ШИМОЛИЙ ОСЕТИЯ АЛАНИЯ

ШИМОЛИЙ ОСЕТИЯ АЛАНИЯ, Шимолий Осетия — Алания Республикаси — Россия Федерацияси таркибидаги республика. Майд. 8 минг км2. Аҳолиси 709,9 минг киши (2002). Пойтахти — Владикавказ шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 8 туман, 6 шаҳар, 7 шаҳарчага бўлинади.

Давлат тузуми. Шимолий Осетия Алания —А. — республика. Олий мансабдор шахс, ижрочи ҳокимият бошлиғи — президент, ижрочи ҳокимиятнинг олий органи — республика ҳукумати. Қонун чиқарувчи олий ҳокимият органи — республика парламенти.

Табиати. Республика Катта Кавказ тоғининг шим. ён бағри ва унга туташган қия текисликда жойлашган. Жанубида бал. 4000 м дан зиёд бўлган Асосий ва Сувайирғич ва Ён тоғ тизмалари (Жимара тоғи, 4780 м — республиканинг энг баланд нуқтаси) бор. Республиканинг марказий қисмида Осетия қия текислиги, ундан шим. томонда Сунжа ва Терек паст тоғ тизмалари ҳамда Моздок текислиги жойлашган. Фойдали қазилмалари: полиметалл рудалар, қурилиш материаллари, доломит; минерал сув манбалари бор. Иқли. ми мўътадил континентал, Моздок текислигида қурғоқчил иқлим, тезтез гармсел эсиб туради. Янв. нинг ўртача т-раси —4,3°, июлники 24°. Йиллик ёғин 400—450 мм. Осетия текислигида янв. да ўртача тра —4°, июдда 20°; йиллик ёғин 600 — 800 мм. Асосий дарёси — Терек; ирмоқлари — Урух, Ардон, Фиагдон, Гизельдон, Сунжа, Камбилеевка. Терек водийси ва унинг ирмоқлари қуйи қисмларидаги аллювиал тупроқларда ўрмон ва ўтлоқлар бор. Тоғ ва тоғ оралиғидаги сойликларнинг қўнғир ўрмон, тоғподзол ва тоғдашт тупроқларида қарағай ва қайин дарахтлари ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан тур, кийик, ўрмон мушуги, қобон, елик, силовсин ва бошқалар; паррандалардан улар, кавказ қури, каклик яшайди. Текисликларда кемирувчи ҳайвонлар кўп. Республикада Шим. Осетия табиий қўриқхонаси ва бир қанча буюртма қўриқхона бор.

Аҳолиси. Осетин, рус, ингуш, арман, грузин ва бошқалар яшайди. Давлат тиллари — осетин ва рус тиллари. Шаҳар аҳолиси 65,4%. Диндорлари, асосан православлар; мусулмон суннийлар ҳам бор. Асосий шаҳарлари: Владикавказ, Моздок, Беслан.

Тарихи. Шимолий Осетия Алания —А. ҳудудида одам палеолит давридан яшайди. Мил. 1-минг йиллик бошларида скифлар, сарматлар, аланлар яшаган. Гуннларнинг 4-асрдаги ҳужуми натижасида аланларнинг бир қисми Ғарбий Европага кетишга мажбур бўлди, қолганлари Кубань ва Терек дарёлари оралиғида, шунингдек, тоғларда ўрнашиб қолди. 9—10-асрларда Алания давлати ташкил топди. 8—12-асрларда аланоск (осетин) элати шакллана бошлади. Мўғуллар ҳужуми (1222—39) натижасида осетинлар Терекнинг юқори оқимларидаги тоғ даралари ва унинг ён бағирларига суриб чиқарилди. 1774 йил Россия билан Туркия ўртасида тузилган КучукҚайнаржа сулҳ шартномасига кўра, Россия таркибига қўшилди. 18-аср охири — 19-аср бошларига келиб осетин халқининг шаклланиш жараёнитугади. 1920 йил 17 нояб. да Терек вилояти халқлари съездида Тоғли мухтор республика тузилиб, Шимолий Осетия Алания —А. унинг таркибига Осетия (Владикавказ) округи сифатида кирди. 1924 йил 7 июлда у Шим. Осетия мухтор вилоятига, 1936 йил 5 дек. да Шим. Осетия мухтор республикасига айлантирилди. 1990 йил дек. да Шим. Осетия мухтор республикаси Олий Кенгаши давлат суверенитети тўғрисида декларация қабул қилди. 1993 йил нояб. дан Шимолий Осетия Алания —А. деб номланди.

