ШИМОЛИЙ МУЗ ОКЕАНИ (аввалги номлари: Шимолий Қутбий денгиз, Шимолий Муз денгизи) — Дунё океанининг бир қисми, Европа, Осиё ва Шим. Американинг шим. қирғоқлари оралиғида. Шимолий Муз Океани бўғозлар орқали Атлантика ва Тинч океанлари билан туташган. Майдони бўйича океанлар орасида энг кичиги, 14,75 млн. км2, сувининг ҳажми 18 млн. км ўртача чуқ. 1220 м, энг чуқур жойи 5527 м (Гренландия денгизининг шим. шарқий қисмида). Қирғоқлари Евросиёнинг ғарбида нисбатан баланд, фьордли, шарқида дельта ва лагуна типли, Канада Арктика архипелагида анча паст, текис. Норвегия, Баренц, Оқ, Кара, Лаптевлар, Шарқий Сибирь, Чукотка денгизлари — Евросиё; Гренландия, Бофорт, Баффин, Линкольн денгизлари ва Гудзон қўлтиғи Шим. Америка материги қирғоқларига туташ. Шимолий Муз Океани ороллари сони бўйича Тинч океандан кейин 2-ўринни эгаллайди. Энг йирик орол ва архипелаглар: Канада Арктика архипелаги, Гренландия, Шпицберген, ФранцИосиф Ери, Новая Земля, Северная Земля, Новосибирск, Врангель.
Рельефи ва геологик тузилиши. Шимолий Муз Океани туби геологик тузилишига кўра 3 қисмга: океаннинг энг чуқур қисмини ўз ичига олган Арктика ҳавзаси, Шим. Европа ҳавзаси (Гренландия, Норвегия, Баренц ва Оқ денгизлар) ва океан ҳудудининг 1/3 қисмини эгаллаган материк саёзлигида жойлашган денгизларга (Кара, Лаптевлар, Шарқий Сибирь, Чукотка, Бофорт, Баффин) бўлинади. Шимолий Муз Океани бошқа океанларга нисбатан саёз. Материк саёзлиги жуда кенг, океан туби майдонининг 50,3% ни эгаллайди. Евросиё шельф зонаси туби рельефида сув ости кўтарилмалари, ботиқлари ва новлари бўлган текисликлар мавжуд. Аляска қирғоқлари бўйлаб абразивденудацион шельф чўзилган. Шимолий Муз Океанининг материк ён бағирлари нисбатан кенг, зинапоясимон, сув ости канъонлари билан парчаланган. Баъзи жойларда кенглиги 150—300 км га етади. Энг тор ва тик Канада материк саёзлиги грабенларнинг мураккаб тизими билан парчалаб юборилган. Океаннинг марказий қисмида Гаккел, Ломоносов ва Менделеев сув ости тизмалари билан ажралган бир нечта чуқур сойликлар: Нансен, Амундсен, Макаров, Канада, Ғаввослар ва бошқалар мавжуд.
Океан тубига чўккан жинсларнинг қалинлиги 1,5—2,5 км. Материк саёзлиги терриген, сув ости тизмалари ва чуқур сойликлар гилли терриген, материк ён бағри фораминифера микрофаунали қумли балчиқ чўкинди жинсларидан иборат.
Гидрологик режими. Шимолий Муз Океани иқлими арктика иқлимига мансуб. Шимолий Муз Океанининг юқори кенгликларда жойлашганлиги, доимий муз қоплами, Атлантика ва Тинч океанлардан ҳаво ва сув массаларининг кириб келиши унинг шаклланишига таъсир кўрсатади. Қишда океан марказий қисми устида Арктика антициклони (юқори босимли область), ёзда паст босимли область жойлашади. Ғарбида йил давомида Исландия минимуми, Гренландия устида эса антициклон ҳукмрон. Барча мавсумларда бу ерга Атлантика океанидан циклонлар келади. Қиши жуда совуқ ва шамолли, ҳаво т-раси марказий қисмида —28° дан —30° гача, Атлантика бўйида —16° дан — 18° гача. Шамол тезлиги 8—10 м/сек., баъзан 20—25 м/сек. гача етиши мумкин. Ёзи ҳам совуқ. Катта қисмида ҳаво т-раси —10° дан —12° гача, ғарбий чекка қисмида қисқа муддат 6—8° гача кўтарилади. Булутли кун кўп бўлади. Ёғин, асосан, қор шаклида ёғади.
Шимолий Муз Океани юзасидаги оқим шамоллар, Атлантика ва Тинч океанлари билан сув алмашиниши, дарё оқимлари таъсирида юзага келади. Бу омиллар юза оқимларнинг ғарбий йўналишда ҳаракатланишига ва Чукотка денгизидан бошланиб, океанни кесиб ўтувчи ва Шпицберген билан Гренландия ўртасидаги бўғозга чиқувчи Трансарктика оқимининг шаклланишига сабаб бўлади. Шимолий Муз Океанига қуйиладиган Шим. Двина, Печора, Обь, Енисей, Хатанга, Лена, Индигирка, Колима, Макензи ва бошқалар йирик дарёлар йилига 5000 км3 чучук сув олиб боради. Шу сабабли, океан юзасидаги сувнинг шўрлиги 32%о, материк саёзлигидаги денгизларда 25—29%о. Юза сувларнинг т-раси қишда 1°, ёзда 0—5°. Совуқ ва чучук сувлар юза оқимлар таъсирида Атлантика океанига оқади. Унинг ўрнига Атлантика ва Тинч океанларнинг илиқ ва шўр сувлари оқиб келади. Сув қалқиши ҳар ярим суткада такрорланади, баландлиги марказий қисмида 0,5—0,6 м, ғарбида 1 м гача, Баренц денгизида 6 м гача етади.
Шимолий Муз Океанининг энг муҳим гидрологик хусусиятларидан бири унинг қишда 9/10 қисмининг муз билан қопланишидир. Баффин ва Гренландия денгизларида айсберглар бўлади. Океаннинг марказий қисмида 3—4 м қалинликдаги қўп йиллик муз (пак) майдонлари учрайди.
Ўсимликлари ва ҳайвонот дунёси. Шимолий Муз Океани ўсимлик ва ҳайвонот дунёси Арктика ва Атлантика областига мансуб. Фауна ва флора турлари қутбга томон камайиб боради. Бироқ ҳамма жойда диатом фитопланктонлар жадал ривожланади, хусусан, Арктика ҳавзаси музларида ҳам. Шим. Европа ҳавзасида ҳайвонот дунёси турли туман (2000 дан зиёд тури бор). Балиқлардан сельд, треска, денгиз олабуғаси, пикша ва бошқалар кўп учрайди. Арктика ҳавзасида оқ айиқ, морж, тюлень, нарвал, белуха ва бошқалар яшайди.
Иқтисодий географик очерки. Шимолий Муз Океанининг ноқулай иқлим шароити унинг иқтисодиётига ўз таъсирини кўрсатади. Океаннинг жаҳон хўжалигидаги ролининг ошиши унинг материкка яқин ерларидаги табиий ресурслардан кенг фойдаланиш билан боғлиқ. Океан денгизларида балиқнинг 150 тури ва сут эмизувчиларнинг 17 тури яшайди. Балиқлардан ташқари океандан денгиз ҳайвонлари ҳам овланади. Оқ денгиздан сувўтлар олинади. Фойдали қазилма конларини разведка қилиш ва қазиб олиш ишлари олиб борилмоқда. Канада Арктика архипелагида қўрғошинрух ва темир рудалари, Скандинавия соҳилларида хромит, никель, темир ва бошқалар рудалар, Гренландия соҳилларида молибден рудалари олинади. Сув остидан нефтьгаз олиш ривожланмоқда. Шпицберген архипелагида тошкўмир қазиб олинади. Шимолий Муз Океанининг транспорт аҳамияти ошиб бормоқда. Океан денгизлари орқали 3 асосий йўналишда сув йўллари ўтади: Атлантика океанидан Норвегия денгизига, Шим. денгиз йўли — Баренц ва Оқ денгиз портларидан Беринг бўгозигача, Арктика бўйлаб турли маршрутлар. Улар Канада Арктика архипелаги, Гренландия ғарбий соҳилдари ва АҚШнинг шим. шарқий соҳилларидаги аҳоли пунктларини ўзаро боғлайди. Муҳим портлари: Мурманск, Беломорск, Архангельск, Кандалакша, Диксон, Тикси (Россия), Тромсё, Тронхейм (Норвегия), Черчилл (Канада), Валдиз (АҚШ).
Шимолий Муз Океани дастлаб мустақил океан сифатида 1650 йилда голланд географи Б. Варениус томонидан ажратилган ва ўша даврда Гиперборей океани деб аталган. 1845 йилда уни Лондон геогр. жамияти Шимолий Муз Океани деб атади. Тадқиқ қилиниш тарихини Арктика мақоласидан қаранг.