ТОШКЕНТ ТЕМИР ЙЎЛ МУҲАНДИСЛАРИ ИНСТИТУТИ — т. й. транспорти ва унга тегишли асосий хизматлар учун юқори малакали мутахассислар тайёрлайдиган олий ўқув юрти. Ўрта Осиё т. й. транспорти муҳандислари инти сифатида 1931 й. да ташкил этилган, 1937 й. дан ҳоз. ном билан аталади. Инт таркибида 5 фт: ташиш ишларини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими, иқтисодиёт, электромеханика, т. й. қурилиши ва сиртқи фтлар, магистратура маркази бор. Инт қошида интернат лицей фаолият кўрсатади. Интда 17 йўналиш бўйича бакалаврлар тайёрланади. Инт қошидаги аспирантурада 5 та мутахассислик бўйича илмий ходимлар тайёрланади. Кафедраларнинг и. т. ишларида, лойиҳаконструкторлик бюролари, транспорт ва қурилиш корхоналари ишларида талабалар фаол қатнашади. Интда 27 кафедра, 60 лаб., тайёрлов бўлими, кутубхона (600 мингдан зиёд асар) бор. 2002/03 ўқув йили интда 2800 дан ортиқ талаба ўқиди. Инт ташкил қилинганидан бери 50 мингдан ортиқ юқори малакали мутахассис етказиб берилди. Инт қошида талабалар уйлари, маданият саройи, поликлиника ва профилакторий, спорт иншоотлари, болалар боғчаси бор. Инт РФ, Польша, Литва, Украина каби мамлакатлар билан ҳамкорлик қилади. Инт фаолияти А. Глушченко, А. Лаврик, Э. А. Одилхўжаев, А. Гофман ва б. олимлар номи билан боғлиқ.