ВЕГЕТАТИВ КЎПАЙИШ — вегетатив органлар ёки уларнинг бир қисмидан янги организм пайдо бўлиши; кўп ҳужайралилар учун хос. Вегетатив кўпайишда ҳам бир ҳужайралиларнинг жинсий кўпайиши сингари клонлар — генетик жиҳатдан бир хиддаги индивидлар гуруҳи вужудга келади.
1. Ўсимликларда Вегетатив кўпайиш таллом ихтисослашмаган қисмининг ажралиши (кўпчилик сув ўтлари ва юксак замбуруғлар) ёки талломдан ихтисослашган қисмлар ажралиши (харасимон сув ўтларида туганаклар, сфацеллярия сув ўтида бачки куртаклар, лишайникларда соредиялар ва изидиялар, замбуруғларда споралар) орқали кўпайишдир. Юксак ўсимликларда Вегетатив кўпайиш регенерация қобилиятидан, мохсимонларда эса она организмнинг бир неча бўлакка бўлинишидан иборат. Плаунлар, очиқ уруғли ёки гулли ўсимликларда Вегетатив кўпайиш ер устки ўрмаловчи ёки ётиб ўсувчи поя қисмининг бир бўлаги ҳисобига амалга ошади. Ихтисослашган Вегетатив кўпайиш ривожланаёттан ёш организмлар ва уларнинг бошланғичи (тушиб кетадиган куртаклар, барг ёки илдиздаги қўшимча куртаклар), новдадан ҳосил бўладиган ихтисослашган қисмлар (туганак, пиёзбоши, бачки илдизлар) орқали содир бўлади. Вегетатив кўпайиш ҳар йили ёки икки йилда бир марта, кўп йиллик ўсимликларда эса бир неча йилда бир марта рўй беради. Вегетатив кўпайиш вегетатив орган ҳужайраларининг кўпайиб кетиши ва пайдо бўладиган янги индивидларнинг янги майдонни эгаллашидан иборат. Вегетатив кўпайиш хилига қараб ҳосил бўладиган ҳар хил типдаги клонлардан ўсимликлар селекциясида фойдаланилади.
2. Ҳайвонларда Вегетатив кўпайиш бўлиниш (тана бир қисмининг ажралиб чиқиб янги организм ҳосил қилиши) ёки куртакланиш орқали содир бўлади. Кўп ҳужайралилар орасида Вегетатив кўпайиш говактанлилар, бўшлиқичлилар, ясси чувалчанглар, мшанкалар ва айрим ҳалқали чувалчангларда; хордалилар орасида қобиқлиларда учрайди.