 1969 Б. Спасский — 1969 — 1972 Р. Фишер 1972 1975 А. Карпов 1975 1985, 1993 1999 Г. Каспаров — 1985 — 1993 А. Халифман — 1999 — 2001 В. Ананд — 2001 — 2002 Р. Пономарёв — 2002 — 2004 Р. Қосимжонов — 2004 йилдан Нуфузли мусобақаларда юқори натижалар кўрсатгани учун ФИДЕ қуйидаги Шахмат чиларимизга халқаро гроссмейстер унвонини берди: Валерий Логинов, Александр Ненашев, Григорий Серпер, Сергей Загребельний, Сайдали Йўлдошев, Алексей Барсов, Михаил Салтаев, Рустам Қосимжонов, Рена Мамедова, Шуҳрат Сафин, Марат Жумаев, Дмитрий Қаюмов, Тимур Гареев (1992 — 2004). Бир неча Шахмат чи ва мураббийлар Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвони ва орден-медаллари билан мукофотланишди. Мамлакатда болалар ва ёшлар ўртасида ҳам Шахматни ривожлантиришга катта эътибор бериляпти. Шахмат «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод», универсиада мусобақалари дастурига киритилган. Ўзбекистонлик ёш Шахмат чилар болаларўсмирлар ўртасида ўтказилаётган халқаро мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаб келишяпти. Ҳоз. вақтда Тошкент ва вилоятлардаги Шахматга ихтисослашган болаларўсмирлар спорт мактаблари, Шахмат клублари ва тўгаракларида 268 мураббий фаолият кўрсатяпти. Мамлакатимизда 7984 киши (2320 нафари хотин-қизлар) Шахмат билан бевосита шуғулланишади, улардан 3220 нафари Шахмат разряд ва унвонларига эга (2003).

Ад. . Муҳитдинов М., Ўзбекистонда шахматчилик, Т., 1961; Муҳитдинов М., Шахмат — кони ҳикмат, Т., 1994.

Асрор Мўминов.


Кирилл алифбосида мақола: ШАХМАТ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ш ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ИБН СИНО
ТОШКЕНТ
ХИТОЙ
ЭРОН


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты