ТОШКЕНТ ҚЎЗҒОЛОНИ (1847) Тошкент аҳолисининг Қўқон хонининг ноиби Азиз Парвоначи зулмига карши кўтарган қўзғолони. Қўзғолонга ноибиланинг Тошкент ва унга тобе ерлар аҳолисидан урушлар натижасида бўшаб қолган хазинани тўлдириш учун қўшимча 4 минг тилла солиқ йиғиш тўғрисидаги фармойиши сабаб бўлган. Қўзғолон шаҳарнинг Парчабоф ва Сағбон маҳаллаларида рамазон ойининг жумага ўтар кечаси бошланиб, сўнг бошқа маҳаллаларга тарқалган, оммавий тус олган. Кўчалар ғовлар билан тўсилган. Қўзғолончилар қаттиқ қаршилик кўрсатганлар, хонлик лашкарлари уларга тўп ва милтиқлардан ўт очганлар. Қўзғолонда ҳунармандлар, майда савдогарлар, камбағаллар иштирок этган. Шойи тўқиш устахонасининг эгаси Муҳаммад Юсуфҳожи (Маюсуф) қўзғолон раҳбарларидан бири бўлган. Қўзғолончилар Азиз Парвоначини ҳокимиятдан четлатиш, ортиқча соликларни бекор қилишга эришганлар. Тошкент ш. ва унинг атрофидаги ерлар аҳолисига соликлар борасида ўтказилган жабрзулмлар, бунга қарши кўтарилган қўзғолонлар Муҳаммад Солиҳнинг «Тарихи жадидаи Тошканд» асарида батафсил ёритилган.