ВАРШАВА УНИВЕРСИТЕТИ — Польшадаги йирик ўқув ва илмий марказ. 1816 й. Варшава ш. да рус подшоси Александр I фармонига мувофиқ Александров ун-ти сифатида ташкил этилган (1818 й. ун-т мақомини олган). 1917 й. дан Польша ун-ти. 2-жаҳон уруши (1939—45) даврида ун-т ёпилган. Мамлакат озод этилгач, ўз фаолиятини тиклаган. Ун-т тарих, филол., психология, пед., кимё, геол., биол., физика, мат., юридик ва б. фанлар бўйича мутахассислар тайёрлайди. 25 минг талаба таълим олади, 1500 га яқин ўқитувчи ишлайди. Ун-т кутубхонаси (1817 й. ташкил этилган)да 2 млн. га яқин асар сақланади.