Хўжалиги. Ялпи маҳсулотда саноатнинг улуши 19,7%, қ. х. ники 11,7%, қурилишники 5,5%, транспортники 2,5%, савдоники 21% ни ташкил этади.

Саноатининг асосий тармоқлари орасида рангли металлургия («Электроцинк», «Победит» здлари), озиқовқат, электр энергетикаси, машинасозлик ва металлсозлик, қурилиш материаллари саноати, енгил, ўрмон, ёғочсозлик ва целлюлозақоғоз, приборсозлик, ойнашиша, кимё ва нефть кимёси саноати етакчи ҳисобланади. Терек дарёсида ГЭС каскади мавжуд. Иилига ўртача 0,4 млрд. кВтсоат электр энергияси ҳосил қилинади. Асосий саноат марказлари: Владикавказ, Моздок, Беслан.

Қишлоқ хўжалигига яроқли 350,4 минг гектар ернинг 198,6 минг гектари ҳайдалади. Қ. х. да етакчи тармоқ — гўштсут чорвачилиги; қорамол, қўй, чўчқа, парранда боқилади. Деҳқончиликда буғдой, арпа, маккажўхори, кунгабоқар етиштирилади; сабзавотчилик, боғдорчилик, токчилик, шунингдек, асаларичилик ривожланган.

Транспорти. Автомобиль йўллари уз. 2309 км. Республика ҳудудидан «Кавказ» автомобиль йўлининг РостовДон— Махачқала шохобчаси ўтган. Ҳарбий Грузия ва Ҳарбий Осетия йўллари Шимолий Осетия Алания —А. ҳудудидан бошланади. Т. й. узунлиги — 144 км. Шим. Кавказ т. й. нинг РостовДон—Боку, Прохладная—Моздок—Гудермес магистрали кесиб ўтади. Ставрополь—Грозний—Владикавказ — Тбилиси газ қувури мавжуд.

Тиббий хизмати. Шимолий Осетия Алания —А. да ҳар 10 минг аҳолига 65 врач тўғри келади. Бир қанча санаторийкурорт ва дам олиш муассасалари, жумладан, Кармадор, Тамиск бальнеология курортлари мавжуд.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Маорифи ва ҳунар техника таълими РФда қабул этилган тизимга мувофиқ ташкил қилинган. 211 умумий ўрта таълим мактабида 106 минг, 13 ўрта махсус ўқув юртида 11,7 минг ўқувчи, 4 олий ўқув юрти (Шим. Осетия унти, аграр, технология унтлари, тиббиёт инти)да 17,8 минг талаба таълим олади. Тарих, иқтисодиёт, тил ва адабиёт илмий текшириш институтлари, 200 дан ортиқ кутубхона, театр ва музейлар бор. Осетин ва рус тилларида газ. ва жур. лар нашр этилади ҳамда радиоэшиттириш ва телекўрсатувлар олиб борилади.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Шимолий Осетия Алания —А. ҳудудида ўрта аср христиан (Нузал қишлоғидаги бутхона, 10—12-асрлар) ва мусулмон (Татартуп шаҳридаги масжид ва миноралар, 14-аср) меъморий ёдгорликлари, шунингдек, мудофаа иншоотлари сақланган. Халқтурар жойлари (18—19-асрлар) тоғларда тошдан кўп хонали 2 қаватли қилиб қурилган, томи лой билан ёпилган; текисликларда сомонли лойдан тўғрибурчак шаклида, кейинчалик ғиштли, томи черепица билан ёпиладиган чордоқли уйлар қурилган. 19-аср охири — 20-аср бошларида Моздок, Владикавказ шаҳриларида эклектика ва модерн услубида бинолар яратилди. 1920-й. лардан кейин Владикавказ шаҳри қайта қурилди, Моздок, Алагир, Беслан, Ардон, Дигора шаҳриларида кўплаб маъмурий, жамоат, спорт ва курорт бинолари қурилди. Шимолий Осетия Алания —А. ҳудудида топилган қадимий санъат ёдгорликлари мил. ав. 3-минг йилликка тааллукли. Скифлар давридан (мил. ав. 7-аср) жездан ишланган қуйма буюмлар сақланиб қолган. 19-аср охирида биринчи осетин рассоми шоир К. Хетагуров, ундан кейинги даврларда график ва рассомлар М. С. Туганов, А. Хохов, В. Лакисов, Р. Хасиева, ҳайкалтарошлар акаука Дзантиевлар, С. Тавасиев самарали ижод қилдилар. 1950—70 йилларда А. Жанашев, Ч. Дзанатов. Б. Тотиев, З. Абоев, Ю. Бигаев каби рассомлар машҳур бўлган. Бадиий ҳунармандчиликда зардўзлик, нақшинкор бронза ва кумуш идишлар, нақшли қуроллар тайёрлаш, ёғоч ўймакорлиги, гилам тўқиш ривожланган.

