СОФОКЛ (Sophokles) (тахм. мил. ав. 496—406) — юнон драматурги, шоир, сиёсий ва ҳарбий арбоб. Антик манбаларга кўра, 123 драма ёзган, шулардан 7 таси («Аякс», 442 й. дан олдинроқ; «Антигона», тахм 441; «Трахиналик аёллар», ёзилган вакти номаълум; «Шоҳ Эдип» ва «Электра», 43015 й. лар орасида; «Филоктет», 409; «Эдип Колонда», 401) ва айрим драмаларидан парчалар, баъзи лирик шеърлари етиб келган. Софокл ўтмишдоши Эсхил ва издоши Еврипиддан фаркли ўлароқ, воқеликни қандай бўлса, шундай қабул қилиб, Юнонистоннинг гуллаган давридаги демократия асосларига шубҳа билан қарамаган. Софокл антик давр трагедиялари учун устувор аҳамиятга эга бўлган шахснинг маънавий шаклланиши муаммосини ечишда дунёнинг Парвардигор томонидан идора этилишини назардан қочирмаган. Унинг «Трахиналик аёллар» трагедиясидан бошқа барча асарлари олижаноб кишиларнинг номлари билан аталган ва бу асарларнинг қаҳрамонлари мураккаб вазиятда дўқ ва пўписаларга ёхуд муросасозликка даъват этувчи кенгаш ва маслаҳатларга қарамай, ўз мақсадлари сари интиладилар. Антигона «норасмий қонун»га итоат этиб, давлат қонунини бузади ва акасидан жудо бўлади; Электра қатл этилган отасининг ўчини оламан, деб ўзиниўзи азобуқубатларга гирифтор этади; Эдип, тақдири азалдан қанчалик қочишга уринмасин, отасининг қотили ва онасининг эри бўлиб чиқади. Ана шу тарзда Софокл трагедияларининг қаҳрамонлари, ўз истакларига қарши ўлароқ, тақдири азалнинг қурбони сифатида гавдаланадилар. Софокл воқеанинг табиий оқимини акс эттирар экан, тасвирга илоҳий кучларни жалб этмайди, томошабин унинг асарларида камданкам ҳолдагина фолбин, башоратчиларга дуч келади. С, Эсхилдан фарқли ўлароқ, трагедиянинг трилогия кўринишларидан воз кечиб, ҳар бир асарида сюжетнинг мустақиллигига эришади. Унинг иккинчи янгилиги 3 актёр иштирокидаги саҳналардан самарали фойдаланишидир. Софокл жаҳон адабиёти тарихидан бир неча монументал образларни яратган ижодкор ва жиддий драматик композициялар устаси сифатида ўрин эгаллаган. Софокл асарлари театр санъати юксак тараққиёт даражасига кўтарилган ҳоз. даврда ҳам ўз қимматини йўқотмай, жаҳон драматургиясининг шоҳ намуналари бўлиб қолмоқда. Софоклнинг «Шоҳ Эдип» (1969), «Антигона» асарлари ҳоз. Ўзбек миллий театри (1971), «Электра» трагедияси эса Аброр Ҳидоятов номидаги театрда саҳналаштирилган.
Ac: Шоҳ Эдип, Т., 1979: