ВАҚТ ХИЗМАТИ — 1) вақтни аниқлаш ва «сақлаш» ҳамда уни аниқ вақт радиосигналлари ёрдамида узатиш ва қабул қилишга доир уйғунлашган ишлар мажмуи. Аниқ вақт юлдузларни кузатиш орқали ва б. усуллар билан аниқланади. Уни астрономик соат ва б. вакт эталонлари ёрдамида «сақланади». В. х. астрометрия тадқиқотлари жумласига киради; 2) вақтни аниқлаш, уни аниқ юрадиган соатлар ёрдамида «сақлаш», вақт радиосигналлари ёрдамида узатиш ва қабул қилиш каби ишлар билан шуғулланадиган астрономик муассаса. Астрономик кузатишлар ёрдамида аниқ вақтни топиш — ёритқичлар, мас., юлдузларнинг меридиандан ўтиш (кульминация) пайтида соат тўғриламасини аниқлашдан иборат. Соат тўғриламаси етарлича аниқ бўлиши учун, одатда, 10—12 юлдуз кузатилади. Вақт хизмати асосан меридианга ўрнатилган пассаж асбоблар билан таъминланади. Баъзан, фотографик зенит трубадан ҳам фойдаланилади. Ҳозир фотоэлектрик пассаж асбоби кўп қўлланилади. Ҳар суткада топилган соат тўғриламаларининг фарқи олиниб, соатнинг суткали юриши (илгарилаши ёки орқада қолиши) топилади. Астрономик соатнинг суткали юришига асосланиб, астрономик кузатишлар ўтказилмаган пайтлар учун ҳам аниқ вақтни ҳисоблаб топиш мумкин. Бундай пайтларда вақт жуда аниқ юрадиган бир нечта астрономик соат ёрдамида аниқланади ва «сақланади». Бунда маятникли соатлар, кварц соатлар, атом соатлардан фойдаланилади. Вақт хизмати ҳар куннинг маълум соатларида радио орқали аниқ вақт сигналларини бериб турадиган стялар кўп. Ер юзидаги Вақт хизмати ишларини Париждаги Халқаро вақт бюроси бошқариб туради.