ВАКИЛЛИК — бир шахснинг бошқа шахс номидан юридик ҳаракатларни амалга ошириши. Вакиллик асосан бир шахс (вакил)нинг ваколат бўйича тузган битими; ваколат берувчига нисбатан фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини бевосита вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади. Мазкур ваколат ишончнома, қонун, суд қарори ёки вакил қилинган давлат органининг ҳужжатига асосланган бўлиши керак. Фуқаролар фуқароларга, юридик шахсларга Вакиллик қилишлари мумкин. Юридик шахс фақат ўз уставида кўзда тутилган ҳоллардагина ёки фаолият характерига мувофиқ бўлгандагина фуқаролар ёки юридик шахсларнинг вакили бўлиши, муомалага лаёқатли шахслар ўзлари танлаган вакиллар орқали битим тузишлари мумкин. Битим ўз характерига кўра факат шахсан тузилиши мумкин бўлган ҳоллар, шунингдек қонунда кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно. Муомалага лаёқатсиз фуқаролар номидан битимни уларнинг ота-оналари, фарзандликка олувчилари ва васийлари тузади (ЎзР ФК, 129—131-моддалар).