ТИНДАЛЬ ЭФФЕКТИ — бир жинсли бўлмаган хира оптик муҳитда ёруғликнинг сочилиши. Мас., шишадан ясалган куб шаклидаги кюветка (ваннача)га сут аралаштирилган сув солиб, унинг асосидан ёруғлик туширилса, бу ёруғлик нурининг изи аник, кўриниб туради. Агар кюветканинг ён томонидан қаралса, сочилаётган ёруғлик ҳаво ранг конус (Тиндаль конуси) кўринишида, кюветкадан ўтаётганда эса қизғиш бўлиб кўринади. Кюветка ён томонидан кузатилаётганда ёруғликнинг ҳаво ранг кўринишда бўлиши Рэлей қонуни асосида тушунтирилади. Муҳит зарралари ўлчами ёруғлик тўлқин узунлигидан кичик бўлса, Тиндаль эффекти яхши кузатилади. Бу ҳодисани инглиз физиги Ж. Тиндаль (Tyndall) ўрганган (1868), шунинг учун унинг номи билан юритилади. Каллоид зарралар ва макромолекулаларнинг ўлчами, шакли ва концентрациясини аниклашнинг баъзи оптик усуллари Тиндаль эффектига асосланган.