ТОЖМАҲАЛ — Ҳиндистондаги бобурийлар сулоласи даврига оид меъморий ёдгорлик (1631 — 52). Агра ш. яқинидаги Жамна дарёси бўйида Шоҳ Жаҳон суюкли хотини Аржумандга (Мумтоз Маҳал бегим, Мумтоз Бибика Рауза номлари билан машҳур бўлган) атаб вафотидан (1631 й. 7 июль) сўнг қурдирган. Кейинчалик ўзи ҳам шу ерга дафн қилинган.
Мақбара (лойиҳа меъмори Усто Аҳмад Лаҳори) турк меъмори Муҳаммад Исохон афанди бошчилигида бунёд этилган. Тожмаҳал мурабба тарҳли, 3 қаватли, 5 гумбазли. Мармар супа (104х|04х7 м) устига қурилган. 4 бурчагидаги ингичка миноралар (бал. 45 м) мақбарага ўзгача ҳусн бағишлаган. Деворлари оқ мармар билан қопланган, турли рангдаги қимматбаҳо тошлар (ҳақиқ, марварид, садаф, қаҳрабо, зумрад, ёқут, фил суяги ва б.)дан қадама нақшлар ишланган. Бош тарзи (эни 56,7 м) пештоқ равокли. Мақбаранинг олд томонига 2 қатор дарахтлар экилган, фавворали ҳовуз, гулзорлаштирилган узун йўлка бор. Зинапоялар билан мармар супага чиқиб, ўйма нақшли эшикдан мақбарага кирилади. Ўртадаги катта гумбазли хонада қора мармарли сағана (Шри Ланкадан келтирилган) қўйилган. Тожмаҳалнинг беқиёс ҳусни боғнинг жан. дарвозаси орқали кўзга яққол ташланади. Маҳобатли бино қурилишида на фақат Ҳиндистон, балки Ўрта Осиё, Эрон, Византия меъморларининг ўзига хос услублари ўз ифодасини топган. Мақбара қурилишида ғишт терувчи қандаҳорлик Муҳаммад Ханиф, мултонлик Муҳаммад Сайид, минорада маҳаллий уста Исмоилхон Румий, самарқандлик Муҳаммад Шариф, лаҳорлик Козимхонлар ғамда кўпгина наққош ва хаттотлар қаторида бухоролик ота Муҳаммад ва Шукур наққошлар қатнашган.