ТОФАЛАР (ўзларини тофа, тоха деб аташади, илгариги номи — карагаслар) — РФнинг Иркутск вилояти, Нижнеудинск рни (Уда, Бирюса, Кан, Гутара, Ия ва б. дарёлари бўйи)да яшовчи халқ. 0,7 минг киши (1990-й. лар ўрталари). Туркий тилларнинг уйғур гуруҳига мансуб тофа тилида сўзлашади. Диндорлари — православлар, лекин, шомонлик ҳам қисман сақланган. Тофаларнинг шаклланишида Жан. Сибирнинг кет, туркий, мўнғул ва б. қабилалари иштирок этган. Бу жараёнда асосий ролни туркийларнинг тоба (дубо) қабилалари ўйнаган. Тофалар шарқий туваликларга — тожинликларга қариндош бўлиб, фақат 1757 й. дан кейин улардан ажралган. 19-а. га келиб алоҳида халқ сифатида шаклланган. 20-а. бошларигача Тофалар қуйидаги уруғларга бўлинган: каш, сариқкаш, чоғду, қорачоғду, чептей ва б. Машғулоти — овчилик ва кўчманчи буғучилик бўлган. 20-а. да Тофалар ўтроқ ҳаётга ўтган. 1980-й. лардан бошлаб Тофаларда ўз тарихини ўрганиш ва маданиятини қайта тиклашга интилиш кучайган.