УСМОНХЎЖАЕВ Ҳалим Ҳайдарович (1919.20.11 Тошкент 1993.9.4) механика соҳасидаги олим, Ўзбекистон ФА акад. (1984). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1980). Тошкент тўқимачилик ин-тини тугатган (1950). Шу интда и. т. сектори бошлиғи (1950—52), ассистент (1951 — 52), ўқитувчи (1954—57), декан (1958-61), Ўзбекистон ФА Механика ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги ин-тида ўзи ташкил қилган механизм ва машиналар назарияси лаб. мудири (1961 й. дан). Илмий ишлари, асосан, машина агрегатининг динамикаси, пахта териш ва тозалаш машиналари, тўқимачилик машиналари назариясига дойр. Усмонхўжаев раҳбарлигида пахта териш машиналарининг иш унумини оширувчи ва пахтанинг тўкилишини камайтирувчи таркибий шпиндель яратилган ва и. ч. га жорий қилинган. Усмонхўжаев шпиндель тишлари траекториясига қараб тезлик режимини аниклашга имкон берувчи «Универсал эпигипоциклограф» асбобни яратган, пахта териш машинаси унумдорлигини олдиндан аниқлаш формуласини ишлаб чиққан. Усмонхўжаев газлама тўқиш автомат станоги мокиси найчаларини алмаштиришдаги энергияни аниклаш асбоби ва б. ихтиролар муаллифи. Беруний номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти лауреати (1989).
Ас: Механизм ва машиналар назарияси [Дарслик], Т., 1970; Кинематика и динамика механизмов и машин (в соавторстве), Т., 1969; Тайны хлопка и чудесные механизмы, Т., 1979; Теория механизмов и производительность хлопкоуборочных машин, Т., 1990.