ТОШКЕНТ ЦИРКИ — ўзбек ва бошқа давлатлар цирк артистларининг чиқишларини намойиш этувчи йирик стационар цирклардан бири. Олим ва сайёҳларнинг эсдаликларида Тошкентда цирк томошалари муаллақчи, найрангбоз, ёввойи ва уй ҳайвонларини ўргатувчи кишилар маҳорати билан бошлангани ҳақидаги тафсилотлар, ривоятлар сакланган. Халқ сайилларида, бозор ва гузарларда дорбоз ва симбозлар, жонглёрлар, полвон ва бесуяклар ўз санъатларини намойиш этганлар. Айниқса, дорбозлик кенг ривож топган. 19-а. охирида Тошкентда гастролда бўлган Ф. Юпатов, В. Соболевский, А. Фаррух, Р. Капито, Е. Гамкрелидзе ва б. нинг антрепренёр труппалари муваққат биноларда томоша кўрсатган. Тошкент ярмаркаларида бир вактда 3—4 та цирк томошаси, жумладан, ўргатилган ҳайвонлар билан ҳам томоша кўрсатилган. Эски шаҳарда 10 минг томошабинга мўлжалланган очиқ цирк ишлаб турган. 1913 й. дан цирк труппаларининг томошалари «Колизей» биносида кўрсатила бошлади. 1914 й. охирида Воскресенье бозори ҳудуди (ҳоз. Навоий майдони) яқинида Ф. Юпатовнинг ёгочдан ишланган стационар цирк биноси қурилди. Бу ерда европалик ва рус артистлари билан бирга ўзбек артистлари, жумладан, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, акробатчи, раққоса, чавандоз Е. Юпатова (Гўзал Елена) ва б. хам томоша кўрсатганлар. Тошкент циркининг биринчи бадиий раҳбари ва директори — А. В. Лапиадо (асл фамилияси Королёв). 1928 й. Карим Зарифов «Кизил Шарқ» (кейинроқ «Кооператив») цирк труппасини ташкил этди. 1930 й. Ўрта Осиё республикалари ва Қозоғистон цирклари бирлаштирилган давлат цирклари марказий бошқармаси тузилди. 1941—44 й. лар Тошкент цирки қошида Абдулла Гисматулин раҳбарлигидаги акробатика студияси ишлади. 1942 й. октябрда ўзбек цирки жамоаси тузилди. Бу ерда Юсуфжон қи^иқ, дорбозлар — Тошканбоевлар, чавандозлар — Зарифовлар, Раҳмоновлар, Хўжаевлар, гимнастлар — Мадалиевлар, кейинроқ қизиқчи ва акробат Юсуповлар, рус масхарабозларидан Г. Заставников, П. Боровиков ва б. ишладилар. 1950—56 й. ларда Тошкент цирки бадиий раҳбари — Эркин Тошканбоев, 1976—90 й. лар Обиджон Тошканбоев. Тошкент зилзиласи (1966)дан кейин вақтинчалик шапито цирки ишлаб турди.
1975 й. Хадра майдонида 2597 ўринли янги Тошкент цирки биноси қуриб битказилди (арх. Г. Александрович, Г. Масягин; муҳандислар С. Беркович, Р. Муфтахов). Цирк биноси икки қисмдан иборат: томоша зали ҳамда унинг атрофида жойлашган вестибюль, фойе, гардероб, буфетлар ва хизмат хоналари. Бино ечимида анъанавий устун — тўсинли устун ўрнига ҳошия — ҳалқали қурилма услубининг қўлланилиши фойени устунлардан холи килишга ва томошабинлар учун қулай шароит яратилишига имкон берди. Шу билан бирга фойе икки хил баландликда қурилган; юқоридагиси 7 метрли ҳалқа консоль ёрдамида тўла айлана ҳосил қилиб, катта буфет билан бирлаштирилган. У серҳашам зинапоялар орқали пастки сатҳи билан туташтирилган. Фойе интерьерлари цирк санъати мавзуига оид ёрқин нур таратувчи рангли витраж безаклар ёрдамида вазмин оқиш тус кўринишига эга. Фойе, залга кириладиган йўлакчалар миллий анъанавий ганч ўймакорлиги, эшиклар ёғоч ўймакорлиги услубида ишланган.
Пўлат Тошканбоев.