ВАРИАЦИЯЛАР — мусиқа шакли. Унда асосий мусиқий мавзу (мавзулар) ўзининг бир ёки бир қанча унсурлари (ритм, суръат, фактура, оҳанг ва б.) ўзгартирилган ҳолда такрорланади ва Вариациялар туркумини ташкил қилади. Ўзгариш даражасига кўра, қатьий (мас., бассо остинато) ва эркин Вариациялар фарқланади. Қатьий туркумда мавзу ва унинг Вариациялари бир хил тузилишга эга. Эркин туркумда ҳар бир вариацияда асосий мавзу оҳангларидан келиб чиққан янги мавзулар шаклланади. Вариациялар мустақил асар ёки симфония, соната, опера каби асарларнинг бир кисми бўлиши мумкин.
Вариациялар Европа мусиқасида 16-а. дан маълум. 19-а. гача уларнинг асосан қатъий тури қўлланилган (Г. Пёрселл, Г. Гендель, И. Бах, В. Моцарт, Л. Бетховен ва б.). Романтизм услубида эркин Вариациялар кенг тарқалди (Р. Шуман, П. Чайковский ва б.). В. шакли Ўзбекистон композиторлари (Ик. Акбаров, С. Юдаков, Т. Курбонов, С. Каримҳожи, С. Варелас, Р. Абдуллаев, А. Набиев ва б.) ижодидан ҳам салмоқ»ли ўрин олган.