ВАҚТ АЙЛАНИШИ, вақт инверсияси — назарий ҳисобларда вақт ишорасининг ўзгариши. Классик механика ёки квант механикада объектнинг сўнгги ҳолатига қараб дастлабки ҳолати И. Ньютон ёки Э. Шрёдингер дифференциал тенгламаларидан аниқланади. Физик ҳодисалар ўзгаришини ифодаловчи формулаларда манфий ишорали вақт иштирок қилиши мумкин, бундай формулалардан фойдаланиб тескари йўналишдаги вақт ҳисоблаб чиқилади. Вақт айланиши тушунчаси элементар зарралар назариясида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Назарий ҳисобларда тўғри ва тескари йўналишлардаги вақт ўтиши ҳақида гапирилсада, ҳақиқий моддий жараёнларда вақт фақат бир томонга қараб ўтади, яъни ўтмишдан келажакка йўналади. Жисмлар ҳолатининг ўзгариши, радиоактив моддаларнинг емирилиши, организмларнинг ҳаёт жараёни ва ш. к. табиат ҳодисалари вақгнинг қайтарилмаслигини, унинг фақат бир томонлама ўзгаришини кўрсатувчи далиллардир. Вақтнинг қайтарилмаслиги материянинг яшаш шакллари бўлган фазо ва вақт орасидаги муҳим тафовутлардан биридир.