ВАСФ (араб. — сифатлаш, таърифлаш) — лирика жанри. Васфга таом турлари, мева хиллари, сабзавот, фасллар, кўпик, сув, ёмғир, дўл, ой, муз ва б. Ҳам мавзу қилиб олиниши мумкин. Унда инсон нарса орқали кўрсатилади, тасвир қиёсий тус олади, таққос кутилмаган, фавқулодда бўлади, нарса жонлантирилади. Инсон образи ва хислати тўғридан-тўғри тасвир этилмайди, китобхон ўйлашга мажбур бўлади, эмоционал таъсирланади. Васф маърифий-эстетик аҳамиятга эга, жанр тузилиши ва вазни ҳар хил бўлиши мумкин. Авестода учраши ҳақида ҳам маълумотлар бор. Араб мамлакатларида исломгача бўлган даврдаёқ қасида жанри ичида қўлланган; у топишмоқлар, масалга яқин.
Васф ҳажми бир байтдан то ўн байтгача ва ундан ортиқ бўлиши мумкин, қисқалик, лўндалик унинг муҳим томонидир. Васф арабларда мустақил жанр сифатида 10-а. да шаклланган. Шу асрда Бухорода яшаб, араб тилида ижод қилгаи шоирлар Васф ёзганлар. Замонавий ўзбек адиблари ижодида Васф кўплаб учрайди.
Ад.: Абу Мансур ас-Саолибий, Йатимат ад-даҳр, Т., 1976; Адабий турлар ва жанрлар, 2-ж. Т., 1992.