Мусиқаси оғзаки анъанавий санъат тариқасида ривожланиб келди. Осетин халқ қўшиқлари жанр жиҳатдан хилмахил (айниқса, эркакларнинг 2 овозли қаҳрамонона қўшиқлари кенг тарқалган). Миллий мусиқа асбоблари; дуадастанон (12 торли арфа), далафандир, киссин фандир (торликамонли), фидиуаг (буқа шохидан ишланган), уадиндз, стили (пуфлама), гумсаг (барабан), карцганан (урма соз) ва бошқалар Шунингдек, иорнкандаалфандир (диатоник ва хроматик гармоникалар), балалайка, скрипка ҳам кўп ишлатилади. Халқ мусиқа ижодкорлари орасида кадаганат (достончи)лар фаолияти алоҳида аҳамиятга эга; 19-аср да Бабо Дзугутов, 20-асрда А. Цопанов, Д. Таутиев, С. Цагараев ва бошқаларлар машҳур бўлган. Биринчи композиторлик мусиқа асарлари 20-асрнинг 20-й. ларида яратилди (П. Мамулов, В. Долидзе). 1950—60 йилларда опера, оперетта, балет, симфония, оратория, вокал мусиқа (композиторлар X. Плиев, Д. Хаханов, И. Габараев, Т. Кокойти, А. Кокойти, Р. Царионти ва бошқалар) ривожланди.

Дирижёрлар — И. Аркин, П. Ядих, хонандалар — Т. Тогоева, М. Католиева, Ф. Суанов, Д. Билаонова ва бошқалар машҳур. Республикада Мусиқали театр (1972 йилдан), филармония (1945), симфоник оркестр (1944), «Алан» рақс ансамбли (1966), санъат, мусиқапед. билим юртлари фаолият юритади.

Театри. Профессионал осетин театри рақс, ашула ва қўғирчоқ ўйинлар билан бирга ўтказиладиган халқ ўйин ва томошаларидан бошланган. Осетин тилида ҳаваскорлик спектакллари 1904 йилдан Владикавказ ва йирик қишлоқларда қўйилди. 1930 йилдан Владикавказда кичикжанрлартеатри очилди. 1935 йил Шим. Осетия драма театри (1958—71 йилларда мусиқали драма театри) ташкил этилди. 1943 йил «Саби» қўғирчоқтеатри очилди (рус ва осетин труппалари). Машҳур театр арбоблари: В. Тхапсаев, З. Бритаева, Н. Саламов, К. Сланов, В. Хугаева, Г. Хугаев, М. Цаликов ва бошқалар.


Кирилл алифбосида мақола: ШИМОЛИЙ ОСЕТИЯ АЛАНИЯ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ш ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ТОШКЕНТ
РОССИЯ
ХИТОЙ
ФРАНЦИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты