УМУРТҚА ПОҒОНАСИНИНГ ҚИЙШАЙИШИ — нормал умуртқа поғонаси шаклининг ўзгариши. Одам умуртқа поғонасининг 3 хил: сколиоз (ёнга), лордоз (олдинга) ва кифоз (орқага) қийшайиши фарқ қилинади.
Катта ёшдаги кишиларнинг умуртқа поғонасида олд ва орқа томонга қараган кичикроқ букилма бўлади. Бу букилма ёшликдан астасекин айниқса бола тик туришга ва юришга ўргана бошлаганида вужудга келади. Бу касаллик бўлмай, балки физиологик ҳолат ҳисобланади. Умуртқа поғонаси касаллигида эса умуртқа поғонасининг физиологик ҳолатдан чиқиб, одд ва орқа томонга қараб қийшайиши кузатилади.
Сколиоз туғма (умуртқаларнинг нотўғри ривожланиши туфайли) бўлиши мумкин, лекин кўпроқ 5—15 яшар болаларда, айниқса ўқувчилар орасида учрайди. Ўқув машғулотлари вақтида болалар партада гавдасини нотўғри тутиб ўтириши натижасида умуртқа поғонасига ва мускулларига оғирлик бир хилда тушмайди. Оқибатда мускуллар бўшашиб қолади. Умуртқа поғонаси бойламлари ва шаклининг ўзгариши турғун сколиозга сабаб бўлади. Болаларнинг ёшлигида рахит билан оғриганлиги, катта ёшдагиларнинг эса доим бир қўлда юк кўтариши ҳам сколиозга олиб келиши мумкин. Умуртқанинг синиши ёки унинг айниқса сил оқибатида емирилиши натижасида ҳам сколиоз рўй беради. Кишининг бир оёғи калта бўлиб, ўша томонга энгашиб қадам ташлаши функционал сколиозга олиб келади. Сколиознинг олдини олиш учун болаларни партада ва стол атрофида тўғри ўтиришга ўргатиш, врач буюрган даво бадан тарбияси машқларини қунт б-н бажариш, массаж қилиш, серҳаракат ўйинлар, очиқ ҳавода сайр қилиш, катталар эса меҳнат билан дам олишни тўғри алмаштириб туриши, иш вақтида и. ч. гимнастикаси билан шуғулланиши лозим.
Кифоз ёйсимон бўлиши мумкин. Бунда умуртқа поғонасининг у ёки бу бўлаги орқа томонга қийшайган бўлади ва умуртқа поғонасининг орқа томонга туртиб чиқиши кузатилади. Ёйсимон кифоз умуртқа поғонасининг кўкрак бўлимида кўпроқучрайди. Орқа мускуллари тонусининг кескин камайиши, ёшликда рахит б-н касалланиш, гавдани узоқ вақт эгиб ишлаш (станокда ёки ёзув столида) ёйсимон кифозга сабаб бўлади. Кифознинг олдини олиш ҳам сколиозга ўхшаш. Даво гимнастикаси, физиотерапия муолажалари, санаторийкурортларда даволаниш буюрилади. Умуртқа поғонасининг орқа томонга туртиб чиқиши кўпроқ кўкрак умуртқаларида кузатилиб, букрилик деб аталади.
Лор доз да умуртқа поғонаси ичкарига қийшаяди. Бунга кўпинча чаноқ суягининг сон суяги билан туташган бўғимининг туғма чиқиши сабаб бўлади. Бел лордози қоринга ёғ йиғилишидан ҳам пайдо бўлади. Лордозда умуртқалар деформацияланади ва оғрийди. Умуртқа поғонаси шикастланган қисмининг ҳаракатланиши қийинлашади. Лордозни даволашда унинг сабаби аниқлангач, врач даво гимнастикаси ва массаж буюради.
Умуртқа поғонасининг қийшайишининг барча хилларини олдини олиш учун болаларни қадциқоматини тўғри тутишга ўргатиш, тана мускулларини мустаҳкамлайдиган комплекс машқларни ҳар куни бажариб туриш керак.