ТОВАР (рус.) — 1) ишлаб чиқариш. иқтисодий фаолиятнинг моддийбуюм шаклидаги ҳар қандай маҳсулоти;
2) сотувчилар ва харидорлар ўртасида олдисотди, бозор муносабатлари объекти. Товар бозорда сотиш, айирбошлаш учун ва шу орқали бошқаларнинг эҳтиёжларини қондириш учун ишлаб чиқариладиган меҳнат маҳсулотидир. Товар фақат модций шаклга эга бўлмай, у турли хизматлар, маънавий неъматлар ва б. кўринишларда ҳам бўлиши мумкин. Товар шаклини олган маҳсулот икки ёқлама хусусиятга эга бўлиши, яъни бир томондан, у фақат сотиш учун ишлаб чиқарилган, иккинчидан, кишиларнинг биронбир эҳтиёжини қондира олиши керак. Иқтисодиётда Товарнинг бу икки ёқлама хусусияти — истеъмол қиймати, унинг меҳнат маҳсули эканлиги қиймат тарзида ўрганилади.
Товар ларнинг истеъмол қиймати уларнинг бошқа товарлар билан алмаштириш имконини беради. Шунинг учун товар ишлаб чиқарувчиларни товарнинг алмашув қиймати қизиқтиради. Товарларни сотишдаги уларнинг нарх кўрсаткичи алмашув қийматини кўрсатади. Товарнинг алмашув қиймати — бирор турдаги истеъмол қийматнинг бошқа турдаги истеъмол қийматга айирбош қилинадиган микдорий нисбатдир. Товарларнинг алмашув қийматига қарашларда турлича таълимотлар мавжуд бўлиб, улардан бири «қийматнинг мехнат назарияси» деб ном олган. Бу назария асосчилари А. Смит, Д. Рикардо, У. Петти ва б. фикрича, товарларнинг табиий хусусиятларидан бирортаси — оғирлиги, шакли, ҳажми кабилар алмашув қийматига асос бўла олмайди, унинг асосини товарга сарфланган мехнат, алмашишнинг зарур шартини эса айирбошланадиган товарнинг ҳар хил истеъмол қийматлари (хусусиятлари) ташкил этади. Лекин ҳар хил товарларнинг истеъмол қиймати сифат жиҳатидан турлича бўлиши мумкин. Бу қараш тарафдорларининг фикрича, товарларни миқдор ва сифат жиҳатлардан солиштириш, яъни баробарлаштириш асоси фақат унга сарфланган меҳнат бўлиши мумкин. Товарда мужассамлашган ижтимоий меҳнат унинг қийматини ташкил қилади.
Австрия иқтисодиёт мактаби намояндалари фикрича, айирбошлаш мутаносиб товарларнинг истеъмол учун қай даражада фойдалилиги, яъни нафлилиги (қ. Нафлшшк) билан белгиланади. Бозор иқтисодиёти шароитларида Товарда гавдаланган мехнат ва унинг нафлилиги Товар қийматини вужудга келтиради.
Муталлиб Йўлдошев.